Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:31

Прокуратура алимент тўламаганларни жазоламоқда


Ўзбек матбуотига кўра¸ ишсизлик кучайган сайин алимент тўловчилар орасида бунга қурби етадиганлар сонининг камайиб бораëтгани прокуратурани бу муаммога жиддий ëндашишга мажбур қилмоқда.


Наманганда алимент тўламаганларнинг таноби тортилмоқда

Наманган вилояти Косонсон туманида алимент тўловидан бош тортган тўрт нафар фуқаро сайёр суд мажлисида – жамоатчилик қаршисида сазойи қилинган.

Ҳудуддан олинган хабарга кўра, маҳкама жараёнига “кўзини очиб олиши учун” тумандаги 70 нафардан ортиқ алимент тўловчи ҳам келтирилган.

Косонсой прокурори Валижон Мамадалиевнинг “Ҳуқуқ” газетаси орқали маълум қилишича, фуқаролар О.Ражабов 1,9 миллион, Д.Мамарасулов 1,3 миллион, Х.Тожибоев 1,5 миллион ва А.Йўлдошев 520 минг сўм алимент пулидан бўйин товлаган.

Сайёр маҳкама судланувчиларнинг бир нафарига озодликдан маҳрум этиш, 3 нафарига жарима ва ахлоқ тузатиш ишлари жазоларини тайинлаган.

“Оила йилида алимент муаммоси бўлмаслиги керак”

Прокуратура расмийсига кўра, Косонсой туманида вояга етмаган фарзандлари моддий таъминоти учун алимент ундириш ҳолатлари кўпаймоқда.

Қайд этилишича, тумандаги алимент тўловчилар сони жорий йилда 402 нафардан 578 нафарга ошган, уларнинг қарздорлиги 22,5 миллион сўмдан 160,3 миллион сўмга ортган.

“Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилинган 2012 йилда прокуратура алимент масаласи ечимига жиддий киришгани, бу борада кескин чоралар кўраётгани айтилмоқда. Масалан, сўз юритаётганимиз – Косонсой туманида бу масалага совуққонлик билан қараган 4 нафар мансабдор интизомий, 24 нафар мансабдор эса маъмурий жавобгарликка тортилган. Куч ишлатар идора маҳалла қўмиталари ва суд ижрочиларининг алимент ундириш бўйича фаолиятини қониқарсиз деб топган. Туман прокуроратураси талаби билан суд ижрочилари иш юритувидаги 10 миллион сўмлик мол-мулк¬ сотилган, яна 8,5 миллион сўмлик мулк хатлаб қўйилган.

– Прокуратура яқинда бизда ҳам текширув ўтказди. “Мустаҳкам оила йили”да алимент муаммоси бўлмаслиги керак, битта ҳам алимент олмаган хонадон қолмаслиги керак, деган талабни қўйишди. Ҳозир алимент тўловчиларни битта-битта чақириб суҳбатлашяпмиз, – дейди Фарғона вилоятидаги маҳалла қўмиталаридан бирида ишловчи Аброр ака.

Косонсой туманида эса “тарбиявий соат” билан чекланмай, бу борада қатъий чоралар кўрилаётгани маълум қилинган. Прокуратура тумандаги 63 та маҳалла фуқаролар йиғинларига “Маҳалла ҳудудида алимент тўловларини мониторинг қилиб бориш китоби” юритиш талабини қўйган.

Республика матбуоти саҳифаларида бошқа вилоятларда ҳам маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, диний ва маънавий ишлар бўйича маслаҳатчилар, профилактика инспекторлари ва алимент тўловчилар иштирокида тарғибот тадбирлар ўтказилаётгани хабар қилинмоқда.

Алимент: кимга аза, кимга мазза...

Мамлакатда оилавий қўйди-чиқдилар авж олиб бораётган бир пайтда, расмийларга кўра, маҳкамаларга алимент илинжида ёзилган аризаю шикоятлар кўпроқ келмоқда.

Кузатувчиларга кўра, судма-суд югуриб сарсон бўлган оналар номард эрдан, ишсизлик туфайли бошини қай деворга уришини билмай қолган дасти калта оталар эса йўқчиликдан нолийди.

– Алиментга муҳтож оналар кўп, тўғри. Лекин баъзида аёллар алиментдан фойдаланиб ажрашиб кетган эрининг таъзирини бериб қўйишга ҳаракат қилади. Ўзи, дейлик, эридан кўра топармон-тутарман, эри бўлса, кунини аранг кўради. Шунга қарамай, алимент тўласин деб талаб қиладиган хотинлар бор. Буни осмондан олиб айтаётганим йўқ, кўрган-билганимга асосланиб айтяпман, – дейди фарғоналик маҳалла фаоли Аброр ака.

Айни пайтда ўзига тўқ, бадавлат оталар орасида фарзанди учун нафақа ажратишга келганда хасислик тўнини кийиб оладиганлар ҳам борлиги айтилади.

– Эр киши мард бўлиши керак. Заифа ҳоли билан аёл киши фарзанд тарбиялаши қийин-ку. Лекин пули бор, ҳамияти йўқ эркаклар ҳам кўпайиб кетган ҳозир. Тагида машина, данғиллама уй, лекин фарзандига алимент сўраса, ишсизман деб кўзингизга бақрайиб тураверади. Тагини суриштирсангиз, ҳамма мол-мулкини бировнинг номига ўтказиб қўйган бўлади, – дейди тошкентлик муаллима Зебо Қодирова.

Таҳлилчиларга кўра, ишсизлик муаммоси ҳам тўланмаган алимент миқдори кун сайин кўпайиб боришига сабаб бўлмоқда.

Масалан, прокуратура расман тасдиқлаган маълумотга мувофиқ, Косонсой туманидаги 578 нафар алимент тўловчининг 149 нафари муқим иш жойи бўлмаганлиги сабабли ҳам қарздор бўлиб қолган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари қонунчиликда ишсиз фуқаролардан алимент ундириш борасида жиддий тушунмовчиликлар борлигини айтиб келадилар.

Ўзбекистонда алимент тўлаш мажбуриятига эга томон бир нафар фарзанд учун умумий даромадининг 25 фоизи, 2 нафар фарзанд учун 30 фоизи, 3 ва ундан кўп фарзанд учун 50 фоизи миқдорида нафақа тўлайди. Қонунчиликка кўра, иш ҳақи ва бошқа даромадлар етарли бўлмаса, алимент банкдаги пул маблағлардан ёки бошқа мол-мулкдан ундирилади.

Республика Жиноят кодексининг 122-моддасига кўра, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жарима, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 6 ойгача қамоқ билан жазоланади. Ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса, судланувчи уч йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ўзбекистонда алимент тўловидан қарзи бор фуқароларнинг хорижга чиқиши вақтинча чекланади.
XS
SM
MD
LG