Линклар

Тожик расмийлари мамлакатда машҳур бўлган “Ҳимоячилар”, “Тақдир йўли”, “Юсуф янглиғ”, “Ойдин орзулар” ва “Қашқирлар макони” каби турк сериалларнинг таржима қилиниши ва ёйинланишини тақиқлаб қўйдилар.

Уларга кўра, ҳаддан зиёд шафқатсизлик акс этган бу сериаллар томошабинга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Тожикистон кино ва видеомаҳсулотлар давлат агентлиги (Тожиккино) раҳбари Давлат Сафаров фикрича, бу филмларда террорчилик, экстремизм ва зўравонлик унсурлари мавжуд.

- Бу филмлар мухлисларининг кўпчилигини онги эндигина шаклланиб келаётган ёшлар ташкил қилади ва бу филмлар ўсиб келаётган авлод тарбиясига салбий таъсир кўрсатади, - дейди Давлат Сафаров.

“Тожиккино” раҳбари мамлакатда фақат турк сериалларигина эмас, зўравонлик, террорчилик ва экстремизмни тарғиб қилувчи бошқа барча бадиий ва анимацион филмларга ҳам тақиқ жорий қилинганини айтади.

- Биз аудиовизуал маҳсулотлар сотиладиган жойлардан фақат Туркияда ишлаб чиқарилган кино ва видеомаҳсулотларнигина эмас, балки АҚШ, Европа мамлакатлари ва Россияда ишлаб чиқарилган ҳамда ахлоқ мезонларидан йироқ бўлган филмларни ҳам мусодара этаяпмиз, - дейди Давлат Сафаров.

Хорижий филмларга муқобил ўлароқ эса “Тожиккино” маҳаллий филмлар яратиш учун танлов эълон қилган.

- Биз танловга келган энг яхши сценарийларни сотиб оламиз ва улар асосида ҳам тўлиқ метражли, ҳам сериалларни суратга оламиз, - дейди Сафаров.

Сўнгги икки йил ичида Тожикистон аҳолиси, айниқса ёшлар ўртасида турк сериаллари ўта оммалашиб кетгани кузатилади. Бу филмларни турк тилидан тожик тилига таржима қилиш билан асосан хусусий студиялар шуғулланиб келарди.

Ўзбекистонда ҳам феврал ойидан буён турк сериаллари намойиш этилмаяпти. Озарбайжон телевидениесида эса шу йилнинг 1 майидан бошлаб хорижда ишлаб чиқарилган ҳар қандай сериал ва филмларни намойиш қилиш тақиқланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG