Линклар

FIFA раиси Тошкентга келади


Йозеф Блаттер ўтган йили Осиёнинг энг яхши ўйинчиси деб топилган ўзбек футболчиси Сервер Жепаровга мукофотни шахсан топширган эди.

Йозеф Блаттер ўтган йили Осиёнинг энг яхши ўйинчиси деб топилган ўзбек футболчиси Сервер Жепаровга мукофотни шахсан топширган эди.

Халқаро футбол федерацияси - FIFA президенти Йозеф Блаттернинг Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. Дунё футболи раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифидан мақсад мамлакат футбол имконлари билан танишиш экани айтилмоқда.

Халқаро футбол федерацияси президенти Йозеф Блаттер 15-16 май кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.

FIFA раҳбари Ўзбекистонга нима мақсадда келаётганини билиш учун Озодлик мухбири Ўзбекистон футбол федерацияси билан боғланди.

– Нима мақсадда келаётгани ҳақида афсуски очиқ-ойдин ёзмаган. Фақатгина, биз Ўзбекистонга келмоқчимиз, ҳукумат раҳбарияти билан учрашмоқчимиз, бу нарса 15-16 май кунлари мумкинлигини тасдиқланг, деган хат келганди биз шуни тасдиқлаб юбордик. Бутун дастур 16 май куни бўлади асли. Лекин жаноб Блаттер Тошкентга бугун учиб келяпти,- деди Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот вакили Санжар Ризаев.

Ташриф давомида Йозеф Блаттерга ОФК президенти вазифасини бажарувчи Жанг Жилонг ҳамроҳлик қилади.

16 май куни жаноб Блаттер бошлиқ делегациянинг Тошкентда қурилаётган янги ўйингоҳларни бориб кўриши ва Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказиши кўзда тутилган.

– Сафар доирасида Йозеф Блаттер пойтахтнинг диққатга сазовор жойларида, “Форумлар саройи”, “Симпозиумлар саройи”, янги қуриб битказилган “Локомотив” стадионида бўлади, қурилиши давом этаётган “Бунёдкор” стадионини бориб кўради. Пахтакор стадионида ҳам бўлишади, янги қурилаётган сунъий майдонларни кўришади. Федерацияда ўзбек футболини 100 йиллигига бағишланган тадбирда ҳам қатнашади,- деди ЎФФ матбуот вакили Санжар Ризаев.

FIFA матбуот вакилларидан бири Йозеф Блаттернинг Ўзбекистонга ташрифидан мақсад мамлакат футбол имконлари билан танишиш эканини айтди.

– Бу одатий ташриф. Бу ҳақида кўпроқ ташриф якунида бўладиган матбуот анжуманида билиб олиш мумкин бўлади,- деди FIFAнинг ўзини таништирмаган вакили.

Халқаро футбол федерацияси президенти Йозеф Блаттер Ўзбекистонга сўнгги бор 2007 йилда ташриф қилган.

Ўшанда Блаттер ва унга ҳамроҳлик қилган Осиё футбол конфедерациясининг ўша пайтдаги раҳбари Муҳаммад Бин Хаммамни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов “Оқсарой” қароргоҳида қабул қилган эди.

– Блаттерни Ислом Каримов қабул қилиши бу сафар ҳам режада бор. Лекин, бу эртага ҳал бўлади, лекин режада бор,- деди ЎФФ матбуот вакили.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг саралаш босқич учрашувларида яхши натижалар кўрсатмоқда.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси жуда оғир гуруҳга тушганига қарамай, Бразилияга йўлланма олиш учун саралаш ўйинларининг охирги босқичга чиқа олди.

Дунё футболи раҳбари Ўзбекистонга ташриф буюраётган экан, келажакда бу мамлакат нуфузли футбол мусобоқаларига мезбонлик қилишини тасаввур қилса бўладими, деб сўраймиз Ўзбекистон футбол федерацияси вакилидан.

– Айни шу саволни мен эртага FIFA раҳбаридан сўраган бўлар эдим,- деб жавоб қилди Санжар Ризаев.

Лекин, 2012 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасидаги футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқини FIFA декабр ойида Японияга беришга қарор қилган эди.

Бундай қарорга Ўзбекистоннинг "қатор ташкилий ва техник сабабларга кўра", чемпионатни ўтказишга тайёр эмаслиги сабаб бўлгани айтилган эди.

Блаттернинг ташрифи ўша шов-шувли воқеадан беш ой ўтиб амалга ошмоқда.

– Бизга техник сабабларга кўра, шундай қарорга келингани айтилган эди. Бошқа цитата бизда йўқ. Энди техник сабабларни ҳар ким ҳар хил тушуниши мумкин. Лекин, эртага бўладиган матбуот анжуманида Блаттерда бунга яна ҳам аниқроқ жавоб бериш имкони бор,- деди Ризаев.

16 май куни FIFA раҳбари Ўзбекистонга ташрифи якуни бўйича журналистлар учун матбуот анжумани ўтказади.

XS
SM
MD
LG