Линклар

18 майдан бошлаб Facebook акциялари доимий сармоядорлар учун сотувга қўйилди. Қиймати 100 миллиард доллардан ортиқ деб баҳоланган Facebook акцияларининг бошланғич нархи 38 АҚШ доллари атрофида.


Ахборот агентликлари хабарига кўра, бу нарх Интернетдаги ижтимоий тармоқлар акцияси учун шу пайтгача белгиланган энг юқори баҳо экани айтилмоқда.

Акциялар дастлабки савдосининг Facebook асосчиси, 28 яшар Марк Зуккербергга 20 миллиард доллар келтириши кутилмоқда.

Зуккерберг Facebook ижтимоий тармоғини бундан 8 йил олдин Гарвард университети ётоқхонасида ишлаб чиққан эди.

Ҳозир дунё бўйлаб бу тармоқнинг 900 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси бор.

Илк савдода Facebook акцияларининг тахминан 18 фоизи сотилиши режаланган.

Инвесторлар қизиқиши катта бўлгани учун жорий ҳафта Facebook режаланганидан кўпроқ акция сотишини эълон қилди.

АҚШдаги Sterne Agee брокерлик ширкати таҳлилчиси Арвинд Бҳатиа савдо бошланганидан кейин акциялар нархи кескин ошиб кетиши мумкинлигини башорат қилди.

Душанба куни 28 ёшга тўлган Марк Зуккерберг Facebook акциялари савдога чиққанидан кейин ҳам ширкатнинг энг кўп акцияларига эга бўлиб қолаверади.

18 май кунги акциялар савдосидан кейин Зуккерберг ширкат акцияларининг 25 фоизидан кўпини ўз қўлида сақлаб қолиши айтилмоқда.

Илк савдодан кейин Facebook акциялари қатор соҳибларининг бир кечада миддиардерга айланиши кутилмоқда.

Россия фуқароси бўлган ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг ҳам Facebook акцияларининг 5,5 фоизига эга экани айтилади.

Мутахассислар фикрича, баҳоси 4 миллиард доллар бўлган бу акциялар пакети кейинги бир йил давомида 9 баробарга қимматлаган.

Таҳлилчилар Facebook барқарор ривожланишни таъминлаш борасида қийинчиликларга дуч келиши мумкин деган фикрда.

Ню Йоркдаги Колумбия бизнес мактабининг Бизнес бошқаруви бўйича эксперти Кэтрин Филлипс Facebook дуч келадиган асосий қийинчилик ширкат қадриятларини бундан буён ҳам давом эттириш эканини айтди.

- Facebook эга бўлган маданий қадриятларни ўзгартиришда ширкат жуда эҳтиёт бўлиши керак. Улар изчил бўлишлари лозим. Ўшанда ижодкорлик давом этади. Улар ширкатнинг асл қадриятларидан йироқлашмаслик йўлларини ўйлаб топишлари лозим. Айни пайтда, улар ширкат ривожланаётгани ва ўзгараётганини тан олишлари керак, деди Кэтрин Филлипс.

Facebook Интернет орқали рекламалар бериш борасида улкан имкониятга эга. 2011 йилда ширкат рекламалардан бир миллиард доллар даромад қозонган.

Айрим кузатувчилар, инвесторлар талаби билан Facebook кўпроқ реклама бериш орқали фойдаланувчиларни бездириб қўйиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Айни пайтда, миллионлаб фойдаланувчиларнинг шахсига оид маълумотлар ошкор бўлиши мумкинлиги хусусида ҳам хавотир билдирилмоқда.
XS
SM
MD
LG