Линклар

Ҳиндистон сармоядорлари ҳам муаммога дуч келди


“Spentex Toshkent Toytepa” кейинги икки йилда Ўзбекистондан қувилаётган биринчи хориж ширкати эмас.

“Spentex Toshkent Toytepa” кейинги икки йилда Ўзбекистондан қувилаётган биринчи хориж ширкати эмас.

Ўзбекистонда фаолият юритган “Spentex Toshkent Toytepa” ширкати банкрот, деб эълон қилинди. Ҳиндистонга қарашли “Spentex” корхонаси Тошкент вилоят хўжалик ишлари бўйича суди чиқарган қарор юзасидан апелляция тайёрлаётганини айтмоқда. Лекин Ўзбекистонда бизнес юритишга ҳаракат қилиб, куйиб қолган хорижлик сармоядорлар бу мамлакат ҳукумати билан судда тортишиш фойдасиз иш эканини айтишмоқда. Тўлалигигча Ҳиндистон сармояси ҳисобидан олти йил аввал иш бошлаган “Spentex Toshkent Toytepa” корхонаси Ўзбекистонда жиддий муаммоларга дуч келган навбатдаги хориж ширкати бўлди.

“Spentex Toshkent Toytepa” корхонасининг Тошкент вилоят хўжалик ишлари бўйича суди томонидан банкрот деб эълон қилинишига ҳинд сармоядорларининг мажбуриятларни бажармагани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Айтилишича, суд қарорида “Spentex Toshkent Toytepa” корхонаси ишлаб чиқариш кўрсаткичлари кўзланганидан анча паст бўлгани қайд этилган. Хусусан, 2010 йил учун режалаштирилган 34,6 минг тонна ип-газлама маҳсулотлари етказиб берилмаган. Маҳсулотлар экспортидан олиниши кўзланган 78 миллион АҚШ долларига тенг даромад ҳам олинмаган.

“Spentex Industries Ltd.” ширкатининг Ню Деҳлида жойлашган бош қароргоҳи вакили Ўзбекистондаги бизнесда муаммолар юзага келганини тан олди. Ўзини Раж деб таништирган суҳбатдошимиз Тошкент вилоятида жойлашган корхона ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажара олмаганига икки йилдан бери Ўзбекистонда кузатилган пахта хом ашёси етишмовчилиги ва мамлакат банк тизимидаги ноқисликлар сабаб бўлганини таъкидлади.

- Ҳозирда Ўзбекистондаги бизнесни қутқаришга ҳаракат қиляпмиз. Муаммоларга банк тизими ва хом ашё етказишда дуч келганимиз камчиликлар сабаб бўлди. Ҳозирча Ўзбекистонни тарк этиш ниятларимиз йўқ. Тошкент суди чиқарган қарор юзасидан апелляция тайёрлаяпмиз, деди Spentex Industries вакили Раж.

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон банк тизимидаги қайси ноқисликлар йирик корхонанинг синишига олиб келганини изоҳламади.

“Spentex Toshkent Toytepa” бундан олти йил аввал Жанубий Кореянинг “Kabool textiles” корхонаси ўрнида тўлалигача ҳинд сармоядорлари ҳисобидан ташкил қилинган эди.

Жанубий Кореяга қарашли “Kabool textiles” корхонаси ҳам 2006 йилда банкрот деб эълон қилиниб, унинг активлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан тортиб қўйлган ва Ҳиндистоннинг “Spentex Industries Ltd.” ширкатига 81 миллион АҚШ долларига сотилган эди.

Ўша пайтда Озодликка интервью берган “Kabool textiles” ширкати раҳбари Дон Канг Ўзбекистон ҳукумати бир кун келиб ҳиндистонликларни ҳам чув туширишини комил ишонч билан айтган эди.

“Ҳиндистонликлар ҳали Ўзбекистонда ишлаш аччиғини татиб кўрмаган. Аввалига уларни имтиёзлар билан ром қилишади. Вақт ўтиб, кўпроқ даромад кўриш учун имтиёзларни бекор қилади Ҳиндистонликлар бундай ўзгаришларга тайёр бўлиб туриши керак”,- деган эди 2006 йилда Дон Канг.

