Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:08

Иш жойларида бахтсиз ҳодисалар кўпаймоқда


Маълумотларга кўра, оғир саноат корхоналари, нефть-газ, кончилик тизимида ишчиларнинг майиб бўлиши, вафот этиши бошқа соҳаларга солиштирганда кўпроқ кузатилади.
Маълумотларга кўра, оғир саноат корхоналари, нефть-газ, кончилик тизимида ишчиларнинг майиб бўлиши, вафот этиши бошқа соҳаларга солиштирганда кўпроқ кузатилади.

Меҳнат муҳофазасига тўғри ташкил қилинмагани сабабли Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш корхоналарида бахтсиз ҳодисалар сони ошиб бораётибди.

Республика Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги меҳнатни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нозима Сулаймонова маҳаллий матбуотга маълум қилишича, 2012 йил 1-чорагида мамлакатда 112 та бахтсиз ҳодиса рўй берган.

Вазирлик расмийсига кўра, ҳудудларда, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Навоий вилоятларида бахтсиз ҳодисалар сони ортган.

Қайд этилишича, жорий йил биринчи чорагида мутасадди вазирлик корхона ва ташкилотларда 695 та текширув ўтказган. Натижада меҳнат муҳофазаси қоидаларини қўпол равишда бузиш, яроқсиз дастгоҳлардан фойдаланиш каби 40 мингдан зиёд қоидабузарлик аниқланган.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғига кўра, иш жойларида бахтсиз ҳодисалар кўпайишига ҳам мавжуд қоидаларга риоя этмаётган ходимлар, ҳам бу борада назоратни сустлаштирган корхоналар раҳбарияти айбдор.

“Бахтсиз ҳодисалар имкон қадар яширилади”


Таҳлилчиларга кўра, иш жойларида юз берадиган бахтсиз ҳодисалар кўп ҳолларда корхона ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан яширилади. Шунга асосланиб, бахтсиз ҳодисалар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги келтиргандан кўра кўпроқ эканини тахмин қилиш мумкин.

– Оғир саноат корхоналари, нефть-газ, кончилик тизимида ишчиларнинг майиб бўлиши, вафот этиши бошқа соҳаларга солиштирганда кўпроқ кузатилади. Очиғи, корхона ва ташкилот раҳбарлари бахтсиз ҳодисаларни имкон қадар яширишга уринади. Масалан, бирор ходим иш пайти жароҳатланса, майиб бўлиб қолса, бу ҳолатни ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган ҳолатда расмийлаштиришга ҳаракат қилишади, – дейди Тошкентдаги меҳнат муҳофазаси билан шуғулланувчи нодавлат ташкилот вакили.

Бахтсиз ҳодиса содир бўлган ҳолатларда айбни жабрланувчининг ўзига ағдариш ҳоллари ҳам мавжуд.

– Яна бир жиддий муаммо. Баъзи ҳолларда корхона ва ташкилотлар бахтсиз ҳодисага учраган ходимнинг ўзини айбдор қилиб қўяди. Ҳар бир бахтсиз ҳодиса учун жиноий иш очилади-ку, тўғрими? Жабрланувчининг ўзини айбдор қилиб кўрсатиш билан корхона раҳбарияти жавобгарликдан қутулиб қолади-да, – дейди меҳнат муҳофазаси бўйича нодавлат ташкилот ходими.

Тошкентда адвокатлик билан шуғулланувчи бошқа бир суҳбатдошимизга кўра, ишчи ва ходимлар ўз ҳуқуқларини деярли билмайди. Бу эса бахтсиз ҳодисада ишчининг ўзини айбдор қилиб қўйишда корхона раҳбарларига қўл келади.

– Бу ҳолатни "ўлганнинг устига тепган" десак, тўғри бўлади. Бошига мусибат тушиб ўзини йўқотиб қўйган ходим ҳуқуқини билмагани сабабли қўлига қандай қоғоз беришса, имзо қўйиб бераверади, – дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган тошкентлик адвокат.

“Фойда эмас, инсон қадри бирламчи бўлиши керак”


Ўзбекистонда меҳнат муҳофазаси, яъни иш пайти рўй берадиган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш тизими Меҳнат кодекси ва “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун асосида тартибга солинади.

Мазкур қонуннинг 14-моддасида ходимлар сони 50 нафардан ошган корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати тузилиши, ходимлар сони камроқ корхоналарда бу хизмат вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юкланиши лозимлиги белгилаб қўйилган. Аммо, мутахассисларга кўра, амалиётда ушбу талабга ҳар доим ҳам риоя этилмайди.

– Меҳнат муҳофазаси тизими, айниқса, пойтахтдан узоқдаги корхоналарда шунчаки расмиятчилик учун ишлайди. Касаба уюшмаси вақти-вақти билан ўтказадиган текширувларда меҳнат муҳофазасига масъул ходимлар ўз вазифаси қолиб, бутунлай бошқа иш билан шуғулланиб юргани неча маротаба аниқланган. Оддий мисол: меҳнат шароити ноқулай иш жойларида ходимларга қўшимча таътил берилиши, ходимлар махсус кийим, пойабзал, ҳар куни 0,5 литрдан сут билан таъминланиши керак. Баъзида шу элементар талаблар ҳам бажарилмайди, – дейди Тошкентдаги меҳнат муҳофазаси билан шуғулланувчи нодавлат ташкилот вакили.

Суҳбатдошимизга кўра, корхона ва ташкилотларда фойда эмас, инсонни қадрлаш бирламчи мақсад бўлиши керак.

– Яқинда интернетда ўқиб қолдим: Германияда кўча-кўйда эгасиз дайдиб юрган ит-мушукларни ўрин-жой, озиқ-овқат билан таъминлаш масаласи кўтарилибди. Қаранг, немислар тил-забони йўқ жониворларни шундай қадрлаяпти. Биз бўлса, минг афсуски, баъзида одамларимизни ҳам шунчалик қадрлай олмаймиз. Меҳнат муҳофазаси ҳақида юзта низом, ўнта қонун қабул қилиш мумкин. Лекин корхоналар фақат фойда кетидан қувиб, ишчиларга ғамхўрликни эсдан чиқараркан, улардан ҳеч қанақа наф йўқ! Ишлаб чиқариш корхоналарида даромад эмас, инсонни қадрлаш биринчи мақсад бўлиши керак! – дейди меҳнат муҳофазаси бўйича нодавлат ташкилот ходими.

Аввалроқ Озодликка Самарқанд вилоятидаги “Зармитан” олтин кони собиқ инженер-техниги ишчилар хавфсизлиги абгор аҳволга келиб қолгани сабабли икки йил ичида бир неча ишчи нобуд бўлгани ҳақида маълум қилганди.

Халқаро меҳнат ташкилоти тадқиқотига кўра, ҳар йили ишлаб чиқаришда кузатиладиган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари туфайли дунёда 2 миллион киши ҳалок бўлади. МДҲ давлатларида эса иш вақтида 600 мингдан зиёд бахтсиз ҳодиса қайд этилади.
XS
SM
MD
LG