Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:20

Халқаро оила куни: Меҳнат муҳожирлари йиллаб оиладан айри яшамоқда


Ўзбеклар оила аъзолари билан бир жойда яшашни тугал бахт деб биладилар.
Ўзбеклар оила аъзолари билан бир жойда яшашни тугал бахт деб биладилар.

15 май дунёда халқаро оила куни сифатида нишонланади. БМТ Бош котиби Бан Ки Мун халқаро оила куни муносабати билан қилган баёнотида ер юзида миллионлаб одамларнинг оиласидан узоқда яшаётганлиги сабаб, фарзандлар қаровсиз қолаётганидан ташвиш билдирди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун халқаро оила куни муносабати билан эълон қилган баёнотида бундай дейилади:

“Бугунги тенденциялар меҳнат фаолияти билан оилавий мажбуриятларни адо этиш ўртасидаги мувозанатни таъминлаш стратегиясининг муҳимлигини таъкидламоқда. Бу вазият аёлларнинг меҳнатда иштирокини, шунингдек, урбанизация жараёнини тезлатишни ва иш қидиришда ҳаракатчанликни оширишни назарда тутади”, деди БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.

Бош котиб, бугун ер юзидаги миллионлаб одамлар яхши ишга эга эмасли ва улар ўз оилаларини боқиш учун ижтимоий ёрдам олмаётганини қайд этди.

Ўзбекистонда ҳам оилани тебратишга етарли даражада маош берадиган иш бўлмаганлиги боис ҳар йили ўн минглаб одамлар ўз оилаларини ташлаб хорижга иш излаб кетишга мажбур бўлмоқда. Болалар оналар ва қариндошлар қаровида қоляпти. Турли ҳисоб-китобларга кўра, иш излаб мамлакат ташқарисига чиқиб кетган ўзбекистонликлар 5-7 миллион кишини ташкил қилади.

Саккиз йилдан буён Россиянинг Иркутск шаҳрида ишлаётган наманганлик уста Бобур ҳам БМТ раҳбари тилга олган оилаларида ҳалавот йўқолганлардан бири:

- Қалбимизда ўксиниш бор, бир доғ бор. Фарзандларимиз биздан узоқда, уларга етарли тарбия беролмаяпмиз. Фақат пул юбориш билан бўлмайди-да. Фақат телефонда онангга қулоқ солгин ва ўқигин дейман. Ўзбекистонда ҳам яшасак бўлади. Лекин меҳнатга яраша ҳақ йўқ. Бир томонимиз ёпиқ бўлса, бир томонимиз очиқ бўлиб қоляпти, ямаб бўлмайди. Ҳозир фарзандларимизнинг қорни бут, усти бут, фақат ота меҳридан йироқда улар,- дейди наманганлик Бобур.

Олти йилдан бери Россияга келиб ишлаб кетадиган фарғоналик Абдумуталнинг ҳам уч фарзанди бор. "Ҳар баҳор уйдан сафарга чиқаётганимда ичимда бир ип узилгандек бўлади, лекин на илож", дейди Абдумутал Озодлик билан суҳбатда:

- Инсон оила билан бирга яшашни жуда хоҳлайди. Лекин келажак учун ҳаракат қилиш керак. Албатта, уйдагиларни соғинамиз, лекин сабр қиламиз, тирикчилик ўзи шундай бўлиб қолди, бошқа иложимиз йўқ,- дейди фарғоналик меҳнат муҳожири Абдумутал.

Абдумуталнинг айтишича, оиласи билан бирга Россияда яшаш имконияти бор, лекин унинг ўзи буни истамайди:

- Имкониятимиз бор, лекин бу ер бизнинг болаларимиз тарбиясига тўғри келмайди. Ўзингиз биласиз, россиядагиларнинг юриш-туриши, тарбияси бизнинг мумсулмончиликка тўғри келмайди,- дейди Абдумутал.

Бироқ сўнги пайтларда муҳожирликнинг аччиқ қисматидан безиган ўзбеклар муҳожирликка оила аъзолари билан кетаётгани кузатилади.

Андижонлик Дилшод ҳам бир ярим йил ёлғизликдаги муҳожирликдан сўнг оиласини Санкт-Петербург шаҳрига олиб келган:

- Тўғриси, хотин, болалар ёнингда бўлса барака бўларкан. Бу биринчи сабаб. Иккинчидан Ўзбекистонда ҳаёт яхши бўлишига ишончсизлик. Мақсадимиз Россия фуқаролигини олиш. Энг муҳими яқин кишиларинг ёнингда бўлса, тинч бўласан,- дейди Дилшод.

Халқаро оила йили 1993 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан тасдиқланган. Бу санани қайд этишдан мақсад, мамлакатлар жамоатчилиги эътиборини оиладаги кўп сонли муаммоларга қаратишдир.
XS
SM
MD
LG