Линклар

15 май куни пора олди-бердисида айбланиб ҳибсга олинган адвокат Ҳожиакбар Абдуллаев¸ расман тасдиқланмаган маълумотга кўра¸ ўша куни милиция ходимлари қўлидан қочиб кетган.


Тошкент шаҳридаги “Учтепа адвокатлари” адвокатлар ҳайъати ходими Ҳожиакбар Абдуллаев 15 май куни Учтепа туман фуқаролик ишлари бўйича суди биноси олдида мижозларидан биридан пора олаётган пайти Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинган.

Бу ҳақда воқеага гувоҳ бўлган ҳуқуқ фаоли Шоира Содиқбекованинг Озодликка маълум қилишича, ўша куни адвокат Ҳожиакбар Абдуллаев шаҳар прокуратурасига олиб кетилаётган пайти милиция ходимлари қўлидан қочиб кетган.

- Ҳожиакбар Абдуллаев деган адвокатни 15 май куни кечки соат 7ларда Учтепа туман фуқаролик суди эшигининг остида ушлашди СНБ ходимлари. Нима сабабдан ушланганини сўрасам, судя билан мижозининг ўртасида воситачилик қилмоқчи бўлган экан. Шунга мижозидан пул олиб “Судяга бераман. Ҳозир судя ташқарига чиқади, берамиз” деб пул олган жойида СНБ ходимлари келиб уни ушлаб олиб кетишган. Прокуратурага олиб кириб кетишаëтганда машинадан тушириб, прокуратура биносига кирмасдан шу ерда қочиб кетибди. У аввал терговчи бўлиб ишлаган собиқ милиция ходими экан. Милиция ходимлари ëрдам берган бўлса керак қочиб кетишига, деган гап бўлди, дейди ҳуқуқ фаоли.

Шоира Содиқбековага кўра, ҳозирда Ҳожиакбар Абдуллаевга нисбатан қидирув эълон қилинган.

- У ҳозир қидирувда экан. Қочиб кетди, лекин Ўзбекистон ичкарисида яширинган. Ҳали ташқарига чиқиб кетгани ҳақида хабар йўқ. Адвокатлар палатасида ишлаган. Адвокат лицензиясини олиб охирги вақтда адвокат бўлиб ишлаб юрган эди, ёши 50дан ошган. Мен ўзим кўрганман у одамни. У одам билан ҳаттоки мулоқотда бўлганман, суҳбатлашганман. У одам ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган. Ҳовли жойи бўлган, қаердадир доми бўлган, машиналари бўлган. Ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган, дейди Шоира Содиқбекова.

Тошкент шаҳар Aдвокатлар палатасидан олинган маълумотга кўра, 54 ёшли Ҳожиакбар Абдуллаев адвокатлик лицензиясига эга бўлиб, ҳозир ҳам “Учтепа адвокатлари” адвокатлар ҳайъатида ишлайди.

“Учтепа адвокатлари” адвокатлар ҳайъати бошқарувчиси Равил Исанбоевнинг Озодликка билдиришича, айни пайтда Ҳожиакбар Абдуллаевнинг ҳибсга олингани ва унинг қочиб кетгани борасида фақат оғзаки гап-сўзлар бўлиб, бироқ бу расман тасдиқланмаган.

Исанбоев ҳозирда Ҳожиакбар Абдуллаевнинг қаерда эканлиги номаълумлигини қайд қилди.

Ўзбекистонда кейинги пайтда коррупцияга қарши кураш тадбирлари доирасида ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари - судя, прокурор ва адвокатлар ҳам "қармоқ"қа илинмоқда.

Айрим ҳолларда бу "қармоқ"дан қочиб қутилиш ҳолатлари ҳам кузатилади.

Ўтган йилнинг августида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро фуқаровий суди раиси Холмуҳаммад Отахонов пора олганликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилиш ва қамоққа олинишдан қочиб, котиби билан яширингани айтилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG