Линклар

Йозеф Блаттер: Мен сиздан узр сўрагани келдим


FIFA раҳбари Йозеф Блаттер Тошкентда ўзбекистонлик ёш футболчилар билан учрашмоқда.

FIFA раҳбари Йозеф Блаттер Тошкентда ўзбекистонлик ёш футболчилар билан учрашмоқда.

Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида FIFA раҳбари аёллар ўртасидаги футбол чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқи Ўзбекистондан олиб, Японияга берилгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан ўзбекистонлик футбол ишқибозларидан бунинг учун кечирим сўради.

Ўзбекистонга сафар қилаётган Халқаро футбол федерацияси – FIFA раҳбари Йозеф Блаттер чоршанба куни ташрифи якунларига бағишлаб Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида мамлакатда футболнинг ривожидан жуда ҳайратда эканини таъкидлади.

Тошкенда қурилаётган янги ўйингоҳлар ҳамда “Форумлар саройи” ва “Симпозиумлар саройи”ни кўздан кечирган Блаттер Ўзбекистон нафақат FIFAнинг йиллик йиғинлари, балки нуфузли халқаро мусобоқаларга ҳам мезбонлик қилишга тайёр эканини қайд этди.

- Бир сўз билан айтганда Ўзбекистон FIFA конгрессини қабул қилишга тайёр. Нафақат конгресс, балки терма жамоалар иштирокидаги мусобақаларни ҳам қабул қилиши мумкин. 2022 йилга қадар мезбонлар аниқланган. Умид қиламан, 2030 йилда Ўзбекистонда жаҳон чемпионатини ўтказиш имконияти пайдо бўлиши мумкин,- деди Блаттер.

Ўзбекистон келаси йил FIFAнинг йиллик конференциясига мезбонлик қилишга даъвогар 8 давлатдан биридир.

Ўзбекистон Футбол федерацияси расмийларига кўра, бу йил мамлакатда еттита янги стадион топширилади. Бу стадионларнинг барчаси халқаро талабларга жавоб берадиган, FIFA ва AFC мусобақаларини ўтказиш мумкин бўлган стадионлардир.

- Ўзбекистонда инфратузилманинг ривожланаётгани ҳақида умумий тасаввурга эга бўлдим ва айтиш мумкинки, бу тузилма келажак учун тайёр. Бундан ташқари халқаро мусобақлар учун лозим бўладиган тизимни янада ривожлантириш керак,- деди Йозеф Блаттер.

Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида FIFA раҳбарига аёллар ўртасидаги футбол чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқи Ўзбекистондан нега олиб қўйилгани ҳақида ҳам савол берилди.

2012 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасидаги футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқини FIFA ўтган йилнинг декабрида Японияга беришга қарор қилган эди.

Бундай қарорга Ўзбекистоннинг "қатор ташкилий ва техник сабабларга кўра", чемпионатни ўтказишга тайёр эмаслиги сабаб бўлгани айтилган.

- Бу жуда нохуш қарор бўлган. Ўтган ишга саловот. Лекин барибир ахборот сифатида сизга айтиб ўтишим керак, бу ҳолат учун барча масъулиятни FIFA ўз зиммасига олади. Бу ўринда Ўзбекистон футбол федерациясининг ҳеч айби йўқ. Бу иш аввалдан нотўғри йўлга қўйилган, аввало диққатлироқ бўлишимиз ва ишни яхшироқ ташкиллаштиришимиз керак эди. Мен бугун расман FIFA президенти сифатида узр сўраш учун келдим,- деди Йозеф Блаттер.

Шу ўринда FIFA раҳбари Ўзбекистон 2015 йилда бўладиган футбол бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши мумкинлигини айтди.

- Агар FIFA календарига кўра, 2015 йилда 20 ёшгача бўлганлар ўртасида жаҳон чемпионати Осиёда ўтказилиши мумкин. Ўзбекистон ушбу мусобақани қабул қилишга яқин турибди. Яна бир нарсани қўшимча тарзда айтиб ўтмоқчиман, 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги мусобақани ўтказиш бу 52 та ўйинни қабул қилиш дегани. Бу эса 6 та стадион керак дегани. Йигирма ёшлилар ўртасидаги жаҳон чемпионати FIFA учун муҳимлиги жиҳатидан иккинчи ўринда турадиган мусобақасидир,- деди Йозеф Блаттер.

Бу FIFA раҳбари Йозеф Блаттернинг бу лавозимда Ўзбекистонга қилган учинчи ташрифидир. Блаттер Ўзбекистонга сўнгги бор 2007 йилда ташриф қилган. Ўшанда у ва Осиё футбол конфедерациясининг ўша пайтдаги раҳбари бўлган Муҳаммад Бин Хаммамни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов “Оқсарой” қароргоҳида қабул қилган эди.

Ўзбекистон Футбол федерацияси расмийларига кўра, бу сафар ҳам жаноб Блаттернинг президент Каримов билан учрашиши режада бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG