Линклар

Валюта "қора бозор"ида рейдлар кўпайди


Ўзбекистонда АҚШ долларининг расмий курси билан "қора" курси ўртасида 1000 сўм фарқ бор.

Ўзбекистонда АҚШ долларининг расмий курси билан "қора" курси ўртасида 1000 сўм фарқ бор.

Ўзбекистон прокуратураси расмийларига кўра¸ мамлакатда ноқонуний валюта операциялари билан шуғулланувчиларга қарши кураш кучайгани оқибатида "қора бозор"нинг савдоси касод бўлган.


Прокурор ҳисоб берди

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш депаратаментининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Жанабой Шаниязовнинг “Ҳуқуқ” газетасида ёзишича “чет эл валюта қимматликларини ноқонуний муомалага киритиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш борасида кўрилган чоралар туфайли 2011 йилда 54 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, 18 та жиноят ва 36 та маъмурий ишлар қўзғатилган.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ҳуқуқбузарлардан 31 198 АҚШ доллари, 193 530 Россия рубли, 2 090 400 Қозоғистон тенгеси ва 81,7 минг Ўзбекистон сўми ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.”

Жанабой Шаниязовнинг ўзи Озодлик билан телефон суҳбатида бир йил ичида 18 тагина жиноий иш қўзғатилгани, кейинги йилларда кўрилаётган чоралар боис бу каби ҳуқуқбзарликларнинг камайиб бораётганини кўрсатади, дея таъкидлади.

- Нормалний, унақа кўп эмас. Қорақалпоғистон Республикаси бўйича валюта шаҳобчалари орқали где то 30-32 миллион олди-сотдиси бўлган бўлса қонуний, унинг ëнида улар почти мизерда. Банкдаги шаҳобчалар орқали. Мана статистикага қаранг. Жами Вестрен Юнион, почта орқали 100 миллионча кириб келган. Банкда қонуний валюта алмаштириш шаҳобчалари орқали сотилгани где то 30 миллион. Шуларнинг ëнида ноқонуний кўчада валютафурушлардан ушлангани у сиз нима деяëтганингиз. У дегани одамлар уже қонуний олди-сотди қилиб юрибди¸ дейди Ўзбекистон прокуратураси қошидаги Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш депаратаментининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Жанабой Шаниязов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳозирда фуқароларнинг ўзлари ҳам қўлидаги валютасини “қора бозордан” кўра, расмий шаҳобчалардан алмаштиришни афзал кўриб қолган.

- Шаҳобчалар орқали алмаштиради пулларини. "Қора бозор"га бориш йўқ. Якка тартибдаги тадбиркор импортëрлар чет давлатдан ун, бошқа нарсаларни импорт қилиб олиб келишга банкдан оладида, шаҳобчадан. Уларга ҳозир пластик карточкага тушириб беради. Унақа катта миқдорда нақд топиб бера олмайдида банк. Шунинг учун пластик Мастер кардларга солиб беради. Шунга бориб олиб келади. Мана даволанишга кетади бир хиллар. Унга ҳам карточкага солиб беради. Чет давлатларнинг обменний пунктларида бемалол. Мастер кард бемалол алмаштириб турибди¸ дейди прокуратура расмийси.

Шунингдек, дея қўшимча қилди Қорақалпоғистон прокуратураси расмийси¸ “бир пайтлар Нукус шаҳри бўйича бешта “қора бозор” бўлган бўлса, ҳозир битта қолган холос”.


Валютафуруш не дейди?

Бироқ валюта айирбошлашга кунда иши тушиб турадиган ўзбекистонлик тадбиркорлар орасида прокурорнинг фикрларини тасдиқлайдигани топилмади. Тошкент “қора бозор”ларидан бирида пулни пулга уриштириб тирикчилик қиладиган Феруза исмли тадбиркор аëл Озодлик мухбири билан суҳбатда бозордаги вазият бироз қийинлашганини тан олди. Лекин, дейди у, нақд сўмнинг бироз тақчиллашгани ҳисобга олинмаса, “қора” валюта операциялари одатдагидек кетмоқда.

- 100 долларни 285 мингдан оляпмиз, дейди тошкентлик валютафуруш.

Бу манбанинг айтишича, “қора бозор”га иши тушаётганларнинг кўпчиликни ташкил этишига расмий курс билан “қора” курс ўртасидаги фарқнинг катталиги¸ ҳамда давлат шаҳобчаларидан валюта сотиб олишнинг деярли имконсизлиги сабабдир.

Ўзбекистон Макразий банки 8 май куни ўрнатган давлат курсига кўра 1 АҚШ доллари 1862 сўмга тенг. “Қора бозор”да эса долларингизни 2850 сўмга сотишингиз мумкин.

Исмни айтишни истамаган фарғоналик тадбиркор қорақалпоғистонлик прокурорнинг давлат курсида валюта сотиб олиш мумкинлиги ҳақидаги гапларини қисман тасдиқлади. "Лекин буни фақатгина банкда таниши бор ёки банкнинг валюта бўлими бошлиғига гапи ўтадиганлар қила олади¸ холос", дейди у.

“Қора бозор”даги пулфурушларга қарши курашга келсак, дейди тадбиркор бу ҳаммаси хўжакўрсинга, ҳисобот учун қилинадиган ишдан бошқа нарса эмас.

- Одатдагидек, рейдлари бўлади ўзларининг. Департаментнинг рейди бўлади. Уларнинг ўзларининг информаторлари бор. Айтиб қўйишади ишламанглар деб ëки биттасини ушлаганда ҳаммаси тарқалиб қочиб кетади, дейди Озодлик билан суҳбатда фарғоналик тадбиркор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG