Линклар

Супержет-100 қулаган жойдан жасадлар топилди


Сухой Супержет-100 Жакарта аэропортидан кўтарилгач, 21 дақиқа учиб, радарлардан йўқолди.

Сухой Супержет-100 Жакарта аэропортидан кўтарилгач, 21 дақиқа учиб, радарлардан йўқолди.

Қутқарувчилар Сухой Супержет-100 самолёти қолдиқларини топиш учун бир кун сарфлади. Пайшанба куни учқич қолдиқлари Индонезия ғарбидаги Салак тоғи қоясида топилди.

Индонезия фавқулодда вазиятлар агентлиги вакили Гагаҳ Пракосо пайшанба куни ҳалокат жойида жасадлар топилганини маълум қилди. Об-ҳаво ёмонлиги боис жасадларни вертолёт воситасида эвакуация қилиш ишлари қийинлашган, дея қўшимча қилди у.

Айни пайтда Россия тергов қўмитаси самолёт ва унинг экипажи Осиё бўйлаб сафарга чиқишидан аввал тегишли тарзда текширувдан ўтганини тергов қилишини эълон қилди.

Россия тергов қўмитаси матбуот вакили Владимир Маркин жумладан бундай деди:

- Мазкур жиноий иш доирасида терговчилар самолёт экипажининг парвоз учун тайёргарлиги ва самолётнинг Россиядан учиб кетишдан аввалги техник ҳолати текширади, деди Владимир Маркин.
Тергов қўмитаси Жакартада самолётга хизмат кўрсатган техникларни сўроқ қилиш учун Индонезияга ўз терговчиларини юбориши мумкинлигини ҳам айтмоқда.

Самолёт бортида 45 киши, жумладан Индонезиянинг 33 фуқароси, Россиянинг саккиз фуқароси, икки нафар Италия фуқароси, биттадан Франция ва АҚШ фуқаролари бўлган.

Айтилишича, йўловчиларнинг кўпчилиги реклама тури доирасида Осиё мамлакатларини айланиб юрган Сухой Супержет-100 йўловчи учқичини сотиб олишга қизиқиш билдирган ширкатлар вакиллари бўлган.



Самолёт Жакарта аэропортидан кўтарилиб, 21 дақиқа учгач, ҳалокатга учраган. Ҳозирча ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.

Индонезия Президенти Сусило Бамбанг Юдхоёно пайшанба куни эрталаб ўтказилган матбуот анжуманида буларни маълум қилди:

- Самолёт Салак тоғи қирғоғида ҳалокатга учраган. Мен воқеа жойидаги зобит билан шахсан гаплашдим, учқич тахмин қилинган жойдан бир ярим километрча нарироқда топилган. Воқеа юзасидан дарҳол батафсил тергов ўтказилиши керак. Қидирув-қутқарув ишларида биринчи вазифа одамларни топиш бўлиши керак.

Пайшанба куни қидирув ишлари учун ҳалокат рўй берган ҳудудга мингдан ортиқ қутқарувчи ташлангани айтилди.


Россиянинг Сухой номидаги корхонаси фуқаровий авиация бўлимида 2008 йилда ишлаб чиқилган йўловчи самолёт Осиё мамлакатлари бўйлаб реклама турини амалга ошираётган бўлган. Индонезияга келишдан аввал у Қозоғистон, Покистон ва Мьянмада тўхтаб ўтган.

Самолёт 21 дақиқа учгач, хабарларга кўра, экипаж аъзолари йўналишни ўзгартирган ва парвоз баландлигини 1800 метрга туширишга рухсат сўраган.

Расмийларнинг айтишича, шундан кейин учқич радарлардан йўқолган. Лекин пилотларнинг бирор техник носозлик ҳақида хабар қилмагани айтилмоқда.

Терговчилар экипаж аъзолари ва диспетчерлар ўртасидаги суҳбатлар ёзилган тасмаларни текширмоқда.

Юз йўловчи учун мўлжалланган Супержет-100 Россиянинг фуқаровий авиация секторини ривожлантириш уринишларининг асосий лойиҳасидир. Бу самолёт биринчи марта 2008 йилда тақдим қилинган ва 2011 йилда рейсга қўйилган. Ҳозирда Супержет-100 русумидаги саккизта самолёт қурилган.

Айтилишича, Сухой номидаги корхона ҳозирда 170 та самолётга буюртма олган ва жами мингта учқич ясашга умид қилмоқда. Ўтган йилнинг августида Индонезиянинг Sky Aviation ширкати 12 та самолётни сотиб олишга қизиқиш билдирган эди.
XS
SM
MD
LG