Ўзбекистонда текстил соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшишга ҳаракат қилиб, куйган корейс сармоядорига ҳиндистонлик издошлари юз тутган муаммоларга муносабат сўраб яна мурожаат қилдик.

Жаноб Канг бу янгиликдан ражиганини яширмади, лекин айни пайтда ундан хайрон бўлмади ҳам.

- Ўзи ҳиндистонликлар Ўзбекистонда иш бошлаши биланоқ ўз бизнесини сақлаб қолишлари даргумон эди. Чунки Кабул текстил ҳам Ўзбекистонда иш бошлаганида тўқимачилик соҳасидаги жуда мустаҳкам ширкат эди. Бозорда ўз ўрнимиз бор эди, маркетинг ишлари зўр кетаётган эди. Маҳаллий офисимизнинг, ҳатто Ўзбекистон расмийлари билан ҳам шахсий муносабатлари зўр эди. Фақатгина Ўзбекистон ҳукумати билан Кабулнинг Кореядаги бош қароргоҳи ўртасида бироз келишмовчилик чиққан эди. Лекин Ўзбекистондаги шўъбамизнинг ошиғи олчи эди, иш жиҳатидан ҳам, сифат жиҳатидан ҳам, маҳаллий расмийлар билан алоқаларимиз ҳам, ҳаммаси зўр эди. Лекин шунга қарамасдан, Кореядаги бош қароргоҳ билан арзимаган келишмовчилик туфайли бизнесимизни йўқотдик, дейди Дон Канг.

Кореялик тадбиркор ҳам Ўзбекистонда кейинги икки-уч йил давомида пахта хом ашёси етишмовчилиги бўлганидан хабари бор. Нафақат ҳинд корхонаси, бошқа текстил корхоналари ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг масуълиятсиз тарзда пахтани четга сотиб юборганидан жиддий зарар кўрди, дейди у.

- Хом пахтанинг жаҳон бозоридаги нархи кўтарилиб кетгани боис Ўзбекистон пахтасига харидор кўпайди. Ўзбекистон ҳукумати орқа-олдига қарамасдан пахтани керагидан ортиқ четга сотиб юборди ва натижада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга хом ашё етказиб беролмади. Шу сабабдан ўтган икки йил давомида мамлакатдаги текстил корхоналарининг кўпчилиги катта зарар кўрди, дейди Дон Канг.

“Spentex” ширкатининг Тошкент вилоят хўжалик суди қарори юзасидан шикоят қилиш режалари ҳақида гапирар экан, жаноб Канг бу тортишувда ҳиндларнинг ютиб чиқиши жуда қийин бўлади дейди. “Ҳар қалай шу пайтгача, Ўзбекистон ҳукумати билан олишиб, ютиб чиққанни кўрмадим, дейди у.

- Уларнинг вазияти қандай эканини билмаганим учун бир нарса дейишим қийин. Агар ҳиндлар барча ишни рисоладагидек олиб борган бўлса, яъни бошқарув, ҳисоботлар ва ҳоказолар тўғри амалга оширилган бўлса, балки қандайдир имконият сақланиб қолади. Лекин уларнинг фаолиятида бирор камчилик топилса бўлди, унда Ўзбекистон ҳукумати бундай ишларни ютиб чиқишга уста бўлиб кетган. Бундан ташқари Ўзбекистонда судлар ҳукумат тарафидан назорат қилинишини ҳам унутмаслик керак, дейди Ўзбекистонда миллионлаб сармоясидан ажраган кореялик тадбиркор Дон Канг.

“Spentex Toshkent Toytepa” кейинги икки йил давомида Ўзбекистонда активлари тортиб олиниб, қувилаётган биринчи хориж ширкати эмас.

Британиянинг “Oxus Gold”, Туркиянинг “Turkuaz”, Россиянинг “Вимм-Билль-Данн”, АҚШнинг “Newmont Mining” ширкатлари ана шундайлар сирасига киради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG