Линклар

logo-print

Қозоғистонлик Борат роли билан халқаро майдонда шуҳрат топган британиялик комик актëр Саша Коэн Бароннинг шу кунларда катта экранларда намойиш этилаëтган “Диктатор” филми яна мубоҳаса марказига тушди.


Қозоғистонлик Боратнинг бачкана саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилувчи “Борат” филми расмий Остона ҳужумлари нишонига айландию¸ ўзига катта реклама қилди.

Маданият ҳудудидан чиқиб сиëсий тортишув объектига айланган Боратнинг бадиий асар сифатидаги қиммати четда қолиб¸ баҳслашувчилар филмдаги ҳазил-мутойибанинг сиëсий ахлоқ меъëрларига қанчалар тўғри келиши хусусида айтишдилар.

“Борат” ижодкорининг “Диктатор” филми премъераси ўтар-ўтмас¸ бу филм туғдирган реакцияларнинг ҳам айни йўналишда экани кўрилмоқда.

“Диктатор” филмининг бош қаҳрамони адмирал-генерал деган ўзи йўқ мақомга эга ўзи йўқ Водия деган Африка давлати ҳукмдори Аладин.



У халқаро майдонда ном чиқарган диктаторларнинг йиғма образидир. Ëш ва жозибали қизлар қўриқчилигида юрган Ливия диктатори Муаммар Қаддафий¸ ўз яқинлари ва қўл остидагиларга қўлтиғини ўптирган Ироқ диктатори Саддам Ҳусайн¸ ой ва йил номларини ўзгартиб¸ уларга ўзи ва онаси номини бериб чиққан Туркманбоши Сапармурод Ниëзов Аладдин тимсолида битта қиëфага бирлашади.

Ҳар икки гапнинг бирида “Ғарбга ўлим!” дейишни яхши кўрадиган¸ Американи СПИД ватани деб атайдиган Аладин имкон туғилиши билан Ғарбга саëҳат қилишни¸ эркин ҳаëт таклиф қиладиган барча лаззатлардан фойдаланишни хуш кўради.

Адмирал-генерал Аладин образи воситасида Саша Барон Ғарбнинг дунë диктаторларига нисбатан қўллаб келаëтган икки юзлама сиëсатию инсон ҳақлари¸ мазлумлар ҳимояси ҳақида қилиб келаëтган қуруқ баëнотларини ҳам ҳажв қилади.

Филмда АҚШ президенти Барак Обама¸ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон¸ Британия Бош вазири Дэвид Камеронлар баëнотларига ҳам жой берилади.

“Диктатор” филми жаҳон киноэкранларига чиқар-чиқмас¸ “Борат” премъераси каби яна танқидларга сабаб бўлмоқда.

“Диктатор” очиқ фаҳш саҳналари ва мусулмонларга қарши юз йилдан бери мавжуд масхараомуз муносабатни гавдалантирувчи ахмоқона филмдир”¸ дейди нуфузли Huffingtonpost нашри чоп этган тақризида Америка-Ислом муносабатлари кенгаши фаоли Мунира Сида.

“Тарихий “Араб баҳори” исëнларидан сўнг Коэн нафратга учраган Яқин Шарқ диктаторлари ҳақида филм қилди. Аммо у филмда бу диктаторларни мазах қилишни мусулмонларга қарши стереотиплар билан сахийларча қориштиради ва араб маданиятини цивилизациядан узоқ¸ зўравонлик ва хотин-қизларни хўрловчи ¸ арабларни эса туякаш ва яҳудийлардан ҳазар қилувчилар қилиб тасвирлайди.

Ўз саëз маҳсулотини томошабинга ўтказиш учун Коэн мусулмонларга қарши ўта саëз ва гўл аксил-араб манзаралари устига қурган “¸ дейилади Huffingtonpost тақризида жумладан.

“Борат”ни сотиш учун этник стереотипларни бўрттирганликда танқид этилган Коэн¸ “Диктатор”ни томошабинга ўтказиш учун уни аксилисломий ҳиссиëт ва қўпол фаҳшга ўраб тақдим этаëтганликда айбланмоқда.

Айни шундай танқидлар баҳонасида бир қатор мусулмон давлатлари¸ хусусан Тожикистон ва Эронда “Диктатор” намойишларини таъқиқлаб қўйди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG