Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:14

Суиқасдда гумонланаётганлар исмлари маълум бўлди


Обид қори Назаров.
Обид қори Назаров.

18 май куни Швециянинг Стромшунд шаҳар суди Обид қори Назаровга қилинган суиқасдга алоқадорликда гумон қилинаётган икки ўзбекни ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарди. Ўзбекистонлик эр-хотиннинг исми Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминова экани айтилмоқда.

Узнюс.нет сайти ўз манбаларига таяниб, гумонанаётганлар исмларини Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминова, деб бермоқда. Асли ўзбекистонлик экани айтилаётган эр-хотин 15 май куни Швеция полицияси томонидан ҳибсга олинган эди.

Дастлаб ёши 30 лар атрофида экани маълум қилинган иккала гумонланувчининг ҳам эркак экани айтилган эди.

Östersunds-Posten газетаси мухбири Торд Андершон имомга қилинган суиқасдни бошидан кузатиб келаётган журналистлардан.

- Суддан кейин ўтказилган матбуот анжуманида, Ўзбекистондан келган 30 ёшлар атрофидаги аёл ва эркак ҳибсга олингани маълум қилинди. Улар Швецияда икки йилдан бери яшаб келган ва имомга суиқасд қилган шахсга кўмаклашганликда гумонланмоқда. Айтилишича, эркак ва аёл бирга яшаб келган жуфт бўлган, лекин улар никоҳдан ўтганми йўқми, аниқ эмас.

Журналистнинг айтишича, Стромшунд шаҳар судидаги 18 май кунги маҳкамада гумонланувчилар шахси очиқланмаган.

- Ҳозирча уларнинг бири аёл бири эркак экани маълум бўлди. Суд мажлиси тугади ва уларни ҳисбда қолдириш тўғрисида ҳукм чиқарилди. Ҳозирча уларнинг шахси очиқланмади, суд мажлисининг асосий қисми ёпиқ тарзда ўтказилди, дейди Обидхон қорига қарши уюштирилган суиқасд юзасидан бораëтган тергов жараëнини яқиндан кузатаëтган швед журналисти, Östersunds-Posten газетаси мухбири Торд Андершон.

Швеция жанубидаги Сконе шаҳарчасида қўлга олинган гумонланувчилар жорий йил 22 феврал куни ўзбекистонлик таниқли имом, Швецияда сиёсий муҳожиратда яшаб келган Обидхон қори Назаровни ўлдиришга уринган қотилга ëрдам берганликда гумон қилинмоқда.

Швеция прокурори Кристер Петерсон ҳибсга олинган икки шахсни имомга қилинган суиқасдга алоқаси борлигига ишора қилувчи жиддий далиллар борлиги ва имомга қарата ўт очган учинчи шахс қидирилаётганини маълум қилди.

“Билишимизча, жиноятни бевосита амалга оширган яна бир шахс бор, лекин у мамлакатни тарк этган бўлиши мумкин"¸ деди прокурор швед матбуотига.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати таъқиби ва тазйиқлари остида 1997 йилдан буён қочқинликда бўлган Обидхон қори Назаров 2006 йилда Швециядан сиёсий бошпана олган.

Унинг 6 фарзанди бор ва унинг тўнғич фарзанди Ҳусниддин Назаров 2004 йил 16 май куни ўғирлаб кетилган. Обид қори Назаровнинг ўзи бунинг ортида Ўзбекистон МХХси турганини тахмин қилиб келган.

Терговчилар Обидхон қори Назаровга қилинган суиқасд унинг Ўзбекистон ҳукуматига мухолифатда бўлгани билан боғлиқлигига доир версиясини ҳам кўриб чиқмоқда.

Обидхон қори Назаров уч ойдан бери Швеция касалхонасида кома ҳолатида қолмоқда.
XS
SM
MD
LG