Линклар

"Ўзбекистондаги Интернет тараққиёти иллюзия"


Олмаотада ўтган интернет форумда ўзбекистонлик экспертлар ҳам иштирок этишди.

Олмаотада ўтган интернет форумда ўзбекистонлик экспертлар ҳам иштирок этишди.

Олмаотада ўтган навбатдаги интернет форумда Ўзбекистон Интернет душмани бўлиб қолаётгани яна бир бор қайд этилди.

Олмаотада 18-19 май кунлари “Марказий Осиёдаги интернет тараққиёти” форуми бўлиб ўтди. Мазкур форум учинчи йил ўтказилмоқда.

Форумда Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Грузия, Литва ва Украина давлатларидан иштирокчилар қатнашди. Мазкур тадбирдан мақсад минтақада интернет тараққиёти муаммоларини муҳокама қилиш ва баҳолашдир.

Форумда интернет билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечимлари, ғоялар, лойиҳалар ҳақида фикрлар билдирилди. Марказий Осиёнинг 4 давлатидан иштирок этган миллий ҳисоботчилар ва экспертлар ўз давлатларида интернет ривожланиши ҳақида маълумотларни тақдим этдилар.

Ўзбек журналистлари: Ўзбекистонда Интернет фойдаланувчилар таъқибдан қўрқади

Форумда иштирок этган ўзбекистонлик эркин журналист Сергей Наумов Ўзбекистондаги ахборот веб лойиҳалари ҳақида гапирди. Унинг фикрича, бир қарашда Ўзбекистонда ахборот сайтлари сони кўпайиб, тараққиёт жараёни бораётгани кузатилади. “Лекин,-дейди мустақил журналист,- бу ривожланиш фақат иллюзиядан иборатдир”.

-Ўзбекистонда веб лойиҳалар ҳақида ташвишланишга ҳожат йўқ. Улар бир-бирини такрорлаб, ўз-ўзидан туғилиб кўпаяверади. Бу веб лойиҳаларга ёш кадрлар келаяптими? Бу саволга жавоб менда йўқ. Ўзбекистон олийгоҳларини ҳар йили 150 нафар ёш журналист тамомлайди. Агар шу кадрларнинг 15 фоизи ўзбек веб лойиҳаларида ишласа, бу соҳада мутахасислар етишмаслиги муаммоси ҳал бўлар эди.

Сўнгги икки йил ичида олийгоҳларни битирган журналистлардан фақат биттаси - Елена Бондар мустақил интернет нашрлари билан ҳамкорлик қилмоқда, холос,- деди Сергей Наумов.

Тошкентлик журналист Василий Марков эса Ўзбекистон бир неча йилдан бери “интернет душмани” бўлган давлатлар рўйхатидан тушмай келаётганини, интернет эркинлиги Ўзбекистонда сўнгги йилларда қаттиқ бўғилаётганини айтиб ўтди.

Бухоролик журналист Гуласал Камолова айни пайтда ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқларда фаоллашаётган бўлса-да, ички цензура бу тармоқларда фикр алмашишга тўсқин бўлаётгани ҳақида фикр билдирди.

- Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларга бўлган интилиш сўнгги пайтда ортиб бормоқда. Бироқ бу дегани ижтимоий тармоқларда мустақил фикр билдирувчи фойдаланувчилар кўпайди дегани эмас. Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари томонидан бўлиши мумкин бўлган таъқиб айни пайтда фикр билдирувчилар сафини кенгайишига ички цензура сифатида ҳалақит бермоқда,-деди Гуласал Камолова.

Олмаотада Интернет форум учинчи бор ўтказилмоқда. Бироқ форум иштирокчилари интернет тўсиқлари билан боғлиқ муаммолар Марказий Осиёда ўз ечимини ҳали топмаганини айтмоқдалар. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатларида интернет ривожланиши ҳам секин кетаётганлигини айтиб ўтилди.


Ўзбек расмийлари: Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 8 миллионга етди

Ўзбекистон алоқа ва ахборот агентлиги 2011 йил дастлабки тўққиз ойи якунларига бағишланган мажлисда ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилар сони 7,9 миллионга етгани маълум қилди. Бу 2010 йилдан бери глобал тармоққа чиқаётган ўзбекистонликлар сони ярим миллионга кўпайганини англатади.

Интернетга уланиш хизматларини кўрсатувчи корхоналар ҳам 2010 йилда 934 бўлган бўлса, бугунга келиб 939, Интерент-кафелар сони эса 985 дан 1032 га чиққан.

Қарийб 8 миллион фойдаланувчиларнинг ярмидан кўпи – 4,3 миллиони Интернетга мобил телефонлардан кираётгани айтилмоқда.

Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, Facebook ижтимоий тармоғида бугун 90 мингга яқин ўзбекистонлик фойдаланади. Жаҳон бўйлаб Facebook шинавандалари сони 900 миллионга яқинлашган.

Twitter нинг 250 миллионга яқин фойдаланувчиси ичида атиги 1000-2000 атрофида ўзбеклар борлиги айтилади
XS
SM
MD
LG