Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:18

Ўзбекистонда GM машиналари кескин қимматлади


GM чиқараëтган Spark харидорларининг кўплиги айтилмоқда.
GM чиқараëтган Spark харидорларининг кўплиги айтилмоқда.

12 май куни инвентеризация учун ёпилган автосалонлар 17 майдан GM Ўзбекистон қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган автомобилларни 12 фоиздан 29 фоизгача қимматлаган нарх билан савдо қилишни бошлади.


Янги нархлар 17 майдан кучга кирди

"Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик компанияси GM Ўзбекистон қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган автомобиллар нархи 12 майдан бошлаб ошганлигини эълон қилди.

17 май куни иш бошлаган Тошкентдаги автосалонлардан бирининг ўзини таништирмаган сотувчисига кўра, автосалонда кейинги беш кун давомида инвентеризация ўтказилган:

- Тошкентдаги автосалонлар 12 майдан официално инвентаризацияга ёпилган эди. Бугундан янги нархда машиналарни сотишга рухсат берилди. Автомобиллар турига қараб 12 фоиздан 29 фоизгача ошди. Энг кўп ошгани Дамас бўлди. Унинг эски нархи 16 миллион 583 минг сўм эди. Энди унинг янги нархи 21 миллион 400 минг сўм бўлди, яъни 5 миллион қўшилди, дейди автосалон сотувчиси.

Суҳбатдошга кўра, Ласетти русумидаги автомобиллар 12 фоизга ошган, 9 миллион турадиган Матиз автомобили эса турига қараб 12 миллион 841 минг сўмгача кўтарилган.


Қиммат ва қаҳат....

Озодлик суҳбатлашган автосалон ходимига кўра¸ эркин савдога қўйилган автомобил йўқ, ҳамма автомобилга олдиндан пул тўлаб¸ қарийб бир йилча навбатда тургандан кейин сотилади:

- Масалан, Ласетти оладиган бўлсангиз ҳозир декабр ойига фондларимиз бор. Ундан бошқа турдаги машиналарга эса феврал-март ойларида харидорлар олдиндан шартнома қилиб 85 фоиз пулини тўлаб қўйган. Ҳозир тўғридан-тўғри оламан десангиз¸ автосалонда ҳеч қандай машина йўқ, дейди Тошкентдаги автосалонлардан бирининг сотувчиси.

Автомобил сотиб олиш учун олдиндан пул тўлаб қўйган харидорлар навбати келганда¸ эски нарх оширилган бўлса¸ нархлар ўртасидаги тафовутни тўлашга тўғри келади. Айни пайтда Ўзбекистондаги дўконларда автомобиллар ҳам ўзбек сўмида, ҳам АҚШ долларида сотилмоқда.


"Шапкаси бор!"

Ўзбекистон ўзи автомобил саноатига эга бўлса ҳам, ўзбекистонликлар автомобил сотиб олиш учун ойлаб ва йиллаб навбат кутишга мажбур. Навбатни тезлатиш ва машинанинг рангини танлаш учун автосалонларда коррупция авж олганлиги айтилади.

Хоразм вилоятининг Питнак туманида истиқомат қилувчи Шукуржон Искандарова икки йилдан бери Дамас автомашинасини сотиб ололмаётганини айтади:

- Урганчдаги автосалонга ариза бериб қўйганман. Ҳали мени навбатим келмаган эмиш. Ҳар ойда янаги ой келинг деб айтишаверади. Ўзимизда чиққан мошина бўлса, нега биз оддий одамлар уни ўз нархига ололмаймиз, дейди Шукуржон Искандарова.

GM-Ўзбекистон қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган автомобиллар нархи нима сабабдан ошганлиги ҳақида маълумот олиш учун Озодлик мухбири “Ўзавтосаноат” компанияси билан боғланди.

Бу саволга компаниянинг ўзини таништирмаган ходими, "ҳукуматдан шундай кўрсатма тушди ва шу асосда нархлар оширилди"¸ дея қисқа жавоб бериш билан чекланди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:16 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG