Линклар

Ўтганда президент сифатида илк хориж сафарларини Тошкентга қилган Владимир Путиннинг ҳозирча Оқ саройни зиëрат қилиш режаси йўқ. Айни пайтда¸ 15 май куни Ислом Каримовнинг МДҲ ва КХШТ саммитларида қатнашиш учун Кремлга келиши айтилмоқда.


Путин ҳузурида меҳмонда

Кремл расмийларига кўра¸ 15 май куни Москвада Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги раҳбарларининг норасмий саммити бўлиб ўтади ва бу йиғинга 7 май куни расман Россия президентлигига қайтган Владимир Путин мезбонлик қилади.

Ҳамдўстлик президентлари бу учрашувда Путинни Кремлга қайтиши билан табриклаш баробарида иқтисодий интерграция ва янги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қиладилар.

Айни шу куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ўзининг юбилей сессиясини ўтказади.

Постсовет ҳудудларида Россия ташаббуси билан тузилган бу ҳарбий-хавфсизлик иттифоқи 1992 йилнинг 15 май куни Тошкентда имзоланган ва келишувга Арманистон¸ Беларус¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Россия¸ Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари имзо чеккан эди.

Путин мезбонлик қиладиган бу ҳар иккала йиғинга¸ кўпдан МДҲ ва КХШТ йиғинларига қатнашмай қўйган Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Владимир Путин 2000 ва 2004 йилларда Россия президентлигига сайлангач¸ илк хориж сафарини Тошкентга қилган эди.

2012 йилда Бош вазирликдан яна президентликка қайтган Путин бу гал илк сафарини Беларусга қилмоқчи¸ айни пайтда¸ Ислом Каримов у билан учрашгани Москвага келаëтир.

Президентлар кун тартибидаги бундай алмашинув Ўзбекистон-Россия¸ аниқроғи¸ Каримов-Путин муносабатларидаги жиддий ўзгаришлар ифодаси бўлиши мумкинми? Путиннинг Кремлга қайтиши Каримовнинг яна Россия орбитасига¸ Путин билан Андижон воқеаларидан кўп ўтмай¸ 2005 йил ноябрида тузилган стратегик иттифоқчиликка қайтишини англатадими?


Президентлар кутиш палласига киради...

Камолиддин Раббимов¸ ўзбекистонлик мустақил сиëсатшунос:

- Каримов ва Путин қайтадан иттифоқчиликка қайтиши эҳтимолдан жуда ҳам узоқ. Гап шундаки, Каримов олдига ўша пайтда конкрет вазифалар қўйган эди. Режимни сақлаб қолиш, Ўзбекистоннинг изоляциясига тўлиқ йўл бермаслик. Ҳозир бу вазифалар амалга оширилган.

Бугунги кундаги Каримовнинг асосий вазифаси аксинча. Ташқи иқтисодий ва сиëсий муносабатларни дифференцация қилиш, яъни бутунлай Россияга монополия қилиб бериб қўймаслик ëки бутунлай Американинг қўлида қолмаслик. Аксинча уни тақсимлаш ва ўша тақсимни бир маромда, мезонда ушлаб туриш.

Шу нуқтаи назардан Путиннинг ташаббуси бўлмиш Евроосиë иқтисодий иттифоқига, мен аниқ биламан, Каримов ва Ўзбекистон ҳеч қачон кирмайди. Чунки Ўзбекистон тайëр эмас. Евроосиë ташаббуси фонида Каримов билан Путиннинг муносабатлари анча чигал кечади¸ дейишимиз мумкин. У Россия билан очиқдан очиқ конфликтга бормайди, айниқса Путин билан. Чунки режимнинг барқарорлиги бир неча жиҳатдан Россияга боғлиқ. Мигрантлар ва ахборот ҳудуди орқали Ўзбекистонга таъсир қилса, Ўзбекистон жамияти чайқалиши мумкин, режим чайқалиши мумкин. Каримов вазминлик билан Путиннинг Евроосиë иттифоқига қўшилмайди, лекин эвазига бир нарсаларни таклиф қилиши мумкин¸ деб ўйлайман.

Каримовни анчагина предсказуемий, яъни таъбирли сиëсатчи дейиш мумкин. Унга босим қилса қайси томонга кетиб қолишини Путин ҳам билади. Шунинг учун ўйлайманки, Россияда, айниқса Путинда кутиш ҳолати бўлади. Ўзбекистон ҳокимият алмашинув палласига яқинлашиб бораяпти. Ҳокимият алмашинув палласида эътибор берсангиз, нафақат Россия бутун Ғарб ҳам Ўзбекистон билан муносабатларни имкон қадар илиқроқ қилишга ҳаракат қилаяпти. Чунки бу процессда уларнинг иштирок этиш ëки таъсир қилиш ниятлари бор. Путиннинг Каримовнинг ўриндоши танланишига таъсири бошқа давлатлар ва бошқа сиëсатчиларникидан кўра бир неча баробар юқори ва кўп бўлади. Шундан келиб чиқиб¸ албатта маълум бир босимлар бўлади. Лекин бу мисли кўрилмаган ва ултиматум формасидаги босимлар бўлмаса керак¸ деб ўйлайман.


Каримов Путин утопиясини эътиборсиз қолдираверади

Алексей Малашенко¸ Москвадаги Карнеги маркази таҳлилчиси:

- Путин-Каримов муносабатларида ҳеч қандай сифат ўзгариши бўлмайди¸ деб ўйлайман. Зотан Путин Путинлигича¸ Каримов Каримовлигича қолади. Каримов эса¸ на Евроосиë интеграцион жараëнларида қатнашишни ва на КХШТ фаолиятини жонлантириш учун бирор жўяли иш қилишни истайди.

Путин бу гал Кремлга постсовет ҳудудида Евроосиëни бирлаштиришга қаратилган ғоясини амалга кўчириш иштиëқи билан қайтмоқда. Аммо бу¸ назаримда¸ утопия – хомхаëлдан бошқа нарса эмас. Каримов буни жуда яхши тушунади ва шу боис бу ташаббусдан узоқда туришда давом этади. Россия ҳозирча фақат Қозоғистон билан мавжуд мустаҳкам алоқалар ва ўз пинжига тиқилган Беларусгагина орқа қилиши мумкин. Бошқаларни ҳар хил номдаги интеграцион тизимларга тиқиштириш¸ яқин орада амалга ошадиган иш эмас. Шу боис¸ мен Каримов-Путин муносабатлари динамикасида айтарлик жиддий ўзгаришлар бўлишини кутаëтганим йўқ.

Шарқона эҳтиëткорлик

Алишер Илҳомов¸ Лондондаги Африка ва Осиë тадқиқотлари маркази таҳлилчиси:

- Менимча¸ Путин ва Каримов ўзаро муаммолар ечимида “бор отангга¸ бор онангга”ни¸ саҳна ортидаги яширин рақобатни давом эттирадилар. 2005 йилда имзолнаган стратегик иттифоқчилик келишуви Андижон воқеаларидан кейин юзага келган конкрет вазият маҳсули эди. Ҳозирги конкрет вазиятда Каримов Россия таянчига кўп ҳам муҳтож эмас.

АҚШ ва НАТО қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетиш учун транзит йўли излаëтган ҳозирги пайтда¸ Каримов отнинг устида. Унинг келаси ҳафта Чикагода ўтадиган НАТО саммитига таклиф этилиши ҳам шунинг бир ифодаси. Бу ҳам ҳозирги сиëсий конъюктура маҳсули ва бу ҳам ўтади.

Шу боис¸ Каримов Кремл ва Путин билан очиқ зиддиятга боришдан қочади¸ деб ўйлайман. Шунинг учун Каримов Путин ташаббусларини қўлловчи¸ ижобий руҳдаги баëнотлар қилиб¸ аслида ўзини Евроосиë иқтисодий иттифоқи ва КХШТ каби Путин бошқарадиган тизимларга қўшилишдан олиб қочишда давом этади.

Менимча¸ Ўзбекистон жанубий чегаралари 2014 йилдан кейин Толибоннинг эҳтимолий хуружлари олдида ҳимоясиз қолади ва Каримов жанубий таҳликага қарши яна Россия кўмагига муҳтож қолиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қила олмайди.

Шу боис¸ Каримов 2005 йилги каби ўзини Путин оғушига ташламаса-да¸ у билан ҳисоблашиб¸ Россия¸ Европа иттифоқи ва АҚШ билан мувозанатли муносабатларни ушлаб туришга уринади¸ деб ўйлайман.


Путиннинг қўлида кузир қартаси йўқ...

Аждар Куртов¸ Россия Стратегик тадқиқотлар институти таҳлилчиси:

- Ҳозирги конъюктурадан келиб чиқиб¸ мен Путин президентликка қайтганидан кейин ўзаро муносабатларда янги бир юксалиш бошланади¸ демаган бўлардим. Аксинча¸ муносабатлар очиқчасига совуқлашиб кетмаса-да¸ уларда сезиларлик аëзнинг сақланиб қолишини тахмин қиламан. Бу аëзлашувнинг эса¸ Россия эмас¸ Тошкент раҳбарияти ташаббуси билан¸ аниқроғи Каримовнинг ўз ташқи сиëсати приоритетларини муттасил ўзгартириб туриши ортидан юзага чиққанини эслатиб ўтмоқчиман.

