Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:25

Save the Children: ўзбек болаларининг бешдан бири етарли овқат емайди


Save the Children ташкилоти ўзбек болаларининг 20 фоизи етарли овқат емаяпти деб ҳисоблайди.
Save the Children ташкилоти ўзбек болаларининг 20 фоизи етарли овқат емаяпти деб ҳисоблайди.

Британияда чиқадиган Economist журнали Save the Children ташкилоти эълон қилган ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмини шубҳа остига олмоқда. Хайрия нодавлат ташкилоти “Дунё оналари аҳволи” номли йиллик ҳисоботида Марказий Осиёнинг уч мамлакати – Ўзбекистон, Туркманистон ва Қирғизистонда ёш болаларнинг етарли овқат емаслигига оид муаммо анча яхшилангани айтилади. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассиси халқаро ташкилот фикрларини қўллаб-қувватлаган бўлса, айрим ўзбекистонликлар Economist журнали шубҳаларига қўшилмоқда.

Save the Children – "Болаларни қутқаринг" ташкилоти “Дунё оналари аҳволи” номли ҳисоботни ҳар йили эълон қилади. 2012 йилги ҳисоботда айтилишича, болаларнинг етарли овқат емаслигига билан боғлиқ муаммони ҳал этишда жиддий ютуқларга эришган 15 мамлакат орасида Ўзбекистон етакчилик қилмоқда.

Save the Children ташкилотига кўра, Ўзбекистонда сўнгги 20 йил ичида тўйиб овқат емаëтган болалар сони қарийб 7 фоизга камайган. Ҳисоботда бу муаммо Ўзбекистонда ҳамон долзарб бўлиб қолаётгани қайд этилган бўлса-да, Британияда чиқадиган нуфузли Economist журнали Марказий Осиёнинг уч мамлакати - Ўзбекистон, Туркманистон ва Қирғизистоннинг ютуқларга эришаётган 15 давлат сирасига киритилганини “қалбаки статистика”, дея атайди.

“Ўз сиёсий рақибларини қамаётган ахлоқсиз диктаторлик давлати” бўлган Ўзбекистонга оид бундай маълумотлар, дея ёзади Economist, шубҳали тарзда, доимий қўрқув остида яшаётган аҳоли орасида ўтказиладиган сўровларга асослангандир ва шунинг учун ишончли эмас.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мазкур соҳа бўйича мутахассиси, Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда, Ўзбекистонда болаларнинг етарли овқат емаслигига оид муаммо долзарб бўлиб қолаётганини эътироф этган ҳолда, Economist журнали баён қилган таъкидларни инкор қилади.

“Етарли овқат емаслик икки тоифага бўлинади, биринчиси ўткир овқат етишмаслиги, яъни оддий қилиб айтганда очилик, бу муаммодан азият чекаётганлар бизда 5 фоизга ҳам бормайди. Иккинчиси, сурункали тарзда етарли овқат емаслик муаммоси, бу организмга баъзи озуқа моддаларининг етарли равишда тушмаслигини англатади, лекин бу ҳолат ҳам бизда 20 фоизга етмайди”, дейди мутахассис.

Унинг айтишича, бу маълумотлар мустақил ташкилотлар томонидан ўтказилган тадқиқотларга асосланган бўлиб, уларга ишонса бўлади.

“Мутахассис сифатида ҳам, 90-йиллар ўрталаридан бери вазият яхши томонга ўзгарганини айтишим мумкин”, дея қўшимча қилди суҳбатдошимиз.

“Қўлида бир неча юз саҳифали саволнома кўтарган мутлақ нотаниш одам ўзбек ёки туркман қишлоғида уйма-уй юриб, оила ҳаётига оид саволларни берса, қўрқув остида яшаётган қишлоқликлар махфий хизмат сўров ўтказмоқда, дея хулоса қилиб ўша эски ёлғон жавобларни бериши ажабмас”, дея ёзади яна Economist.

Озодлик билан гаплашган оддий ўзбекистонликлардан бири инглиз нашрининг бу шубҳаларида жон бер дейди. Икки фарзанд отаси Ҳайдар ака Қашқадарё вилояти қишлоқларидан бирида яшайди.

- Энди ака бу жуда кулгили саволда. Бу очиқ-ойдин, маълум нарсаку. Керак бўлса, мен шундай айтай: ўртача ҳол у ëқда турсин шундай оилалар бор бизда, қайнатилган сувга соладиган қуруқ чойигача йўқ. Шундай оилаларни кўзим билан кўриб турибман мен. Сувга соладиган қуруқ чойи йўқ. Шахсан ўзим уч ойдан бери гўшт егим келади, лекин гўшт олишга пулим йўқ. Гўштсиз овқат қилаяпман энди. Ҳар куни кечга бўлаяпти у ëқ бу ëқли, лекин ўша нарсани олишга пул йўқ, дейди 46 ёшли Ҳайдар ака.

Болалар қандай овқат еяётганига суҳбатдошимиз етти яшар ўғлининг кунлик рационини мисол қилади:

- Нонуштага, энди болада, боланинг кўнглини қолдирмай деб туриб ширинлик, озроқ шакар, чой. Шу билан мактабга кетади. Яна сумкасига бир-икки тўғрам нон солиб юборамиз. Чунки болада, оч қолади деймиз, бошқа деймиз, дейди қашқадарёлик Ҳайдар ака.

Save the Children ҳисоботида вазият яхшиланган бўлса-да, бу муаммо долзарб бўлиб қолаётгани қайд этилади. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, ўзбекистонлик болаларнинг 20 фоизи кундалик равишда етарли овқат емайди.

Economist журнали эса, ҳисоботдаги маълумотлар, умумиятла, “қалбаки” бўлса, бу мамлакатларда тўйиб овқат емаëтган болалар сони бунданда кўпроқ бўлиши мумкин, дея хулоса қилади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:48 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG