Линклар

logo-print

Радикал диний гуруҳларга моддий ёрдам кўрсатишга уринишда гумонланиб, АҚШда ҳибсда сақланаётган ўзбек қочқини Жамшид Мухторовнинг укаси Асил Озодлик мухбири билан суҳбатда акасининг асоссиз қамоқда ушлаб турилганини иддао қилди.

АҚШнинг Колорадо штатида юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлайдиган 28 ёшли Асил акаси Америкага келиб намоз ўқишни бошлагани, узун соқол қўйиб юрганини тасдиқлади.

Лекин, уни айтишича, бу акаси Жамшид Мухторовнинг Исломий Жиҳод Иттифоқига алоқадорлигини англатмайди.

- Ҳали ўзи ҳам тушунгани йўқ нимага ҳибсга олинганини. Ўзи ҳам айтади, “нимага қамоқда ўтирганимни ўзим ҳам тушунганим йўқ”, деб айтади. Бўйнига олади, “ҳа, тўғри, дейди, шунақа сайтларга кирганман, кўрганман шунақа видеоларни” деб ўзи ҳам айтган, лекин бу дегани у радикал диний гуруҳга алоқадор дегани эмас,- дейди Асил Мухторов.

Жамшид Мухторов шу йилнинг 21 январ куни Чикагонинг О'Ҳара халқаро аэропортида ҳибсга олинган эди.

АҚШ Федерал қидирув бюроси Мухторовни Исломий Жиҳод Иттифоқига "моддий ёрдам кўрсатишга уриниш"да айбламоқда.

- Акамнинг зиммасида шунча масъулият бор. Ўзбекистонда синглим қамоқда. Қозоғистонда яна бир акам калтакланди. Ҳозир у Туркияда у ҳам ёрдамга муҳтож. Онам Ўзбекистонда аҳволи оғир. Бу ҳаммаси акамнинг зиммасида. Шунча одам акамга қараб турган экан, қандай қилиб у исломий радикал гуруҳни моддий таъминлай олади ? - дейди Асил Мухторов.

Ўзига қўйилаётган барча айбловларни рад этиб келаётган 35 ёшли Жамшид Мухторовнинг маҳкама жараёни уч ойга кечиктирилган.

- Алоҳида камерада сақлашаётган экан. "Ҳозир ҳеч кими йўқ, гаров эвазига чиқишга пули йўқ маҳбусларни орасида қолганман", дейди акам. Нега Хьюман райтс уотч, Фридом Хаус каби ташкилотлар эътибор қилмаяпти, деб куюнаяпти, - дейди Асил Мухторов.

Жамшид Мухторов 2007 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қочқин мақомини олган ва АҚШнинг Колорадо Штатига жойлаштирилган эди.

Жамшид Мухторовни таниган ўзбекистонликлар унинг Қўшма Штатларда бошпана олгунга қадар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлганини айтишади.

Асил Мухторовнинг айтишича, акаси Чикаго аэропортида қўлга олинган маҳал Туркияга яна бир акасига қочқинлик олишига ёрдам бериш учун кетаётган бўлган.

- Покистонга кетаётган бўлган, деб айтишаяпти. Ўзи акам Туркияга қочқинлик излаётган яна бир акамга ёрдам бериш учун бораётган эди. Қачон қайтишини билмагани учун бир томонга билет олган. Бу ердаги юк машина ширкати билан ҳам шартномани узган эди. Ўшанда акам жиянимга оҳирги марта кўришаяпмиз, балки қайтмасман, нариги дунёда кўришармиз, деган гапларидан, тўғриси, хабарим йўқ, - дейди Асил Мухторов.

Жамшид Мухторов ҳибсга олингунга қадар оиласи билан Денвер шаҳри яқинидаги Аврора шаҳарчасида яшаган ва юк машинаси ҳайдовчиси бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG