Линклар

14 май куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фуқароларни доимий қайддан ўтказишнинг янги тартиби кучга кирди.



Ўзбекистон Ички ишлар вазири Баҳодир Матлубов тасдиқлаган бу тартиб 2012 йил 16 феврал куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган қарорга асосланади.

Вазирлар Маҳкамаси ўтган йил 16 феврал куни "Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга қўйиладиган шахслар тоифаси – Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Рўйхати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида" қарор қабул қилган эди.

Аммо бу қонун амалга ошишини маромловчи ҳужжат тўрт ой ўтгач қабул қилинди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси қошидаги Хорижга чиқиш ва кириш ҳамда фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг ўзини Равшан деб таништирган ходими 17 май куни Тошкентда доимий рўйхатга олиш бошланганини айтди.


Ëппасига “прописка” қилинадиганлар

Ўзбекистон Ички ишлар вазири тасдиқлаган янги тартибга кўра¸ 2012 йилнинг 15 майига қадар Тошкентда уй сотиб олиб вақтинча пропискада турганларнинг ҳаммаси ëппасига доимий прописка қилинади.

Шунингдек бу тартибга кўра¸ 2012 йил 15 майга қадар Тошкентдаги иморат ëки квартирани мерос олганларнинг ҳаммаси доимий қайддан ўтказилади.

Айни ҳужжатга кўра¸ никоҳ қайд этилганидан кейин энг камида бир йил мобайнида Тошкент пропискасига эга бўлган турмуш ўртоғи билан бирга яшаганини тасдиқлай олган фуқаролар прописка қилинади.

Никоҳ чет элда қайд қилинган бўлса¸ бу борадаги ҳужжат ўша мамлакатдаги
Ўзбекистон консулхонаси тарафидан тасдиқланган бўлиши лозим¸ дейилади бу қарорда.

Прописка муҳри бир вақтнинг ўзида паспорт ва уй дафтарига босилади.


Янгича прописка қилинадиганлар

Ўзбекистон Ички ишлар вазири имзолаган Тошкент шаҳри ва вилоятида пропискага туришга оид тартибга кўра¸ бундан буëн 12 тоифадаги фуқаролар Тошкентда доимий қайддан ўтиш ҳуқуқини сўраб ариза беришлари мумкин:

- шаҳардан уй сотиб олган шахслар;
- пропискаси бор шахсларнинг биринчи ва иккинчи даражадаги тўғридан-тўғри қариндошлари;
- пропискаси бор фуқароларнинг васийлари;
- пропискаси бор шахсларнинг ота-онасиз қолган қондош ака-ука ва опа-сингиллари, шунингдек меҳнатга лаёқатсиз оиласи бўлмаган ака-ука ва опа-сингиллари;
- пропискаси бор эр(хотин), агар улардан бирининг пропискаси бўлса ва камида бир йил бирга яшаган бўлса;
- Тошкент шаҳрида доимий пропискаси бор фуқаролар, агар улар доимий прописка масаласи бўйича Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги бошқа манзилга мурожаат қиладиган бўлса;
- Тошкент вилоятида доимий пропискаси бор фуқаролар, агар улар доимий прописка масаласи бўйича Тошкент вилоятидаги бошқа манзилга мурожаат қиладиган бўлса;
- илгари Тошкентда пропискада турган, бироқ ўқиш ёки узоқ муддатли хизмат сафарига кетиб қайтиб келган ёки жазони ўташ муассасасидан озод бўлган шахслар.

Вақтинча прописка

Янги тартибга кўра¸ Тошкентга хизмат ëки ўқиш мақсадида келганлар паспортига вақтинча прописка муҳри урилади.

Амалдор ëки депутатлар қанча муддатда амалда бўлса¸ унинг оила аъзолари ҳам шунча муддатга прописка қилинади.

Вақтинча прописка қилинадиганлар рўйхати ҳужжатга кўра мана бундай:

- фақат амалдаги фаолияти даврида Тошкент шаҳрига тайинланган амалдорлар ва уларнинг оилалари;
- депутатлар ва уларнинг оилалари;
- фақат иш даври давомида пойтахтга ишлашга таклиф этилган мутахассислар ва уларнинг оилалари;
- ҳарбийлар ва уларнинг оилалари.

Матлубов тасдиқлаган янги тартибда¸ фаолияти тугаган амалдорнинг икки кун ичида пропискадан чиқиши лозимлиги айтилади.

Мабодо ҳужжатларни расмийлаштиришда қалбакиликлар бўлса, иш тергов органларига юборилади¸ дейилади ҳужжатда.


Прописка қилиш қийинлигича қолмоқда

Келтирилган 12 тоифанинг жуда ҳам тор доирадаги инсонлар учун қўлланиши ва оддий одамларнинг Тошкент шаҳар ва вилоятига рўйхатдан ўтиш учун бирор енгиллик йўқлиги айтилади.

Тошкентлик Малика исмли 30 яшар аëл туркиялик йигитга турмушга чиққан.

Маликанинг отаси ëлғиз ва хасталиги боис улар Тошкентда яшашмоқда.

4 йилдан бери эримни прописка қилишмаяпти дейди Малика:

- Кеча яна бордим. Роса одам кўп. Опа кутиб туринг дейишди. 4 йилдан бери кутаман. Эрим бунақа бюрократияни кўриб ҳайрон қолди.

Маликанинг эри бир йилда олти марта вақтинча меҳмон мақомини олиб Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини чўзиб келмоқда.

Малика бу мураккаб жараëнга нуқта қўйилишини орзу қилади.

Ëпиқ шаҳар

Тошкент шаҳри ва вилоятига келган Ўзбекистон фуқаролари ушбу ҳудудларда рўйхатдан ўтмасдан беш кун юришлари мумкин.

Беш кундан ортиқ муддатга келган ўзбекистонликлар мажбурий тартибда қайддан ўтишлари лозим.

Расмий манбаларда Тошкент шаҳри аҳолиси, 2011 йилги маълумотларга кўра, 2 миллион 300 мингдан ортиқ экани кўрсатилади.

Аммо кузатувчилар рўйхатдан ўтмаган ҳолда пойтахтда яшаб ишлаб юрган фуқаролар билан Тошкент шаҳрининг аҳолиси ушбу рақамлардан анча юқори эканини таъкидлашади.

Прописка ҳақидаги қонунлар марафони

Ўзбекистон президенти 2011 йил 14 сентябр куни “Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага ҳақи бор фуқаролар” ҳақидаги қонунни имзолаган эди.
2012 йил 16 февралда эса вазирлар маҳкамаси бу борадаги яна бир қонунни қабул қилди.

Ниҳоят 2012 йилда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фуқароларнинг доимий қайддан ўтишнинг янги тартиби кучга кирди.

Прописка керакми ўзи?

Ўзбекистон Конституцияси ўз фуқароларига ҳаракатланиш эркинлигини кафолатлайди.

Прописка ҳақидаги қонун руҳи Конституцияга зид келаëтгани маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Прописка тизими ҳозирги пайтда Шимолий Корея ¸Россия¸ Беларусда мавжуд.

Ўтган йил августида Қозоғистон фуқароларнинг қайддан ўтишини қаттиқ назорат қилувчи қонунни жорий қилди.

АҚШ ва Ғарбда қайддан ўтиш жараëни ўта соддалаштирилган.

Европада ижара шартномаси ëки уй соҳиблиги ҳақидаги ҳужжатга асосан ҳар бир фуқаро эркин тарзда қайддан ўтказилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG