Линклар

Италия шимолида жойлашган Болония шаҳри яқинида рўй берган 6 балли ер силкиниши оқибатида камида олти киши нобуд бўлди.


Якшанба куни тонгги тўртда рўй берган ер силкиниши пайтида минглаб одам уйларидан ташқарига қочиб чиққан.

Италиянинг Фуқаролар мудофааси агентлиги матбуот котиби Элизабетта Маффани CNNга Сант Агостинодаги керамика заводининг томи босиб қолгани оқибатида икки киши нобуд бўлганини айтди.

Италиянинг Анса ахборот агентлигига кўра, яна бир киши Понте Родони до Бонденода ўлган.

Болония шаҳрида бир аёл эвакуация пайтида юрак хуружидан, марокашлик бир фуқаро ўзи ишлаётганган заводнинг томи қулагани натижасига ўлган.

Маффанига кўра, зилзиланинг олтинчи қурбони Сант Агостинода қулаган бино деворлари остидан топилган.

20 май кунги зилзилада қарийб 50 киши енгил жароҳат олгани айтилмоқда.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, ер силкиниши Италиянинг Болония, Верона ва Мантуа шаҳарларида ҳам сезилган.

Табиий офат пайтида қулаган бино деворлари остида одамлар қолиб кетгани тахмин қилинмоқда.

Ҳозирда зилзила рўй берган ҳудудда қутқариш ишлари олиб борилмоқда.

Расмийлар табиий офатдан қанча зарар кўрилганини аниқлаш устида иш олиб бормоқда.

Жорий йил январ ойи охирида Италияда рўй берган 5,3 магнитудали ер силкиниши натижасида талафот кўрилмаган.

Бироқ 2009 йил 6 апрел куни Италия марказида жойлашган Л'Аквила вилоятида содир бўлган 6,3 балли зилзила натижасида 300 зиёд одам ҳалок бўлганди.
XS
SM
MD
LG