Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:35

Навальний коррупцияга қарши ўз банк картасини чиқармоқчи


Алексей Навальний мухолифат намойишида.
Алексей Навальний мухолифат намойишида.

Путиннинг учинчи бор ҳокимиятга келишига қаршилик ҳаракати етакчиларидан бири¸ 35 яшар юрист Алексей Навальний Россиядаги банклардан бири билан ҳамкорликда ўз кредит картасини чиқармоқчи.

Россияликлар ҳозирга келиб Visa, MasterCard, American Express, Diners ва JCB каби кредит карталаридан фойдаланиш қулайликларига кўникиб қолди ва бугун ўзига тўқ русларнинг аксари бу карталарга эга.

Россия давлат тизимларидаги йирик порахўрликка қарши кураш эълон қилган Алексей Навальний бу дебит ва кредит карталар рўйхатига ўз картасини қўшиш режасида. Унга кўра¸ яқинда Россияда Навальний картаси пайдо бўлади ва бу карта билан қилинган ҳар бир савдонинг 1 фоизи Коррупцияга қарши кураш жамғармаси фойдасига хайрия қилинади.

Коррупцияга қарши Роспил Интернет саҳифаси асосчиси ва блоггер Алексей Навальнийнинг бу ташаббуси “Ўз-ўзингни ҳурмат қилиш учун 1 фоиз!” деган шиор билан жамоатчилик орасида тарғиб қилинмоқда.



Навальний ва унинг салафларига кўра¸ бу кредит карталари июл ойида муомалага чиқарилади ва ҳозирча уларни ҳозирлаëтган банк номи сир тутилмоқда.

Навальний картаси ташаббусчиларига кўра¸ ҳамкор банк 4 миллионга яқин шундай карта чиқариш режасида.

- Россияда йўл хизмати ва таъмири Финляндияга солиштирганда беш баробар қимматга тушади. Москвадаги тош йўлларни янгилаш учун расмийлар 4 миллиард рубл сарфлаш ниятида. Москвада олинаëтган поранинг ўртача қиммати 3 миллион АҚШ долларига тенг. Икки йирик ишлаб чиқариш фабрикаси Краснодар ўлкаси губернаторининг 22 яшар жиянига қарашли. Алексей Навальнийнинг “Роспил” банк картаси билан қилинадиган тўловларнинг 1 фоизи Россиядаги Коррупцияга қарши кураш жамғармасига хайрия қилинади. Роспил банк картаси: Ўз-ўзингни ҳурмат қилиш учун 1 фоиз¸ дейилади Навальний картаси тарғиботи учун Youtube.com қўйилган видеороликда.

Коррупцияга қарши Россия жамғармаси Роспил баробарида мамлакатдаги сайловларни кузатиш билан шуғулланувчи Росвыборы Интернет саҳифасини ҳам юрғизиб келмоқда.

АҚШдаги Yale университетида таҳсил олган Алексей Навальний кўпдан бери ўзи етакчилик қилаëтган коррупцияга қарши кураш ҳаракатига кенг жамоатчиликни жалб қилиш ва уни муттасил молия манбаси билан таъминлашга уриниб келмоқда.

“Ведомости” нашрининг ëзишича¸ Россия санъат ва молия дунëсидаги бир қатор таниқли шахслар Навальний жамғармасини маблағ билан таъминлаш¸ хусусан унинг картасини олиш истагини билдирган. Улар орасида шоир Дмитрий Быков¸ VimpelCom асосчисининг ўғли Борис Зимин¸ Alcantra Asset Management ширкатининг бошқарувчи ҳамкори Сергей Гребишкинлар борлиги айтилмоқда.

Навальний жамғармаси раҳбари Владимир Ашурков “Дождь” телеканалига берган интервюсида Роспил дебит картаси ғояси жамғарма ва уни чиқараëтган банк билан биргаликда ишлаб чиқилганини билдирди:

- Нега биз банк номини ошкор қилмаяпмиз? Чунки банк биздан шуни сўради ва бу банкни жуда реклама қилиш ниятимиз йўқ. Банк бизга шунчаки ўз инфраструктураси ва маҳсулотидан фойдаланиш имконини бермоқда¸ холос. Биласиз¸ жуда кўп банклар бир неча брэндлик карталар чиқаради ва шу боис биз шунақа ғояга келдик. Аҳолининг турли қатламлари орасида бундай карталарга қизиқиш бўлишига умид қилаяпмиз¸ деди Коррупцияга қарши кураш жамғармаси раиси Владимир Ашурков.

Алексей Навальний Владимир Путин учинчи бор президентликка қайтиш тадоригини бошлагандан бери Россияда тинимсиз давом этаëтган норозилик ҳаракатлари туғдирган энг ëрқин юлдуздир.

Бу норозилик ҳаракатларига қадар кенг жамоатчиликка кўп ҳам таниш бўлмаган блоггер ва ҳуқуқшунос Навальний¸ намойишларда қилган эҳтиросли чиқишлари билан ўн мингларча россиялик мухолифат тарафдорлари юрагини ëқди ва уларнинг маънавий етакчисига айланди. Бугунга келиб¸ Россия оммавий ахборот воситаларида мухолифат етакчиси сифатида энг кўп тилга олинаëтган шахс айнан Алексей Навальнийдир.

6-8 май кунлари ичида тўрт марта полиция томонидан ҳибсга олинган Навальний 9 май куни Москва маҳкамаси томонидан полицияга бўйсунмасликда айбдор деб топилди ва ҳозирда 15 суткалик қамоқ жазосини ўтамоқда.

16 май куни рафиқаси Юля Навальная эрининг блогида унинг қамоқдан туриб йўллаган муждасини ëзди:

“Ҳаммангизга кўрсатаëтган таянчингиз учун ташаккур. Фирибгар ва ўғрилар ҳозир бир нарсани – қўрқоқлигимизни кутмоқда. Улар кутганларини ола олмайди”¸ деб мужда йўллади ўз тарафдорларига Навальний 16 май куни.
XS
SM
MD
LG