Кейинги пайтларда¸ на Тошкент ва на Москва ўзаро муносабатларга оид бирор кескин баëнот қилгани йўқ. Ўзбекистон Евроосиë иқтисодий иттифоқи ва КХШТ каби давлатлар устига қуриладиган тизимларга принципиал жиҳатдан қўшилмай келаëтир ва Каримовнинг бу сиëсатида Путин қайтгач¸ бирор бир ўзгариш бўлишига ишонмайман.

Путин қайтгани билан¸ унинг қўлида Каримовни бу позициясидан қайтарадиган таъсир воситалари йўқ. Ўзбекистондаги хавфсизлик вазияти ҳозиргидан кўра таҳликалироқ¸ Толибон Ўзбекситон жанубий ҳудудларига жиддий таҳдид бўлиб турган 1999 йилда Каримов Россияга орқа ўгириб¸ деб Коллектив хавфсизлик шартномасидан чиқиб кетган эди. Каримовнинг бундай намойишкорана сиëсат услуби бугунги келиб ўзгаргани йўқ ва буни Путин ҳам яхши билади. Шу боис¸ мен Путиннинг Кремлга қайтиши¸ Каримовни Путинга яқинлаштиришига ишонмайман.


Путин сопини ўзини чиқаришга уринади

Саодат Нишонова¸ ўзбекистонлик мустақил шарҳловчи:

- Каримов ҳеч қачон ташқаридагилар ноғорасига ўйнамайди. Уни ҳаракатлантирадиган нарса ичкаридаги кучлар ўртасидаги мувозанат¸ аниқроғи шундай мувозанатни ушлаш эҳтиëжидир. Зотан Каримовга асл босим манбаи ана шу ички кучлардир. Ҳозир у¸ назаримда¸ Ташқи ишлар вазирлиги¸ куч ишлатар тизимлари ва йирик бизнес эгалари томонидан босимга олинган.

Биринчиси¸ ҳам Россия¸ ҳам Ғарб ва бошқалар билан мувозанатли муносабат юритиш тарафдори. МХХ назоратидаги куч ишлатар тизимларининг эса¸ Путин мансуб Россия ФСБи билан киндиги ҳалиям битта ва кейинги пайтларда Москвадан Ўзбекистон силовикларига режали босим бўлаëтганини сезиш мумкин. Каримовга яқин амалдорларга тегишли йирик бизнес эса¸ НАТО ва АҚШ Афғонистондан чиқиш жараëнида таклиф қиладиган юзлаб миллион долларлик шартномадан қуруқ қолмаслик¸ ундан имкон қадар каттароқ улуш олиб қолиш ғамида.

Йиллардан бери МДҲ ва КХШТ саммитларига келмай қўйган Каримовнинг 15 май куни Москвага келиши¸ Москвадан Тошкентдаги муайян гуруҳлар орқали унга босим бўлаëтгани ифодаси¸ деб ўйлайман. Акс ҳолда¸ у Москвага келмаган бўларди.

Каримов ва Путин муносабатларининг кейинги тадрижи Путин қўлида Каримовни муросасозроқ бўлишга мажбурлайдиган қандай босим воситалари борлигида қолган. Бу босим эса¸ на Россиядаги миллионлаб ўзбек мигрантлари¸ на Россия ахборот воситалари исталган маҳал бошлаши мумкин ахборот хуружи ва на жанубий чегаралар хавфсизлигидир.

Бу Каримовнинг ўз ëнидагилар қилиши мумкин (Андижондаги каби) турли интригалардир. Каримов ҳозир эҳтимолий таҳдидларни нейтраллаштиришга уринади ва шу боис Москвага келмоқда. Москвада Путин гапларига бош қимирлатиб¸ ачом-ачом қилиб¸ табассум билан гаплашиб Тошкентга қайтгач¸ Каримовнинг кейинги ҳаракатларини кузатиш лозим бўлади.

Агар у ўз ëнидагилардан ë катта бизнес эгаларидан бирортасини қурбон қилса¸ у мувозанатни қайта жойига қўйган бўлади. Акс ҳолда¸ бир неча ой ичида¸ ë Ўзбекистон чегаралари ë мамлакат ичкарисида қандайдир инцидентлар чиқишини кутиш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG