Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:47

"АҚШ маънавий масъулиятни унутмаслиги лозим"


АҚШ Конгресси қошидаги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик комиссияси ўтказган йиғинда ўзбекистонлик собиқ сиёсий маҳбус Санжар Умаров ҳам қатнашди.
АҚШ Конгресси қошидаги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик комиссияси ўтказган йиғинда ўзбекистонлик собиқ сиёсий маҳбус Санжар Умаров ҳам қатнашди.

15 май куни АҚШ Конгресси қошидаги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик комиссияси Марказий Осиё мамлакатларидаги сиёсий маҳбуслар масаласига бағишланган эшитув ўтказди. Унда қатнашган инсон ҳуқуқлари фаоллари ва ўзбекистонлик собиқ сиёсий маҳбус Санжар Умаров АҚШ ҳукуматини бу мамлакатлар қамоқларида қолаётган мухолифат етакчилари, диндорлар ва журналистларнинг озод этилиши учун авторитар режимларга нисбатан босимни кучайтиришга чақирди.

Сешанба куни АҚШ Ҳелсинки комиссияси номи билан танилган конгресс қўмитасида ўтказилган йиғинда чиқиш қилган Санжар Умаров, жумладан Ўзбекистон қамоқларидаги қийноқлар масаласини ҳам кўтарди.

- Мен каби сиёсий маҳбусларнинг ҳар бирига терговчилар, қамоқ нозирлари ва маъмурларининг тазйиқ ва қийноқлари оқибатида қурбон бўлаётган минглаб бошқа маҳбуслар тўғри келади,- деди ҳозирда АҚШда муҳожирликда яшаётган собиқ сиёсий маҳбус Санжар Умаров.

Серқуёш Ўзбекистоним мухолифат ҳаракати асосичиси 2006 йилда солиқдан бўйин товлаш айблари билан 7 йилга қамалган ва Қўшма Штатлар аралашуви туфайли жазонинг 4 йилини ўтаб озод этилган эди.

- Қўшма Штатлар ва жаҳон ҳамжамияти, айни дамларда, Ўзбекистон қамоқларида қийноққа солинаётган минглаб маҳбусни ҳимоя қилиши керак. АҚШ ва жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон ҳукуматидан сиёсий таъқиблар ва маҳбусларнинг қийноққа солинишига оид вазиятни ҳал этиш бўйича аниқ ва конкрет чоралар кўришини талаб қилиши керак,- деди яна Умаров.

АҚШ Ҳелсинки комиссиясидаги йиғин Вашингтон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар учун сиёсий манфаатлар йўлида инсон ҳуқуқлари масаласи орқа планга ўтиб кетаётгани тўғрисидаги хавотирлар кучаяётган пайтда ўтказилди.

Муҳим минтақа

АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлари учун юкларни транзит қилишда муҳим рол ўйнаётган Марказий Осиё режимлари сиёсий эркинликларни бостириб келаётгани учун йиллар давомида танқид қилиб келинади.

АҚШ ҳукумати бу мамлакатлар етакчилари билан учрашув ва ўзаро суҳбатларда инсон ҳуқуқларининг топталаётгани масаласини кўтараётганини айтиб келади.

АҚШ Халқаро диний эркинликлар комиссияси мулозими Кэтрин Косман Ҳелсинки комиссияси аъзолари олдида қилган чиқишида Вашингтон Марказий Осиёдаги минглаб сиёсий маҳбусларга умид бериши лозим дея таъкидлади.

Унинг айтишича, Афғонистонга транзит йўли вазифасини бажарётган Шимолий таъминот тармоғида муҳим рол ўйнаётган Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабат қилиш Қўшма Штатлар учун бу режимларга босим ўтказиш учун имконият бўлиши мумкин.

- Кўпчилик Шимолий таъминот тармоғи боис, сиёсий тил билан айтганда, Қўшма Штатлар бу ҳукуматларга инсон ҳуқуқлари борасидаги хавотирларини айта олиш учун позицияси заифлашган деб ҳисоблайди. Лекин, шахсан мен, аслида бунинг акси деб ҳисоблайман. Чунки бу ҳукуматлар ўта кўррупциялашган, АҚШ ҳукумати эса транзит учун уларга катта пул тўлайди ва бу ҳукуматлар мулозимлари бундан шахсан манфаат кўради, деди Кэтрин Косман.

"Маънавий масъулият"

Шу сабабдан, дея қўшимча қилди Халқаро диний эркинликлар комиссияси вакили, Қўшма Штатлар инсон ҳуқуқлари масаласини кун тартибига чиқаришда Шимолий таъминот тармоғидан восита сифатида фойдаланса, бу муаммони ҳал этиш учун фойдадан ҳоли бўлмайди.

Косман ўз чиқишида диний эркинликлар масаласида минтақа мамлакатлари орасида, айниқса, Тожикистонда вазият аянчли тус олаётганини қайд этди.

Йиғинда қатнашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси тадқиқотчиси Музафаар Сулаймонов ўз чиқишида Қирғизистонда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли ва журналист Азимжон Асқаров масаласини кўтарди.

- Азимжон Асқаров иши Қирғизистонда можародан кейин матбуот эркинлиги бостирилаётганига ёрқин мисолдир. Бу мамлакатда бир пайтлар жуда фаол бўлган ўзбек матбуоти сиёсий таҳдид ва таъқиблар боис деярли йўққа чиқарлди, деди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси вакили.

Этник ўзбек бўлган Азимжон Асқаров Қирғизистон суди томонидан 2010 йил Ўш воқекаларини уюштирганликда айбланиб умрбод қамоққа ташланган. Асқаров ва унинг тарафдорлари бу ҳукм журналистнинг касбий фаолияти билан боғлиқлигини айтиб келади.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси вакили Музаффар Сулаймонов шунингдек, Ўзбекистонда матбуот эркинлиги бўғилганига мисол ўлароқ, мамлакат қамоқларида қолаётган ва расмийларнинг доимий таъқибида бўлган журналистлар масаласини кўтарди.

Бу билан, деди у, Ўзбекистон ҳукумати “журналистнинг йўли қамоққа элтади” қабилидаги мужда юбормоқда.

Йиғинда қатнашган АҚШ Конгресси вакили, Ҳелсинки комиссияси аъзоси Стивен Коэн Вашингтон баъзи ҳолларда сиёсий манфаатдан келиб чиқиб, Афғонистон масаласида ҳамкорлик эвазига Марказий Осиёнинг авторитар етакчилари билан муносабат қилишини тан олди. Лекин, деди у, Вашингтон бунинг учун “маънавий масъулиятни” ҳам эсдан чиқармаслиги лозим.
XS
SM
MD
LG