Линклар

Москва шаҳар Басманний туман суди мухолифатчиларнинг Чистие пруди хиёбонидаги лагерини ёпиш тўғрисида қарор чиқарди.

Суд мазкур қарори билан хиёбон атрофида яшайдиган аҳолининг “ОккупайАбай” акцияси иштирокчиларига чора кўрмаётгани учун маҳаллий маъмурлар устидан ёзган аризасини қондирган бўлди.

Мухолифат лидерларидан бири Чистие пруди хиёбони аҳолисининг судга аризасини расмийлар уюштирган иғво, деб баҳолади.

Москванинг Чистие пруди хиёбони бир ҳафтадан бери мухолифат тарафдорлари билан кечаю кундуз банд эди. Хиёбонда қозоқ мутафаккири Абайга ўрнатилган ҳайкал мавжудлиги учун акция “ОккапайАбай” деб номланган.

Россия парламенти ва президенти сайловларида қонунбузарликларга йўл қўйилганидан норозилик билдираётган акция иштирокчилари Чистие пруди хиёбонида вақтларини ҳеч қандай сиёсий шиорларсиз шеър ўқиб, қўшиқ айтиб ўтказаётган эди.

Басманний тумани қарори чиқиши арафасида Россия мухолифати тарафдорлари шаҳарнинг яна бир хиёбони – Никита бульварида яна бир лагерь ташкил қилгани тўғрисида хабар қилинган эди.

Бугун эрталаб бульварда 20 киши йиғилган, орадан кўп ўтмай улардан 4 нафари полиция томонидан қўлга олинган эди. Бироқ Москва шаҳар полицияси қўлга олинганлар қўйиб юборилганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG