Линклар

logo-print

Москвада ўзбек ва қирғиз муҳожирлари муштлашди


Москвадаги меҳнат муҳожирлари. (Сурат архивдан олинди)

Москвадаги меҳнат муҳожирлари. (Сурат архивдан олинди)

20 май кечқурун Москва марказида Ўзбекистон ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари ўртасида чиққан оммавий муштлашувда қатнашган 79 киши ҳибсга олинди¸ икки нафари касалхонага ëтқизилди.

Москва шаҳрининг Олимпия проспектида ўзбек ва қирғиз меҳнат муҳожирлари ўртасида оммавий муштлашув юзага чиқди.

Бу воқеа тафсилотларини Озодликка билдирган Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмийси Аркадий Башировга кўра, муштлашув ҳақидаги хабар маҳаллий фуқаролардан келиб тушган.

- Кеча, якшанба куни пойтахт полицияси ходимлари Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасидаги оммавий муштлашув олдини олди. 20 май куни соат 17:59 да “02” хизматига шаҳарнинг Олимпийский проспекти 16-уй ёнида кўринишидан осиёлик бўлган бир гуруҳ одамлар йиғилгани тўғрисида хабар келди. Муштлашув оқибатида ҳеч қаерда ишламайдиган, бошидан жароҳатланган 20 яшар қирғиз йигити жароҳати олди ва шифохонага олиб кетилди. У тиббий ёрдам кўрсатилганидан кейин қўйиб юборилди, дея маълум қилди Москва шаҳар ИИБ матбуот хизмати вакили Аркадий Баширов.

Расмийга кўра¸ воқеа жойига етиб келган полициячилар жанжални бартараф қилган.

Шунингдек, полиция вакили хабарига кўра, 20 май куни соат кечки 7:30 ларда Москва шифохоналаридан бирига қорнидан пичоқланган 21 ёшли осиёлик йигит мурожаат қилгани ҳақида полицияга телефонограмма келган. Қирғизистонлик экани айтилаётган бу йигит ҳам шифохонага ётқизилган.

Баширов Москва полицияси жамоат тартибини бузганлик айби билан 79 кишининг ҳибсга олгани ва Марказий округ полиция бўлимларига тафтиш учун олиб келинганини қўшимча қилди.

Жанжални бевосита кузатган мардикорлар билан суҳбатлашган Москвадаги “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли, асли ўзбекистонлик Баҳром Ҳамроев сўзларига кўра, оммавий муштлашув “эркакчасига юзма-юз гаплашгани” чиққан иккита мардикор ўртасидаги жангдан бошланган.

- Жанжал, хуллас, бирма-бир чиқиб урушган қирғиз ва ўзбек йигити ўртасида “эркакчасига” урушдан бошланган. Улар нимадандир тортишиб қолишган. Ўзбек йигитини қирғиз йигити урган… Кейин калтакланган асосан Казанский вокзалда сохта ҳужжатларни сотадиган бошқа болаларни проспект Мира олдидаги Макдоналдс олдида йиғган. Хуллас, эмоциялар аралашган. Проспект Мирадаги қирғиз йигитлар бунга жуда яхши ёндошишди: "Бизга фарқи йўқ, қирғизми, ўзбекми - биз уларнинг муаммоларига аралашмаймиз", деди. Миграцияга қарши кучлар эса бу ҳолатни мигрантларга қарши ишлатади, шу баҳонада мигрантларга яна босим кучайиб боришини кузатаяпмиз, дейди Баҳром Ҳамроев.

Ҳозирда жанжал сабабларини аниқлаш бўйича тергов ишлари давом этмоқда.

Россияда меҳнат муҳожирлари ўртасида оммавий жанжаллар кузатилиб турилади.

18 май куни Новосибирскдаги Гусиноброд бозорида ишлаётган қирғизистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ўртасида ўтказилган футбол ва волейбол ўйини оммавий муштлашувга айланиб кетди.

Эртаси куни ўз давомини топган 50 кишилик Новосибирскдаги мигрантлар жанжали оқибатида ҳеч ким жиддий жароҳатланмади.

Ўтган йилнинг 11 октябр куни кечки соат 11:30 ларда Москва жануби-шарқидаги Марьино туманида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган йигирмадан ортиқ меҳнат муҳожири ўртасида чиққан оммавий муштлашув оқибатида 4 киши шифохонага тушган эди.

2011 йил ёзида Новосибирск шаҳрининг “Березовый” қурилиш объектида ўзбек ва қирғиз мардикорлар ўртасида жанжал чиққан ва уч киши жароҳатланган эди.

Полиция бу жанжаллар миллий адоват кўринишида бўлмагани ва ўзаро келишмовчиликлар натижасида келиб чиққанини таъкидлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG