Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:02

Каримов Путиннинг Кремлга қайтишини тарихий ҳодиса ўлароқ баҳолади


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Россия президенти Владимир Путин билан ҳали ҳам разведкага бориш мумкин, деб ҳисоблайди.

Бу мулоҳазани Каримов Путин билан 15 май куни Кремлда бўлиб ўтган учрашувда билдирган.

Россия президенти матбуот хизмати келтирган учрашув стенограммасига кўра, Ислом Каримов: “Сиз 2000 йилда биринчи марта президентлик лавозимига келганингизда, мен: “Путин бирга разведкага бориш мумкин бўлган одам, дегандим. Бугун бу гапни яна бир карра эшитиб қўйсинлар”, деб айтган.

Бу билан Ўзбекистон раҳбари Путиннинг разведкачилик ўтмишига ишора қилганми ёки унга ўта ишонишини билдирганми – бу ҳақда изоҳ бермаган, бироқ у Россия президентини табриклар экан, ҳар сўзи чин кўнгилдан, самимий айтилаётганини қайта-қайта таъкидлаган.

- Сизни ҳамма табриклашга улгурди (Сизни бутун дунё табриклаяпти, бироқ мен бу ерда ҳамкасбларимиз бўлган президентлар, давлат раҳбарлари, бош вазирларини назарда тутаяпман) ва мен [қутловчилар ичида] охиргилардан бўлиб қолдим. Шунинг учун мен бугун КХШТ мажлисида сизни чин юракдан ва самимий қутладим. Бу менга ҳузур бағишлади, чунки мен чин кўнгилдан гапирдим ва Сизнинг [президентликка] сайланишингиз тарихий воқеа бўлганини айтдим, - дея иқтибос келтиради Ислом Каримов сўзларидан Россия президенти матбуот хизмати.

Ўз сўзида давом этган Ўзбекистон раҳбари бугунги кунда жаҳон бурилиш босқичида турганини, бундай даврда сиёсатни кучли одамлар юритиши кераклигини қайд этган.

Ислом Каримов “айрим кишилар, менимча, бугунги кунда дунёда содир бўлаётган ўзгаришларнинг бу босқичини ҳамда муайян қутбли давлат сифатида аниқ мақомни эгаллаб турган ва шундай имкониятларга эга бўлган Россия каби мамлакат бутун жаҳондаги давлатлар ҳисоблашиши керак бўлган позицияни эгаллаши лозимлигини тушуниб етмаяптилар”, деди.

2008 йилда Путинга учинчи марта президентликка номзодини қўйишни таклиф этганини эслатган Каримов ўша пайтда ҳам самимий бўлганини, буни истаган одам хоҳлаганча талқин қилиши мумкинлигини қайд этди ва Путин шахсида прагматик кишини, чор-атрофда содир бўлаётган воқеаларга реал қарай оладиган, улкан сабр-бардошга эга кишини кўришини айтиб, суҳбатдошини мақтади. Шундан сўнг у Россиянинг қарийб 30 миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистон билан алоқаси янада яхши бўлишига умид билдиришига ишора қилди.

Табриклар учун ўзбекистонлик ҳамкасбига ташаккур изҳор қилган Владимир Путин 2008 йилда тамоман Россия конституцияси доирасида фаолият олиб бориш қарорига келинганини ( Путин ўша пайтда нима учун президентликка ўз номзодини қўймаганига изоҳ бермоқда – таҳр.) айтди.

Россия президенти ўзининг Ўзбекистон салоҳиятини муносиб баҳолай олишини ҳамда бу мамлакатни ҳар доим минтақадаги асосий давлатлардан бири сифатида кўриб келганини қайд этди ҳамда ўзининг Ислом Каримов билан ҳам, Ўзбекистон билан ҳам шундан келиб чиққан ҳолда муомала қилиш ниятида эканини таъкидлади.

- Ўзбекистон ва Россияни ҳеч муболағасиз тиғиз, кўп асрлик дўстлик ва ҳамкорлик ришталари боғлаб туради. Тарих тақдим этган, аждодлардан мерос қолган бу базага таянган ҳолда, олға қараб юрамиз ҳамда ҳозирги замон талаб қилган суръат ва сифат билан ҳаракатланамиз, - деди Владимир Путин.
XS
SM
MD
LG