Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:47

Андижонда аслида нима бўлган эди?


Андижон, 2005 йил 14 май.
Андижон, 2005 йил 14 май.

Андижон воқеалари ҳақида ёзилган юзлаб саҳифалик ҳисоботлар, воқеа гувоҳлари, журналистлар ва таҳлилчилар фақатгина воқеанинг эҳтимолий версияларини илгари суради.

Хориж кузатувчилари Андижондаги исëн вилоят судида диний экстремизмда “Акромийлар” дея айбланган 23 тадбиркор устидан кечган суд жараёни натижалари боис чиққанини айтишади.

Андижон миқёсида анча муваффақиятли бизнесни ташкиллаштира олган ва пировардида қамалган бу тадбиркорларни “акрамийлар”, деб аташади.

Андижон фожеасидан бир кун аввал вилоят суди олдида "акрамийлар" уюштирган намойишни кузатган “Би-Би-Си” мухбири Моника Уитлок уларнинг ташкилотчилик қобилиятини алоҳида қайд этган эди.

Акром Йўлдошев тарафдорлари ўз сафдошларини қутқариш учун 13 май куни кечаси аввал пост–патрул хизмати штабига, сўнг 34-ҳарбий горнизонга ва ниҳоят Андижон қамоқхонасига ҳужум қилиб, маҳбусларни озод қилиб юборгани расмий хабарда айтилди.

Қуролли исëн ташкилотчиларидан бири Шарифжон Шокиров 2005 йил 13 май куни Озодлик билан суҳбатда бунга аниқлик киритган эди:

- Кеча кечқурун бошланди. Халқ қўллагани учун биз кўтарилдик. Гарнизонга кириб қуролни олдик. Қурол бизга бировга ҳужум қилиш ëки ўлдириш учун эмас, ўзимизни ҳимоя қилиш учун керак эди. Бизга бошқа нарса керакмас. Биз ўзимизга нисбатан адолатли ҳукм бўлишини талаб қиляпмиз, холос. Шуни яхшилик билан тушунмади булар. Ўзимизни ҳимоя қилишимиз учун куч керак бизга.

Шарифжон Шокиров вилоят биноси ишғол қилинган пайтда ўлдирилган.

Андижондаги қонли воқеаларга гувоҳ бўлган оз сонли журналистлардан бири - “Рейтер” ахборот агентлиги мухбири Шамил Байгин ўз кўрганларини ҳукумат кучларининг таназзулга юз тутган можароли вазиятни ҳал этиш амалиёти, деб изоҳлаган эди.

Андижон воқеасига Европанинг ўзгарувчан муносабати

2005 йилнинг 13 май куни Андижонда намойишчиларнинг ҳукумат қўшинлари томонидан ëппасига ўққа тутилишидан саноқли кунлар ўтиб Европа Иттифоқи мазкур воқеалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш талабини ўртага қўйган эди. Ўзбекистон ҳукумати бу талабни рад қилгач, иттифоққа аъзо давлатлар Ўзбекистон ҳукуматига қарши санкциялар жорий қилишга мажбур бўлди.

2005 йил ноябрида Андижон воқеалари бўйича мустақил халқаро текширув талаби қондирилмагунча санкциялар амал қилишини эълон қилган ЕИ 2009 йил кузига келиб, ўз талаби Тошкент томонидан мутлақ писанд қилинмаганига қарамай, бу санкцияларни яна ўзи бутунлай бекор қилди.

Геосиëсий манфаатлар, биринчи навбатда эса Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш ва иттифоққа газ олиб келиш йўлларини кенгайтириш зарурати остида қолган ЕИнинг Марказий Осиëдаги мустабид режимлар билан ишлар экан, оғир жумбоққа дуч келганини айтишади таҳлилчилар. Ҳуқуқ фаоллари ана шу оғир вазиятда инсон ҳақларининг геосиëсий манфаатларга қурбон берилганини танқид қилиб келмоқдалар.

Халқаро Амнистия вакили Мейси Уайшердинг қисқа муддатли иқтисодий ва хавфсизлик манфаатлари йўлида инсон ҳақларини беэътибор қолдириш, узоқ муддатда ҳам иқтисодий ҳамкорлик, ҳам хавфсизлик учун зиëнли эканини таъкидлаган эди.
XS
SM
MD
LG