Линклар

Ислом Каримовнинг Москвада Владимир Путин билан учрашгани ҳақида лавҳа ҳозирлаган Ўзбекистон телеканали¸ президентнинг мавзудан "ўтлаб" гапирган гапларини кесиб-ямашга уринди.

Қизғанчиқ “Ахборот”

Кеча “Ахборот” қизғанчиқлик қилди.

Қилгандаям, келиб-келиб президентга қолганда қилди қизғанчиқликни.

15 май куни Владимир Владимирович билан ўтказган хос мулоқоти чоғида Ислом Абдуғаниевич қилган баёнотларни “Ахборот” тўлиқ эшиттирмади - вақти тиғиз бўлса керак-ки, президент айтган гапларнинг баъзи муҳим жиҳатларини четлаб ўтди.

“Ахборот”чиларниям балки, тушуниш мумкиндир.

Ахир давлат раҳбарининг Москва сафаридан бошқа воқеалар: мажлислар, йиғилишлар, семинарлар, конференциялар, симпозиумлар, тренинглар, давра суҳбатлари... шу қадар кўпки, уларнинг барчаси тўғрисида “бугун ким нима мажлис қилдийкин”, деб илҳақ бўлиб ўтирган томошабинга хабар қилмоқ керак.

Бас, “Ахборот”нинг мамлакат президенти айтганларини тўлиқ эшиттиришга вақти йўқ экан, телесюжетнинг камтигини “Телевизор” эшиттириши тўлдиради.

Арифметика

Россия президентининг расмий сайти МДҲнинг норасмий саммити танаффусида Ўзбекистон ва Россия президентлари ўртасида бўлиб ўтган мулоқотнинг стенограммасини эълон қилди.

Ҳужжатдан рус тилидаги қисқа мулоқот чоғида иккала президент ҳаммаси бўлиб 793 та сўз ишлатгани маълум бўлади.

Россия президенти “спасибо”ларини қўшиб ҳисоблаганда 193 та сўз ишлатган.

Ўзбекистон президенти эса 600 та сўз ишлатган.

Нима учун Ислом Абдуғаниевич Владимир Владимировичдан уч баравар кўп гапирди?

Чунки, Ўзбекистон президенти ўзининг айтишича, “несколько отвлекся”.

Монтаж

Ўша “бироз чалғиган” чоғида жаноб Каримов Ўзбекистондаги демографик вазият тўғрисида гапирдики, нутқнинг ўша қисмини “Ахборот” бундай берди:

Президент нутқидан олинган бу парчани атайлаб тўлиқ эшиттирдик.

Россия президенти сайтида эълон қилинган стенограммага қиёсланса, “Ахборот”чилар ўз президенти нутқини монтаж қилгани яққол кўриниб қолади.

Журналистиканинг қаттиқ нонини совуқ сувга бўктириб еб келаётганимиз учун айтишимиз мумкинки, бировнинг нутқини томошабин ё тингловчига етказмоқчи бўлар экан, журналист кўпинча кесиб-ёпиштиришга – монтаж қилишга мажбур бўлади.

Лекин бир муҳим шарт бор: монтаждан нутқнинг мағзи-моҳиятига путур етмаслиги лозим.

Бу ақлли, лекин керакли гапимиздан кейин энди Каримов нутқидан “Ахборот” олган парчани Россия президенти сайтида эълон қилинган стенограммадан асл ҳолида келтирамиз.

“Население Узбекистана сегодня составляет без малого 30 миллионов человек. Я не говорю, что мы растём быстрыми темпами, – мы всё делаем, чтобы темпы роста нашего населения, в отличие от России, не превышали 1,2–1,3”.

“Ахборот” бу иккита гапнинг биринчисини - “Ўзбекистон аҳолиси бугунги кунда сал кам 30 миллион кишидан иборатдир” гапни олган.

Лекин биринчи гапнинг ортиданоқ келган мана бу: “Жадал суръатлар билан ўсаяпмиз (кўпаяяпмиз) деяётганим йўқ, - биз, Россиядан фарқли ўлароқ, аҳолимиз кўпайиш суръатлари 1,2 – 1,3 дан ортиб кетмаслиги учун барча чораларни кўраяпмиз”, деган гапдан “Ахборот” бир неча сўзни – “барча чораларни кўраяпмиз” “мы всё делаем, чтобы”ни олгану, бир абзац хатлаб ўтиб, кейинги абзацнинг биринчи қўшма гапи эргашган қисмини олган.

Натижада монтаждан сўнг Каримовнинг иккита гапидан тузилган гап мана бу кўринишни касб этган:

Бошингизни оғритводимми?

Лўндаси

Унда лўнда қилиб айтай. “Ахборот” ўз сюжетида президент Каримовнинг “аҳолимиз кўпайиш суръатлари 1,2 – 1,3 дан ортиб кетмаслиги учун барча чораларни кўраяпмиз” деган гапини ва “Если смотреть через эту призму, мы и в этом вопросе через пропаганду, агитацию, медицину пытаемся создать условия, чтобы темпы роста нашего населения соответствовали темпу роста экономики” деган гапининг курсивда келтирилган биринчи қисмини, яъни “аҳоли кўпайиши суръатлари ортиб кетмаслиги учун” “тарғибот, ташвиқот ва тиббиёт”дан (таъкид бизники – Озодлик) фойдаланилаётгани тушириб қолдирган.

Хўш, нима бўпти?

Ҳеч нарса бўлгани йўқ. Фақат бир нарсани ҳисобга олмаганда.

Президент хорижий оммавий ахборот воситалари, шу жумладан Озодлик ҳам бир неча йилдан бери айтиб келаётган гап – Ўзбекистонда туғиш ёшидаги аёлларга уларнинг ихтиёрларига қарши контрацептив чора-воситалар қўлланилаётгани, аёллар ҳатто стерилизация қилинаётганини билвосита тан олди.

Лекин “Ахборот” бу иқрорни эфирга бермади.

Чунки бу мавзу Ўзбекистонда тақиқланган.

Ҳатто Ислом Абдуғаниевичга ҳам!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG