Линклар

logo-print

Р. Қодир: Кун тартибида уйғурлар ҳаёт-мамоти


Робия Қодир ва унинг 20 мамлакатдан келган тарафдорлари Токио шаҳрида ўтажак 5 кунлик анжуманга йиғилдилар.

Робия Қодир ва унинг 20 мамлакатдан келган тарафдорлари Токио шаҳрида ўтажак 5 кунлик анжуманга йиғилдилар.

Жаҳон уйғурлари конгресси раҳбари Робия Қодир фикрича, Хитойнинг Шинжон-уйғур мухтор ўлкасидаги унинг миллатдошлари ҳаёти мамлакат ҳукуматининг репрессив сиёсатидан келиб чиқадиган таҳдидлар остида қолмоқда.



Душанба куни Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида Робия Қодир Хитой ҳукуматини уйғурларни зўр бериб ассимиляциялаш йўлида ўзининг систематик ҳаракатларини давом эттираётганликда айблади.

Жаҳон уйғурлари конресси раҳбари Робия Қодир Токиодаги минбардан туриб, халқаро жамоатчиликни Хитой билан савдо имкониятларигагина қизиқавермай, “бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга ҳам эътибор қаратишга” чақирди.

-Биз агар илгари инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари учун курашган бўлсак, эндиликда миллатнинг ҳаёт-мамоти масаласи кун тартибига чиқди, чунки Хитой ҳукумати уйғурларни систематик равишда хитойлаштирмоқда. Уйғурларнинг мавжуд қолишига таҳдид халқаро жамоатчиликни Хитой инсон ҳуқуқлари масаласида эмас, балки савдо ҳамкори сифатида қизиқтираётгани туфайли ортиб бормоқда, деди Робия Қодир.

Хитойлик уйғурлар ҳимояси, Уйғуристоннинг мустақиллиги учун курашчи аёл ва унинг 20 мамлакатдан келган тарафдорлари Токио шаҳрида ўтажак 5 кунлик анжуманга йиғилдилар.

Анжуман иштирокчларига кўра, Хитой ҳукумати миллионлаб ханлар (Хитойдаги давлат тузувчи асосий миллат) ни Уйғуристонга кўчириш билан туб аҳоли – уйғурларнинг миллат сифатида сақланиб қолишини таҳлика остида қолдирмоқда.

Пекин олиб бораётган сиёсатнинг хавфли эканлигига кейинги йилларда юз берган миллатлараро тўқнашувлар далилдир.

Шинжон-уйғур ўлкаси Хитой ҳудудининг 6 дан 1 қисми бўлиб, Монголия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Ҳиндистон билан ҳамда Хитойнинг ички вилоятлари билан чегарадош улкан минтақадир ва тарихда Шарқий Туркистон, деб аталган бу ўлкада шу кунда қарийб 9 миллион уйғур яшайди ва бу миллат ўлка аҳолисининг қарийб ярмидир.

Расмий Пекин Шинжон аҳолисининг турмуш даражасини кўтариш ҳамда маҳаллий иқтисодиётни ривожлантириш учун бу минтақага катта сармоя ётқизаётганини айтиб келади.

Мухтор ўлка маъмурлари аҳоли бандлиги даражасини оширишга қаратилган чоралар кўраётганини ҳам айтади. Хабарларга кўра, ўлкада ташкил этиладиган ҳар бир корхонада маҳаллий миллат вакиллари учун жой ажратиш лозимлиги белгилаб қўйилган. Бироқ уйғурлар бу меъёрга ҳар доим ҳам риоя қилинмаслигидан зорланади.

Уйғурлар лидери Робия Қодирга кўра, Хитойнинг бошқа икки ўлкаси – Тибет ва Ички Монголиянинг туб аҳолиси учун ҳам уйғурлар юзма-юз келиб турган муаммолар характерлидир.

-Истибдодга қарши норозилик билдириб ўнлаб тибетлик ўзига ўт қўйганини биласиз. Ички Монголияда ҳам шу аҳвол. Уйғурлар судловсиз қатл қилинаётганини, ўз еридан қувғин қилинаётганини, эксплуатация қилинаётганини, миллий маданияти топталаётганини кўриб турибсиз, деди Робия Қодир.

Расмий Пекин Жаҳон уйғурлари конгрессини “бузғунчи” ташкилот сифатида баҳолайди ва Робия Қодирга виза бергани учун Японияни қоралади.

“Шинжон” (инглизча транскрипцияда - Xinjiang) хитой тилида “янги чегара” деганидир.

Хитойнинг “янги чегара”си икки марта – 1930 ва 1944-1949 йилларда қисқа муддат Шарқий Туркистон Республикаси номи билан мустақил давлат бўлган эди.

XS
SM
MD
LG