Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:02

Қирғизистон Кремлга назоратни топширмоқчи эмас


Қирғизистон ҳукумати Кремлга “Достон” заводининг 48 фоиздан, янги қуриладиган ГЭСларнинг 50 фоиздан кўп бўлмаган акцияларини беришга тайёр эканини билдирган. Қирғизистон президенти МДҲ раҳбарларининг Москвада ўтган норасмий саммити доирасида ўз мамлакати бу фикрда собит эканини яна бир бор таъкидлади. Аммо Кремл Қирғизистондан акцияларнинг камида 75 фоизи берилишини талаб қилмоқда.

Қирғизистон президенти маъмурияти расмийси Сапар Исаков Бишкек бундай талабни инкор этишини маълум қилди.

- Биз Россияга қарз эвазига “Достон” заводи акцияларининг 48 фоизини ва Бишкекдаги савдо уйларидан бирини беришга рози эканимизни билдирдик. Россия томони бизга “Достон” заводи юзасидан бир ойнинг ичида, ГЭСлар қурилиши юзасидан ҳамкорлик борасида икки ҳафта ичида жавоб бериши керак, -деди Сапар Исаков.

Россия 2009 йилда 300 миллон доллар қарзи эвазига “Достон” заводи акцияларининг 48 фоизини олишга розилик билдирган ва икки томонлама шартномани имзолаган эди. Аммо Кремл бу шартномани бузган ҳолда бир қатор давлатлар харидор бўлиб турган “Достон” ҳарбий заводи акцияларининг 75 фоизи ўзига берилишини талаб қилмоқда. ГЭСлар қуриш лоийҳасидаги иштироки учун ҳам Москва гидроиншоотларнинг 75 фоиздан кам бўлмаган акциясига эгалик қилмоқчи.

Марказий Осиё бўйича россиялик эксперт Аркадий Дубнов Кремл “Достон” заводида ишлаб чиқарилувчи торпедалар қайси давлатларга сотилаётганини назорат қилиш учун ҳам “Достон” заводининг 75 фоиз акциясини талаб қилмоқда деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, қурилиши режалаштирилган ГЭСлар акцияларининг асосий қисми Москвага берилса, у ҳолда Россия минтақадаги сув заҳиралари назоратини ҳам ўз қўлига кирита олади.

- Қирғизистон Россиядан бир неча йил аввал имзоланган шартноманинг бажарилишини талаб қилаётгани эътиборга лойиқ. Бироқ Бишкек бу позициясида қатъий тура олмайди. Чунки Бишкек Россия талабини бажармаса, у ҳолда Кремл “Достон” акцияларидан воз кечади ва қарзни нақд пул ҳисобида тўлашни талаб қилади, -деди Аркадий Дубнов.

Бишкекдаги ижтимоий сиёсат институти эксперти Анара Мусабаева қирғиз ҳукумати Россия билан музокараларда юмшоқроқ бўлиши керак, деган фикрда. Унинг айтишича, Қирғизистоннинг иқтисодий аҳволи тўғридан-тўғри Москва билан қилинадиган муомаланинг илиқлигига боғлиқ бўлиб турибди.

Бундан бир ой аввал Қирғизистон Бош вазири Ўмурбек Бабанов Россия томонига ГЭСлар лойиҳасини амалга оширишдаги ҳамкорлик юзасидан кескин талабларни қўйиб, Москва апрел ойида Бишкекка ўз режасини тақдим этиши шартлигини билдирган эди. Қирғиз ҳукумати Москва бу талабни бажармаса, Қирғизистон ГЭСларни бошқа давлатлар билан ҳамкорликда қуришини эълон қилган.
XS
SM
MD
LG