Линклар

logo-print
Шу йилнинг 3 май куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани суди судьяси Р. Тошпўлатов раислик қилган маҳкама Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Ўзбекистон тумани бўлими раиси Эркин Қўзиевни 3 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум қилди.

49 ёшли ҳуқуқ ҳимоячиси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми (Фирибгарлик) ва 211-моддаси 2-қисми (Пора олди-бердисида воситачилик қилиш) билан айбланган. Жазо умумий тартибдаги колонияларда ўташ белгиланган.

Қўзиев ҳозирда Фарғона шаҳридаги вақтинчалик изоляторда сақланмоқда. Бу ҳақда “Озодлик”ка ҳуқуқ ҳимоячисининг рафиқаси Марҳабо Қўзиева маълум қилди.

Эркин Қўзиевнинг қамоққа олиниши муносабати билан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти томонидан тарқатилган баёнотда ҳуқуқ ҳимоячисининг маҳаллий доирадаги коррупция билан курашиб келгани ҳамда инсон ҳуқуқлари бузилиши, болалар меҳнатига доир қатор фактларни ошкор қилгани сабабли касбий фаолиятига кўра ҳибс этилгани айтилган. Жамият юқори инстанция судларини ҳуқуқ ҳимоячисининг жиноят иши юзасидан дастлабки суд ҳукмини бекор қилиб, уни озод қилишга чақирган.

Ўзбекистон тумани ИИБ тергов бўлими томонидан қўзғатилган жиноят иши материалларига кўра, ҳуқуқ ҳимоячиси Эркин Қўзиев ва Ўзбекистон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Адҳамжон Ҳамдамов гўё 2008 йилда фуқаро Муҳаммаджон Бойматовнинг 3200 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан алдаб олишган. Кейинги йиллар давомида пулнинг муайян қисмини бермай алдаб келишган.

2012 йилнинг 2 январида М. Бойматов ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза бериб, Адҳамжон Ҳамдамовдан пулларини тилхат асосида қайтариб олган. М. Бойматовнинг Эркин Қўзиевга даъвоси йўқлигига қарамай, у қамоққа олинди, аммо туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Адҳамжон Ҳамдамовга тегишли қисм амнистия акти асосида тўхтатилган.
XS
SM
MD
LG