Линклар

Рассомлик Обид Асомовнинг армони


Обид Асомов рассомликка қайтиш орзуси билан яшайди.

Обид Асомов рассомликка қайтиш орзуси билан яшайди.

Обид Асомов деганда юзимизга табассум ëйилади. Айни пайтда Обид Асомов ғамгин табиат манзараларини чизадиган рассом эканини кўпчилик билмайди.

Ўзбекистон хизмат кўрсатган артист, таниқли қизиқчи Обид Асомов аслида олий маълумотли профессионал рассом.

Қизиқчининг кўпчилик билмайдиган бу қирраси ҳақида гапиришга қарор қилдик.

Обид Асомов умрининг 14 йилини рассомлик санъатини эгаллашга бағишлади.



4 йил пионерлар саройидаги расм тўгараги, тўрт йил Тошкентдаги Бенков номли рассомлик билим юрти. Беш йил рассомлик институтида таниқли рассом устозлар Обид Асомовга тасвирий санъатдан сабоқ беришди.

Рассомлик серхаражат машғулот. Бўëқ ва мўйқаламлар, мато ва дастгоҳлар ҳар доим қиммат бўлган.

Интернет бўлмаган даврдаги рассомлар санъат соҳасида ахборот олиш учун ўша даврда энг қиммат бўлган китобларни сотиб олишга мажбур бўлишган.

Рассомликдаги кам кўстига етказиш учун Обид Асомов тўйларда қизиқчилик қилиб пул топди.

Тўй кечаси топган пулига бўëқ ва мато сотиб олиб кундузлари расмлар чизди.

Ғамгин ва мушоҳадали расмлар Обид Асомов деган шахсият тарозисининг бир палласи бўлса, қизиқчилик бу тарозининг иккинчи палласи эди.

Тўқсонинчи йиллар реаллиги руҳиятдан кўра моддият устун деган шиорни ўртага ташлаган эди.

Айнан ўша пайтда Обид Асомов тасвирий санъат билан шуғулланишни тўхтатиб, қизиқчиликка буткул киришиб кетди.

Обид Асомов янги давр қизиқчиларининг олд сафларидан ўрин олди.

Репиннинг шогирдидан дарс олган Обид Асомов

Орадан 20 йил ўтиб Озодлик мухбири Обид Асомовга рассом эканини эслатиб қўйди.

Рассомликни амалга ошмаган орзу ва ични емираëтган аччиқ армон деб билган Обид Асомов суҳбатга рози бўлди.

Профессионал фотосуратчи Озодлик илтимосига кўра Обид Асомовнинг уйига бориб, у чизган расмлардан репродукция оладиган бўлди.

Обид Асомов ўз уйи ертўласида сақлаган расмларини юзага олиб чиққанида жуда кучли ҳиссий зўриққанини айтади:

- Нафақат мен балки фарзандларим ҳам, сиз шунақа расмларни чизадиган рассом экансиз деб ҳайрон қолишди.

Менинг исмим масхарабоз

1970 йили ҳинд киночиси Раж Капур суратга олган “Менинг исмим масхарабоз” (My Name is Joker) филмида қизиқчининг дардли ҳаëти ҳикоя қилинади.

Бу филмни томоша қилган Обид Асомов ҳам қизиқчиликнинг ғамгин тарафини яхши билади.

- Кеча Истамбул аэропортидан Тошкентга учаëтсам, бир тўда ўзбек аëллари дув этиб келиб, Обид, Обид дейишди. "Расмга тушайлик" дейишди. Мен "чарчаганман, ҳолим йўқ" десам тушунишмади. Ўшанақа пайтларда рассом бўлганим яхши эди деган ўйлар келади, дейди умрининг 14 йилини расм чизишга харж қилган 49 яшар Обид Асомов.

Маҳзун ва европаликлар учун тушунарли расмлар

Обид Асомовнинг қизиқчи сифатидаги қиëфаси унинг асарларига баҳо бераëтган ўзбек томошабинига халақит беради.

Шу маънода унинг асарлари ҳақида хорижлик мутахассислардан фикр олдик.

Обид Асомовнинг 1980 йилдан 1990 йилгача чизган расмлари фоторепродукциясини Германиядаги санъатшунос Томас Штайбергга кўрсатиб фикр сўрадик.

- Ўтган асрдаги рус ва француз тасвирий санъатининг энг яхши анъаналарида чизилган суратлар. Айниқса, натюрмортлар бир ҳикояга ўхшайди. Кам ифода воситаси билан чуқурроқ гап айтишга интилиш бор, дейди Обид Асомов расмларига баҳо берган германиялик санъатшунос Томас Штайберг.

Суҳбатдошга бу рассомнинг 20 йилдан бери расм чизмасдан шоуменлик қилаëтганини айтдик.

- Таассуф. Албатта ҳеч бир ижодкорда умр бўйи ижод қилиш мажбурияти йўқ. Лекин мен экилган уруғнинг илдиз отиб дарахт бўлишини ва мева беришини истайдиган фикрдаги одамларданман, дейди мунаққид.

Обид Асомов чизган расмларни олдиндан ҳеч бир маълумот олмасдан томоша қилган чехиялик шарқшунос Петр Кубалек фикри билан қизиқдик.

- Бу расмлар француз импрессионизмидан илҳомланган рассомнинг мен учун ўта тушунарли тилдаги ижоди деб биламан.

Ҳозирги Европа рассомлари асарлари томошабиндан жуда узоқ. Бу расмлар оддий ва тушунарли. Айни пайтда, ифода тили умумбашарий, дейди шарқ эстетикаси таҳлилчиси Петр Кубалек.

Рассом Обид Асомов ҳикояси билан танишган суҳбатдош санъат тарихида узун танаффуслардан кейин рассомликка яна қайтган ҳолати кўп бўлганини эслатди.

Озодлик билан суҳбатда Обид Асомов келажакда яна рассомликка қайтиш орзусини яширмади.

Расмларингизга харидор топилса сотасизми, деб сўрадик Обид Асомовдан.

- Жон деб сотаман. Мен ҳам рассом сифатида асаримни сотдим деб мақтаниб юраман, дейди рассомликни қизиқчиликка алмаштирган суҳбатдош.

Обид Асомов билан суҳбатни тўлиқ тарзда мана бу ерда тинглай оласиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG