Линклар

Россияда Путиннинг ҳокимиятга қайтишига қарши тинч намойишга чиққанларнинг полиция томонидан таҳқирланганини исботловчи видеоҳужжатлар кўпайиб бормоқда. Жамоатчиликни жунбушга солаëтган бундай қонунсизлик ҳуқуқ идораларини зўравонлик юзасидан тергов бошлашга мажбур қилмоқда.

Тергов қўмитаси тергов бошлади

Россия Тергов қўмитаси Владимир Путиннинг учинчи марта президентликка келишига қарши уюштирилган норозилик намойишида қатнашган аëлнинг калтакланиши юзасидан жиноий иш очилганини эълон қилди.



Намойишчи аëлнинг полициячилар томонидан судралиб¸ улардан бири томонидан бор кучи билан қорнига тепилгани акс этган видеотасвир Интернетга қўйилгач¸ жамоатчилик ғазабини қўзғади ва Россия Тергов қўмитасини бу ноқонуний ҳаракат юзасидан текширув бошлашга мажбур қилди.

- "Миллионлар марши" қатнашчисининг полиция ходими томонидан калтакланиши юзасидан Россия Жиноят Кодексининг куч қўллаш ваколатларини оширишга оид 286-моддаси асосида жиноий иш очилди.

Ҳозирда воқеа гувоҳлари¸ Интернетга қўйилган видео муаллифлари ва ëш аëлга нисбатан куч ишлатган полиция ходимлари шахсини аниқлаш юзасидан тегишли иш бормоқда¸ деди Россия Тергов қўмитаси матбуот котиби Владимир Маркин.

Қўмита расмийлари таъкидича¸ жума куннинг иккинчи ярмига қадар калтакланган аëл ва унга зўравонлик қилганлар шахси аниқланмаган.

Пайшанба куни мазкур видеони ўз сайтига қўйган Россия Коммунистлар партиясининг парламентдаги депутатлари мазкур зўравонлик юзасидан махсус текширув ўтказилишини талаб қилмоқда.

Калтакланганлар сони юзларча...

Намойишчи қизнинг забардаст полициячи томонидан тепилгани воқеасининг 6 май куни Москвада аксилпутинчилар томонидан уюштирилган “Миллионлар марши” чоғида юз бергани айтилмоқда.

Путиннинг Россия президенти сифатида учинчи бор қасамëдга келтирилиши арафасида ўтказилган бу марш ташкилотчилари¸ шунингдек унда қатнашган юзлаб мухолифатчи ҳисбга олинди.

Улар орасида бўлган норозилик тадбири ташкилотчиларидан бири¸ Халқ озодлиги партияси раисдоши Борис Немцов Озодлик билан суҳбатда 6-7 май кунлари Россия полициясининг мамлакат конституциясини очиқчасига топтаганини билдирди:

- 7 май¸ Путин инаугурацияси кунида¸ Москва кўчалари¸ гўë атом бомбаси портлатилган каби¸ ҳувиллаб қолди. Шаҳарда фақат автоқамоқ ва полициячилар қолди.

Янги Арбат ëнидаги кафеда ўтириш ҳам жиноятга чиқарилди. Шахсан мени “Жан-Жак” кафесига ëпирилиб қилган полициячилар дубинкалар билан урди¸ кийимларимни йиртди.

Путин ўзининг нафақат шавқатсиз¸ циник ва ëлғончи эканини¸ балки қўрқоқлигини ҳам кўрсатди. Ўз халқидан бекиниб¸ машинаси ўтадиган йўлни мутлақ тозалатадиган одам бориб турган қўрқоқдир, деди Озодлик билан суҳбатда Борис Немцов.

Аксилпутинчилар норозилик тадбирлари фаолларидан бўлган Алексей Навальний ва Сергей Удальцовларга 9 май куни маҳкама қарори билан 15 суткалик қамоқ жазоси тайин этилди.


Абай - Россия мухолифати рамзига айланмоқда

Айни пайтда Россия мухолифати норозилик тадбирларини давом эттирмоқда.

19-асрда яшаб ўтган қозоқ шоири Абай ҳайкали ўрнатилган майдон норозиларнинг янги марказига айланмоқда.

Аксар россияликлар кимлигини ҳам билмайдиган Абай номи бугун аксилпутинчилар учун намойишга чақириқ бўлиб янграмоқда – ҳозирда оқ байроқ ушлаган норозилар Абай ҳайкали олдида тўпланмоқдалар.



Москва намойишларида қатнашиш учун Уфадан Москвага келган Темур Хорев¸ Абай номининг демократик руҳдаги россияликлар учун ўзига хос рамзга айланаëтганини айтади.

- Қозоқ шоирининг Россия мухолифати рамзига айланиши мутлақ кутилмаган воқеа. Мухолифат фаолларининг Абай ҳайкали олдида тўпланиши сабаби омончиларнинг бизни шу ергача қувиб келганидир. 9 майдан бери мухолифат Абай ҳайкали олдида йиғилмоқда ва Интернет¸ ижтимоий сайтларда кутилмаганда Абай деган сўз мухолифат эпицентрини англатувчи сўзга айланди¸ дейди аксилпутинчилардан бири Озодлик мухбирига.

9 майдан бошлаб Россия блоггерлари “Абайни ишғол қил!” деган чақириқни ўртага ташламоқда ва норозиларни Абай майдонига келиб ўтиришга чақирмоқда.
XS
SM
MD
LG