Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:02

Каримов Чикагога бормайди


НАТО нинг 20-21 май кунлари АҚШнинг Чикаго шаҳрида ўтадиган саммитига расман таклиф этилган Тошкент раҳбари дунëнинг қудратли ҳарбий иттифоқи раҳбарлари йиғинига бормасликка қарор қилган.

Бу ҳақда РИА Новости агентлиги Ўзбекистон президенти матбуот xизматига таяниб хабар берди.

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бу хабарни на тасдиқлаш ва на инкор этиш ваколатида эмаслигини билдирди.

РИА Новостига кўра, саммитда Ўзбекистон президенти ўрнига Tашқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошлиқ делегация қатнашади.

Чикагодаги саммитига таклиф этилган олтмишдан ортиқ давлат раҳбари рўйхатида Ўзбекистон президенти номи келтирилган.

- Саммитга кимни юборишни давлатни ўзи ҳал қилади. Баъзида охирги сонияларда таклиф этилган давлат раҳбарлари ўрнига вазирлар келгани ҳолатлари ҳам бўлган, - дейди НАТО матбуот хизмати вакили Лингеску.

Ўзбекистон президенти Каримов Афғонистондаги халқаро кучларга таъминот юкларини етказиб бераётган бошқа мамлакат раҳбарлари қатори Чикагодаги НАТО саммитига таклифнома олган.

Афтидан Каримов ҳам Россия раҳбари Путин йўлидан боряпти, дейди Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг сиёсий шарҳловчиси профессор Юрий Фёдоров.

-Лекин Путин НАТОга эмас, Катта саккизлик саммитига бормади. Ўрнига бош вазир Медведевни жўнатди. Балки Каримов НАТОга нисбатан шундай сиёсат қўлламоқчидир - дейди Федоров.

Чикаго саммити кун тартибидаги асосий мавзу 2014 йил охирига қадар НАТО қўшинлари Афғонистонни тарк этганидан сўнг¸ бу мамлакатга ҳарбий ва молиявий ëрдам бериш масаласидир.

Ўзбекистон Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинлари учун таъминот юкларининг каттагина қисми жўнатилаëтган Шимолий таъминот тармоғидаги муҳим давлатдир.

Афғонистонга мўлжалланган ноҳарбий ва ҳарбий юкларнинг асосий қисми транзит қилинаëтган Покистонда НАТО карвонларига қарши жанггарилар ҳужумлари кўпайганидан сўнг¸ Шимолий таъминот тармоғи аҳамияти ошган эди.

Бундан олти ой аввал АҚШнинг Покистондаги жанггарилар марказларига уюштирган ҳужумлари оқибатида ҳукумат кучларининг 24 ҳарбийси ўлдирилгани ортидан Исломобод ҳукумати Жанубий таъминот тармоғини бутунлай ëпиб қўйди.

Жорий ҳафта Исломобод қайтадан НАТО таъминот юкларини ўз ҳудуди орқали Афғонистонга олиб ўтилишига рухсат берди.

Айрим кузатувчилар фикрича¸ бу ҳаракат Термиз орқали Афғонистонга кирадиган Шимолий таъминот тармоғи аҳамиятини пасайтирмай қолмайди.

АҚШ президентининг Чикаго саммити доирасида Ўзбекистон президенти билан учрашишни режаламагани ҳам¸ айрим таҳлилчилар томонидан¸ ана пасайиш маҳсули сифатида талқин этилмоқда.

Лекин, Юрий Федоров фикрича, Покистон ўз ҳудуди орқали Афғонистонга ўтувчи йўлни НАТОга очиб бергани билан шимолий таъминот йўлининг аҳамияти пасаймайди.

- Покистон орқали ўтадиган йўл таҳликали, мамлакат шимолий минтақалари нобарқарор, ҳукумат у ерда етарли назорат ўрнатмаган. Покистон ҳукумати коалиция кучлари учун йўлни очиб бериши мумкин, лекин ушбу таъминот йўли ҳарбий юкларни олиб ўтиш учун ҳатарли.

Шундай экан, АҚШ ва НАТО учун нисбатан хавфсиз шимолий таъминот тармоғи бари бир аҳамиятини йўқотмаганини кўрамиз, - дейди Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг сиёсий шарҳловчиси профессор Юрий Фёдоров.

Ўтган ҳафта Оқ уй матбуот хизмати¸ АҚШ президенти Барак Обама Чикагода ўтадиган НАТО саммити доирасида Марказий Осиë раҳбарларининг бирортаси, жумладан Каримов билан учрашишни ўз кун тартибига киритмаганини маълум қилди.

- Обама учун сайловолди кампаниси пайти Каримовдек раҳбар билан қўл чиқишиш катта минус бўлади, у бунинг учун республикачиларнинг танқидларига қолиши тайин, - дейди Федоров.

Хьюман райтс уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ғар етакчилари, жумладан Обама Каримов билан учрашиш учун инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш ва сиёсий махбусларни озод этиш талабини қўйиши кераклигини таъкидлаган.
XS
SM
MD
LG