Линклар

logo-print

Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова ҳомийлигидаги “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси Қорақалпоғистонда 144та никоҳ ва суннат тўйларини ўтказди.

Қорақалпоғистоннинг Чимбой, Кегейли, Қўнғирот, Амударё, Тўрткўл, Қонликўл, Хўжайли, Элликқалъа, Беруний туманлари ва Нукус шаҳрида Фонд форум томонидан ўтказилган тўйлардаги келин-куёвлар ва хатна қилинган болалар меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва кам таъминлаган оилалар болалари бўлди.

Бу ҳақда хабар тарқатган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси Интернет сайтига кўра, келинларнинг ҳаммасига Гулнора Каримованинг “GULI” бренди остидаги никоҳ кўйлаклари совға қилинган.

Ёш оилаларнинг ҳаммаси турли хил қимматбаҳо совғалар билан тақдирланган.

Тўрткўл тумани ҳокимлигининг хотин-қизлар қўмитаси раҳбари Хадича опанинг айтишича, ёшлар тўйлари “Расулжон” деган тўйхонада ўтказилган:

- Ойдай чиройли тўйлар бўлди. Бешта никоҳ тўйи, бешта суннат тўйи ўтказдик. Ҳаммаси доволний. Кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, ногирон болалар суннат қилинди,- дейди Хадича опа.

Тўрткўл туманида яшовчи фермер Акмал ака бундай хайрия тадбирларини маъқуллар экан, маҳаллий бойларнинг ҳам шундай саховатли бўлишини орзу қилади:

- Бунга мени муносабатим яхши. Қанийди шунақа саховатли одамлар кўпроқ бўлса. Шунча кучли компаниялар бор, қудратли бойларимиз бор. Шу ташкилотлар ёки бойлар битта бўлса ҳам шундай тўйлар ўтказса. Катта савоб бўларди. Мингта тўй ўтказа оладиган бойларимиз ҳам бор. Лекин бу бойларимиз пулни тагига босиб ётибди,- дейди Акмал ака.

Гулнора Каримованинг бу акциясини қўллаб-қувватлаб, Қорақалпоғистондаги тадбиркорлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшганлиги айтилади. Фонд форум хабарига кўра, ҳомийлар ёш келин-куёвларга юмшоқ мебел, уй-рўзғор техникаси, никоҳ узуклари олиб берган.

Бироқ, овозини эшиттирмаслик шарти билан бу ҳақда Озодликка интервю берган Қорақалпоғистондаги тадбиркорлардан бирининг айтишича, ҳокимликлар тадбиркорларга “сен тўйга буни олиб келасан, сен буни олиб келасан”, дея уларга “солиқ” солган:

- Масалан, менга битта телевизор олиб келасан деган солиқ солинди. Хай, тўйга эканку, деб олиб бориб, бериб келдим. Агар олиб бормасак ҳам ҳеч нарса демайдию, лекин кейин муносабатлар ёмонлашади. Кутилмаган текширувлар келавериб, одамни эзиб юборади,- дейди исми сир қолиши шарти билан гапирган тадбиркор.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси бу йил “1000та никоҳ тўйи ва 1000та суннат тўйи” лойиҳасини республика вилоятлари бўйлаб амалга оширмоқда.

Шундай хайрия тўйлари 17-25 май кунлари Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ўтказилди. Энди бу кампания Самарқанд ва Бухоро вилоятларига ўтиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG