Линклар

Тожикистоннинг давлатга қарашли ТАЛКО алюминий заводи жорий йилнинг дастлабки 4 ойи мобайнида ишлаб чиқаришнинг қарийб 12 фоизга қисқарганини эълон қилди.

Шунга қарамай завод маъмурияти¸ ТАЛКО фаолияти учун зарур бўлган Ўзбекистондан келадиган табиий газ таъминотида йил охирига қадар узилиш бўлмаслиги ва 2012 йилни яхшироқ натижа билан якунлашга умид қилмоқда.

ТАЛКО расмийсининг Reuters мухбирига билдиришича¸ ширкат 2012 йилнинг январ-апрел ойлари давомида 97,863 тонна алюминий ишлаб чиқарган ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11¸6 фоизга камдир.

Ишлаб чиқариш камайишининг асосий сабаби сифатида ўтган йил охирида якунланган модернизация дастури ва Ўзбекистон ҳукуматининг йил бошида Тожикистонга газ узатишни 15 кунга тўхтатиб қўйгани келтирилмоқда.

ТАЛКО йил давомида 332,500 тонна метал ишлаб чиқаришга қаратилган йиллик режасини амалга оширишга умид қилмоқда.

2011 йилда ТАЛКО ишлаб чиқарган алюминий ҳажми 2010 йилга нисбатан 20 фоизга камайиб¸ 277¸584 тоннани ташкил этган эди.

2012 йилнинг биринчи уч ойида ТАЛКО да ишлаб чиқарилган алюминий Тожикистон экспортининг 45.1фоизини ташкил этди.

Сурхондарë вилоятига туташ ҳудудда жойлашган бу заводдан атроф-муҳитга чиқаëтган заҳарли газ Тошкент ҳукуматининг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда.

10 май куни Ўзбекистон Экологик ҳаракати ТАЛКО раҳбариятидан атроф-муҳит ва ўзбекистонликлар саломатлигига етказилган зарарни қоплаш учун 450 миллион АҚШ доллари миқдорида товон пули талаб қилди.
XS
SM
MD
LG