Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:18

Жамшид Мухторов қамоқхона шароитидан норози


Жамшид Мухторов Америкада юк машинаси ҳайдаган.
Жамшид Мухторов Америкада юк машинаси ҳайдаган.

Террор гуруҳини қўллаганликда айбланиб АҚШ ҳибсхонасида сақланаëтган ўзбекистонлик қочқин Жамшид Мухторов ўз норозилигини ифодалаш учун сиëсий очлик эълон қилганини билдирган.

Қамоқдан қўнғироқ

Халқаро террорчи ташкилотга кўмак берганлик айби билан АҚШда судланаётган ўзбек қочқини Жамшид Мухторов ўзи сақланаëтган ҳибсхонада 8 майдан бошлаб очлик эълон қилди¸ деб хабар берди Озодликка бу гапни унинг ўзидан эшитган ўзбекистонлик мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров.

Аëн бўлишича¸ Денвер федерал қамоқхонасида ҳибсда сақланаётган 41 ёшли Жамшид Мухторов ўзининг очлик қилаëтгани ҳақида Канадада истиқомат қилувчи Улуғбек Ҳайдаров билан телефон суҳбати асносида айтган.

Озодлик билан суҳбатда Улуғбек Ҳайдаров АҚШда истиқомат қилаëтган Жамшид Мухторовнинг укаси Асилбек воситасида қамоқхона билан алоқа боғлаганини билдирди.

Улуғбек Ҳайдаровнинг Озодликка айтишича¸ телефондаги ярим соатлик суҳбат чоғида Жамшид Мухторов тергов ва маҳкаманинг адолатсизлигига қарши очлик эълон қилганини халқаро ташкилотларга етказиб қўйишни сўраган.

- Асосий гап шуки, у “Улуғбек ака, мен сизни қидирганим сабаби шуки, ўша гапни ҳамма оммавий ахборот воситаларига тарқатинг. Amnesty International, Human Rights Watchларга етказингки, мен очлик эълон қилдим. 8 май оқшомидан бошлаб ҳеч нарса еганим йўқ” деди.

Канадада истиқомат қиладиган мустақил ўзбек журналисти Улуғбек Ҳайдаров xалқаро террорчи ташкилотга кўмак берганлик айби билан АҚШда судланаётган ўзбек қочқини Жамшид Мухторов билан Ўзбекистонда яшаганида таниш бўлган.


Руҳий босим ва чўчқа гўшти

8 май куни Улуғбек Ҳайдаров кўчада кетаëтганида қўл телефони жиринглаган. Телефонда Жамшид Мухторовнинг укаси Асилбек¸ ҳозир сизни акамга улайман деганида Улуғбек ҳайрон қолди:

- Қамоқхона билан гаплашса бўлар экана¸ деб ҳайрон қолдим. Укасига телефон қилган. Укаси бизни улади. Шунақа қилиб гаплашиб қолдик. Мен очлик эълон қилаяпман¸ деб сабабларини айтиб берди. Нима сабаблар экан, десам, “Булар жуда руҳий босим ўтказишаяпти менга. Оилам билан кўриштиришмайди. 8-куни кўришдик. 30 минутнинг ўрнига 17 минут кўришдим. Кейин узиб ташлаб сабабини ҳам айтишмади” дейди. Денвердаги қамоқхонага келган пайтидаги қийинчиликларини айтиб берди¸ дейди Улуғбек Ҳайдаров.

Унга кўра¸ Жамшид Мухторов АҚШ қамоқхонасида бериладиган овқатларга ҳам эътироз билдирган:

- Овқат масаласи айниқса. Бу мусулмон овқатни талаб қилган. Бошида унга чўчқа гўшти беришган. Бу “Мен мусулмонман. Менга бошқа овқат беринглар” деса, “Биз сендан динингни сўраëтганимиз йўқ. Шу овқатни ейсан” деган. Бир ойдан ортиқроқ фақат сув ва нон едим¸ дейди.

Ҳайдаров билан суҳбат сўнгида Мухторов ўзининг айбсиз эканлигини таъкидлаган.

Жамшид Мухторов устидан сўнгги маҳкама апрел охирида бўлган. Бу маҳкамада Мухторовнинг гаров эвазига вақтинча озод қилиниши масаласи ҳакам тарафидан рад қилинган.

Суд мажлисида терговчилар ҳакамдан 4 ой қўшимча вақт сўрашгани билдирилди. Ҳакамнинг эса Жамшид Мухторов ишини якунлаш учун 3 ой қўшимча муддат бергани айтилди.


Изқуварлар иддаоси

2007 йилда АҚШда бошпана топиб, Колорадо штатининг Аврора шаҳарчасида яшаб келган 35 яшар Мухторов АҚШ Давлат департаменти террорчи ташкилот деб тан олган Исломий жиҳод иттифоқига моддий ёрдам кўрсатишга уринганликда айбланмоқда.

Жамшид Мухторов 21 январ куни Чикагонинг О'Ҳара халқаро аэропортида Истанбулга кетаётган маҳал ҳибсга олинди.

Аввалги маҳкамаларда Жамшид Мухторов ўзига қўйилган айловни қатъиян рад этган. Мухторов ўзи ва оиласини зўрға боқаётган бир пайтда қандай қилиб терроризмни қўллаши мумкинлигини айтган.

Жамшид Мухторов ишини кўриб чиқаётган Колорадо штати Адлия бошқармаси вакили Жэфф Доршнернинг Озодликка айтишича, қўлга киритилган далиллар ўзбек қочқинининг террорчи гуруҳлар билан алоқаси бўлганини кўрсатган.

Ҳозирда Мухторов Энглвуд шаҳарчасидаги тергов изоляторида террорчиликка гумон қилинаётган шахс сифатида алоҳида камерада ҳибсда ушлаб турилибди.

Жамшид Мухторовни таниган ўзбекистонликлар унинг Қўшма Штатларда бошпана олгунга қадар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлганини айтишади.
Жамшид Мухторов ҳибсга олингунга қадар рафиқаси ва қизи билан Денвер шаҳри яқинидаги Аврора минтақасида яшаган ва юк машинаси ҳайдовчиси бўлган.

Айби исботлангани тақдирда Мухторов камида 15 йилга қамалиши мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:04 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG