Линклар

Германиядаги Яшиллар партияси канцлер Ангела Меркел ҳукуматидан Ўзбекистон билан муносабатларига оид кўплаб саволларга жавоб кутмоқда.


Бундестаг депутати Виола фон Крамон Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи билан боғлиқ кўпчиликни ўйлантираётган саволлар Германия Канцлерига жўнатилгани ва жавобни Германия ҳукумати душанба куни бериши кутилаётганини айтган.

-Икки хафта олдин ҳукуматимизга Ўзбекистон билан боғлиқ сиёсати борасида бир қанча саволларни жўнатганмиз ва жавобларни душанба куни кутяпмиз. Жавоб олинганидан сўнг немис ҳукуматининг Ўзбекистон бўйича мавқэи ҳақида кўпроқ нарса айтишими мумкин бўлади, - деган Виола фон Крамон.

Ўзбекистоннинг стратегик аҳамияти ошиб бораётган бир пайтда у ердаги инсон ҳуқуқлари аҳволига Берлин ҳукумати қанчалик эътибор қаратиши кўпчиликни ўйлантираётган саволлардан.

- Хавфсизлик соҳасида Ўзбекистоннинг муҳимлиги ортиб бормоқда. Германия Мудофаа вазири яқинда бу давлатга бориб келди. Лекин ўзбек расмийлари билан сўзлашувлар чоғида у инсон ҳуқуқлари ҳақида оғиз ҳам очмаган. Ваҳоланки Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи абгорлашиб бормоқда, деди немис парламенти депутати Виола фон Крамон.

Аввалроқ матбуотда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Германия канцлери Ангела Меркел билан учрашиш ниятини изҳор қилгани, Ангела Меркел эса Каримов инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги шартларни бажармагунча, у билан учрашишга хоҳиш билдирмаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Меркел ҳукуматидан бунга ҳам аниқлик киритиш сўралган.

Виола фон Крамонга кўра, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари топталиши мудҳиш бир тарзда давом этаётган бир пайтда Германия Канцлери Каримовни қабул қила олмайди, буни тасаввур ҳам қилиш қийин.

- Ҳозир Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи абгорлигини ҳамма билади, бунақа вазиятда Меркел у одамни қабул қилмайди, - деди немис депутати.

Халқаро инcон ҳуқуқлари ташкилотлари ва фаоллар ЕИ ўзининг Афғонистон ва Марказий Осиёдаги манфаатларини ҳисобга олиб, Ўзбекистонга нисбатан сиёсатида Андижон хунрезлиги, инсон ҳуқуқлари аҳволи каби масалаларни кўтармаётгани, кўтарган тақдирда ҳам айни масалани иккинчи ўринга қўяётганини танқид қилиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG