Линклар

Навбатдаги нишон - Муҳаммадсолиҳ Обутов

  • Садриддин Ашур

Швециядан сиëсий бошпана топган Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Швециядан сиëсий бошпана топган Муҳаммадсолиҳ Обутов.

“Ўзбекистон” телеканали намойиш қилган “Ватангадо” филмида Швециядан бошпана топган яна бир имом Муҳаммадсолиҳ Обутов динни ниқоб қилиб олиб, “халқни таназзулга бошлаëтган хиёнаткор” сифатида талқин этилди.

"Укамнинг "бўҳтон"ларидан хафа эмасман"

“Ватангадо” фильми “Ўзбекистон” телеканалида намойиш этилди.

Фильм Ўзбекистондаги яратувчилик ва бунёдкорлик ишларини инкор этаётган бузғунчи кучлар ҳақидаги сўзлар билан бошланади.

Бундай бузғунчи кучларнинг бири сифатида ҳозирда Швециядан сиёсий бошпана олган, қорқалпоғистонлик собиқ масжид имоми Муҳаммадсолиҳ Обутов эканлиги айтиб ўтилади:

“Обутов Муҳаммадсолиҳ Матёқубович. 1969 йилда Қорқалпоғистон республикасининг Тўрткўл туманида туғилган. 1990-95 йилларда ноқонуний ҳужраларда “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқими ғояларидан сабоқ олган. 1996 йилда бир қатор жиноятлари учун судланиб 7 йилга озодликдан маҳрум этилган. Озодликка чиққач аввал Қозоғистонга, Россияга, ундан кеийн Европага ўтиб, Швециядан сиёсий бошпана олган”, дейилади фильм муқаддимасида.



Филмда Муҳаммадсолиҳ Обутовнинг укаси Саидакамол Обутов унга қарши гувоҳлик беради:

- Келган вақтида (Муҳаммадсолиҳ Обутовни назарда тутяпти- таҳририят) дадамизга асли ўргатганингиз нотўғридир, дин мана бунақа бўлади, ислом билан яшаш керак, деган эди. Фикри, дунёқараши ўзгарди-да. Кетганда ундай одам эмас эди, нормалний одам эди, дейди 2008 йилда Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159 (конституцион тузумни ағдаришга уринганлик) ва 244-моддалари (ноқонуний диний гуруҳларга аъзолик) асосида 13 йилга озодликдан маҳрум этилиб¸ ҳозирда Олмалиқдаги 64/61 қамоғида сақланаëтган Саидкамол Обутов.

Бундан ташқари Саидкамол акасининг Қозоғистондан қайтганидан сўнг, Абдували қори дискларини тарқатганлиги, оилада жиззаки эканлиги, умуман тўғри йўлдан адашганлиги ҳақида ҳам гапиради.

Муҳаммадсолиҳ Обутов укасининг бу “туҳматлари”дан хафа эмаслигини айтар экан, Ўзбекистондаги қамоқхонада ҳар қандай метин одам ҳам қийноқлар таъсирида ҳукумат айтган гапни тўтиқушдай такрорлаши мумкинлигини таъкидлайди:

- Мен яқинларимга айтганман. Агар мелисалар мени ёмонлашни талаб қилишса гапираверинглар. Шу билан сизлар тинч бўлсаларинг бўлди. Менинг укам менга қарши гапириш учун қамоқда гаров сифатида ушлаб турилган бир шахсдир, дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

"Булар МХХ билан ҳамкорлик қиладиган нусхалар"

Филмда гапирган Беруний тумани бош имом хатиби Жумабой Матёқубов Муҳаммадсолиҳ Обутовнинг тамоман “йўлдан адашганини” айтар экан, "у ҳатто отасини кофир деб айтишгача бориб етди", дейди:

- Мен айтдим ука, нега бунча дағаллик қиласиз. Отангиз касал. Мана энангиз ҳам қариган. Бир жойга ишга кириб, уч-тўрт сўм топиб келиб ота-энангиз учун холис хизмат қилмайсизми, дедим. У эса мени ундай ота-энам йўқ, деди. Улар мусулмон эмас, кофир, мушрик деди, дейди Жумабой Матёқубов.

Муҳаммадсолиҳ Обутов, бу имом хатиб билан ораларидаги келишмовчилик азалдан борлигини айтар экан, имомнинг ёлғон гапиришдан қўрқмаганидан тааажжубда эканлигини яширмайди:

- Бу имом мозорларга сиғинадиган бир мозорпараст одам эди. Ман уни айтганман. Сан мушриксан, сан Аллоҳнинг ёлғиз ўзига ибодат қилмаяпсан, мозорларга одамлар келиб қўй сўйиб сиғиняпти, сен ҳам ўшаларга қўшилиб сиғиняпсан, ўша қўйларни гўштини еяпсан, деб бетига айтганман. Мен бунга нисбатан айтганман шундай деб. Лекин ота-онамга нисбатан мушрик ёки кофир демаганман, наузанбиллоҳ. Улар мен учун бу дунёда энг ҳурматли одамлар бўлган, дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Фильмда тошкентлик 23 ёшли талаба Фазлиддин Зайниддинов йиғлаб гапирар экан, Муҳаммадсолиҳ Обутовнинг талаби ва 100 доллар пули эвазига Ўзбекистон Халқ ҳаракати варақаларини тарқатганлигини тан олади.

Бироқ Муҳаммадсолиҳ Обутов бу йигитни умуман кўрмаганлигини айтади:

- У болани мен кинода биринчи бор кўрдим. Энди, нима дейсиз гапириши керак экан, гапиряптида, дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Филмда Беруний тумани имом хатиби Жумабой Матёқубовнинг Муҳаммадсолиҳ Обутов унинг масжид очиб болаларни самбо машқ қилдиргани ва урушни ўргатгани ҳақидаги гаплари ҳам бор.

- Бу одамлар бошқа давлат имомлари каби МХХ билан яқиндан ҳамкорлик қиладиган нусхалар. Нормал одам шу гапга қандай ишониши мумкин? Агар мен тренировка қилдирадиган бўлсам масжиддан бошқа жой қуриб қолганми. Масжидда биз намоз ўқирдик ва болаларга дарс берардик, холос, дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Муҳаммадсолиҳ Обутов 1996 йилда 32 киши номидан Ўзбекистон президенти номига мактуб ёзиб, аэропортда ўғирлаб кетилган устози Абдували қорини озод қилишни сўраганидан сўнг унинг масжиди ёпилгани ва унга нисбатан туҳмат уюштирилиб 7 йилга қамоққа ташланганини айтади.

"Зулмга қарши курашдан фақат қотил ўқи тўхтатиши мумкин!"


Муҳаммадсолиҳ Обутов фикрича, бундай филмларнинг махсус тайёрланиши ортида Ўзбекистон ҳукуматининг хориждаги мухолифат фаоллашиб қолганидан туйган қўрқуви турибди:

- Биласизми, Ўзбекистон Халқ ҳаракатини ҳукумат ўзига бир таҳдид деб билади. Диктатор ҳукмдорларнинг ҳаммаси "Араб баҳори"даги диктаторлар аҳволини кўриб, қўрққанлиги табиий. Ва бизни имкон қадар ана шундай ёмонотлиқ қилишга ҳаракат қилади. МХХга қарашли Пресс.уз.инфо сайтида ҳам бизга қарши туҳмат мақолалар чиқиб турибди. Бу тазйиқлар натижасида “Андижон. Адолат ва тикланиш” ташкилоти ҳам ЎХҲни тарк этди. Обидхон қорига қарши филм ҳам ишланди ва пировардида у отиб кетилди, дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Ўзбекистон телеканали намойиш этган "Ватангадо" филмида Ўзбекистон Халқ ҳаракати таъсис қурултойида сўзлаëтган Муҳаммадсолиҳ Обутов боши устига снайпер нишони аломати қўйилган.

Бу аломат эса¸ Ўзбекистон режимининг навбатдаги нишони айнан Муҳаммадсолиҳ Обутов бўлажагидан берилган огоҳлантирув сигнали сифатида талқин этилмоқда.

Ўз мухолифларини мафкуравий жиҳатдан енгишга муваффақ бўла олмаëтган Ўзбекистон ҳукумати уларни жисмоний йўқ қилишга ўтганини айтар экан Обутов¸ ўзининг Фуад Рустамхўжаев¸ Обидхон Назаровдан кейинги навбатдаги нишон бўлиш эҳтимолини инкор қилмайди:

- Маккор режимнинг хусусиятларидан бири ана шу. Мен шунинг учун айтяпман, келинглар бир баҳс майдонига чиқайлик, динийми ёки дунёвий баҳс бўладими, марҳамат. Агар шунда мени мағлуб қилишолмаса мени жисмоний йўқ қилишлари эҳтимол. Мен бундай хавфнинг борлигини биламан. Мана ёнимда яшаган Обидхон акани отиб кетганлари шу нарсани кўрсатяптики, эртага навбат менга ҳам келиши мумкин. Аммо шуни айтиб қўймоқчиман. Отиб кетадиган дақиқагача мен шу йўлда давом этаман. Мени бу зулмга қарши курашишдан тўхтатадиган куч йўқ. Агар ўша қотил отса¸ кейин тўхтайман, дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

2009 йилда Швециядан сиëсий бошпана топган Муҳаммадсолиҳ Обутов Ўзбекистон халқ ҳаракати муассислар мажлиси аъзоси¸ Швецияда рўйхатдан ўтган "Таянч" ташкилоти раиси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG