Линклар

logo-print
АҚШ ва Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукумати билан муносабатларини қайта кўриб чиқиши ва Тошкент ҳукуматидан инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилашни талаб этмоғи керак.

Хьюман райтс уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Андижон қирғинининг етти йиллиги арафасида чиқарган баёнотида шу ҳақда таъкидлади.

“Етти йил аввалги Андижондаги қирғин юзасидан лозим даражада, халқаро эспертлар иштирокида тергов ўтказилмади, Ўзбекистон ҳукуматининг бунга ғов бўлганига қарамай ғарб ҳукуматлари халқаро жамоатчилик талабларини инкор қилган холда Тошкент ҳукуматига босимни сусайтирди, санкцияларни бекор қилди”, - дейилади ташкилот баёнотида.

2005 йилнинг 13 май куни Андижон марказида ҳукумат кучларининг тинч намойишчиларга қарата ўт очиши натижасида аёллар ва болалар дохил юзлаб кишилар қурбон бўлган эди.

Лекин, ҳодисадан деярли етти йил ўтиб воқеаларнинг кўплаб жиҳати ҳали ҳам мавҳум.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, етти йил аввал Ўзбекистон шарқидаги Андижон шаҳрида ҳукумат кучлари қуролсиз намойишчиларни ўққа тутгани, Ўзбекистон ҳукумати эса 2005 йил 13 май куни Андижонда 187 одам ҳалок бўлган ва уларнинг аксарияти экстремистлар бўлганини иддао қилиб келади.

Расмий Тошкентнинг халқаро мустақил терговга оид даъватларни рад этиши ортидан Европа Иттифоқи 2005 йилнинг октябр ойида Ўзбекистонга қурол-яроғ эмбаргоси ҳамда хунрезлик учун масъул амалдорлар учун виза чекловини ўз ичига олувчи санкцияларни жорий қилди.

Лекин, орадан тўрт йил ўтиб Андижон қирғини юзасидан мустақил тергов ўтказилиши лозимлигига оид талабларини унутган ҳолда Европа Иттифоқи ўз санкцияларини бекор қилди.

Халқаро инcон ҳуқуқлари ташкилотлари ва фаоллар ЕИ ўзининг Афғонистон ва Марказий Осиёдаги манфаатларини ҳисобга олиб, Ўзбекистонга нисбатан сиёсатида Андижон хунрезлиги, инсон ҳуқуқлари аҳволи каби масалаларни кўтармаётгани, кўтарган тақдирда ҳам айни масалани иккинчи ўринга қўяётганини танқид қилиб келади.
XS
SM
MD
LG