Линклар

logo-print

Тожикистонда Каримов ҳақидаги китоблар пайдо бўлди


Тожикистонда тарқатилаётган китобларнинг бири "Иуда-2" деб номаланади.

Тожикистонда тарқатилаётган китобларнинг бири "Иуда-2" деб номаланади.

Тожикистонда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва оиласи "жиноятларини фош этувчи" "Дявол-2" (Шайтон-2) ва "Иуда-2" (Мунофиқ-2) номли китоблар тарқалмоқда.

Бу ҳақда мазкур китобларни ўзи кўрган Озодликнинг Душанбедаги мухбири Барот Юсуфий маълум қилди:

- Қаерда нашр этилгани номаълум бўлган ушбу китоблар Тожикистонда ноқонуний тарзда одамларга тарқатилмоқда, дейди тожикистонлик журналист Юсуфий.

Китоб муқовасида муаллиф номи келтирилмаган. Лекин китобдаги маълумотларнинг “Эрк” мухолифат партияси, Ўзбекистон Халқ ҳаракати ва шу ҳаракат раҳбари, шоир Муҳаммад Солиҳга оид Интернет саҳифаларидан кўчириб олингани айтилган.

Китобнинг қанча тиражда чоп этилгани ва Тожикистонда қанчаси тарқатилгани ҳозирча номаълум.

- Ҳар бири 100 саҳифадан иборат китобда Ўзбекистон раҳбари Каримов агрессор ва қаттол мустабид сифатида тилга олинади. У ва оиласи жиноятлари ҳақида сўз боради. Китобда Саддам Ҳусайн, Қаддафий, Чаушеску каби диктаторлар қаторида Каримов сурати ҳам келтирилган. Китобдаги маълумотлар Эрк партияси ва Муҳаммад Солиҳга оид сайтлардан олингани айтилган, дейди журналист Барот Юсуфий.

Муҳаммад Солиҳнинг ўзи Озодлик билан суҳбатда бундай китоб чоп этилганидан бехабар эканини айтди.

- Балки бизга хайрихоҳ бўлган одамлар тарафидан чиқарилган бўлиши мумкин. Каримовга қарши мухолиф фикрда бўлганлар фақат биз эмас ва фақат Ўзбекистонда ҳам эмас. Каримов бир диктатор сифатида бутун Марказий Осиё халқлари учун ҳам севилмаган бир шахсга айланган, дейди Ўзбекистон Халқ ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ.

Китобнинг рус тилида чоп этилгани ва у ерда тожик-ўзбек муносабатларига оид муаммоларнинг ҳам тилга олинганидан нашрнинг тожик ўқувчилари учун мўлжалланганини тахмин қилиш мумкин.

- Китоблар тўлалигича рус тилида. У ерда Тожикистон ҳақида, Роғун станцияси атрофидаги можаролар, чегара муаммоси, Ислом Каримов ўз ҳатти-ҳаракати ва сиёсати билан икки қардош миллатни ажратиб қўйгани таъкидланади,- дейди Озодликнинг Душанбедаги мухбири Барот Юсуфий.

Аввалроқ, Интернетдаги YouTube порталида “Халқ фарёди ёки Иуда-2” (Иуда бу ерда Исо Пайғамбарни 30 пулга сотган Иуда Ҳаворийга ишора сифатида "мунофиқ" маъносида келади - таҳр) деб номланган филм ҳам пайдо бўлган эди. 54 дақиқалик филм муаллифлари Ўзбекистоннинг “отаси” Ислом Каримов оиласи давлатдан 13 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги пулни ўмаргани ҳақида ҳикоя қилади.

Муҳаммад Солиҳ бу филмга ҳам ўзи раҳбарлик қиладиган мухолифат партиясининг алоқаси йўқлигини айтади.

- Бу филмни тайёрлаганларни ҳам биз билмаймиз, деди Солиҳ Озодлик билан суҳбатда.

“Халқ Фарёди” номли филм мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг баёнотларини ҳам чоп қилиб келадиган Туркистон ТВ мустақил видео портали томонидан ҳам эълон қилинган.

Қамоқхонада ўлдирилган маҳбуснинг аёли экани айтилган қаҳрамоннинг ҳикоясига асосланган “Халқ фарёди” филмида президент Каримов ва унинг ҳукуматига қарши бир қатор жиддий айбловлар илгари сурилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG