Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:41

Хориж банклари Ўзбекистонга $2,5 миллиард кредит беради


Ўзбекистонга кириб келаётган сармояларнинг катта қисми газ секторига доирдир.
Ўзбекистонга кириб келаётган сармояларнинг катта қисми газ секторига доирдир.

Ўзбекистон Хорижий банклар консорциумидан 2,54 миллиард АҚШ доллари миқдорида кредит олиш тўғрисида шартнома имзолади. Осиё Тараққиёт банки, Корея Экспорт-импорт банки, Хитой Тараққиёт банки ва бошқа молиявий идораларни ўз ичига олувчи тузилма тақдим этадиган кредит Сургил газ конлари ҳудудида Газ-кимёвий комплекс қурилиши лойиҳасига сарфланади.

“Uz-Kor Gas Chemical” Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси томонидан амалга оширилиши кўзда тутилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллиард долларга тенг. Бу харажатларнинг 1,4 миллаирд доллардан ошиқроқ ҳиссасини Жанубий Кореянинг “KOGAS”, “Honam Petrochemcial” ва “STX Energy” компаниялари ҳамда Ўзбекнефтегаз давлат ширкати қоплаши айтилмоқда.

Бунда лойиҳани амалга оширувчи томонлар ҳаражатнинг қанчаси Ўзбекистонга тўғри келишини Ўзбекнефтегаз ҳозирча очиқламади.

Лекин 2,54 миллиард долларлик кредитнинг бир миллиардини Корея Экспорт-импорт банки тақдим этаётгани маълум қилинди.

“Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонасининг ўзини таништирмаган вакили Озодлик мухбири билан суҳбатда Орол денгизи тубида жойлашган Сургил газ конлари ҳудудида қурилажак газ-кимёвий комплексида газдан ташқари полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқарилишини маълум қилди.

- Ажратилаётган кредит газ-кимёвий комплекс қурилишига сарфланади. Унда полиэтилен билан гранулали полипропилен ишлаб чиқарилади. Лекин ишлаб чиқариш ҳажми ҳақида ҳозирча бир нарса дея олмайман, деди “Uz-Kor Gas Chemical” вакили.

Суҳбатдошимиз бу лойиҳа рентабеллиги ва сарфланган маблағни қоплай олиш истиқболларига оид ҳисоб-китоблар ҳақида билмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Ўзбекнефтегаз тарқатган расмий баённомада айтилишича, газ-кимёвий иншоот 2016 йилда ишга туширилиб, унда 4,5 миллиард куб метр газ, 400 минг тонна ўта зич полиэтилен, 100 минг тонна полипропилен ва 110 минг тонна пиролиз бензини ишлаб чиқарилиши кўзда тутилмоқда.

Кредит линияси тақдим этилишига оид келишувни изолаш маросими Тошкентда 19 май куни ўтказилгани маълум қилинди.

Лойиҳани амалга оширадиган “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонасида Ўзбекнефтегаз давлат ширкати 50 фоизлик улушга эга. Корхонанинг иккинчи ярми Жанубий Кореянинг “Honam Petrochemical” ва “STX Energy” компанияларига қарашлидир.

Сургил газ конлари Устюрт платосида, Орол денгизи тубида жойлашган.

Ўтган ойда Россиянинг “Лукойл” ширкати ҳам Ўзбекистонда янги газ конларини ўзлаштириш ва Бухорода янги газни қайта ишлаш заводини қуриш мақсадларига қўшимча маблағ ажратиш ниятини билдирган эди.

Ҳозирда Россия нефт ширкати Ўзбекистонга киритган инвестициялар миқдори 2 миллиард доллардан ошган. “Лукойл” амалга ошираётган учта лойиҳа якунлангунига қадар инветисяицилар умумий миқдори 5 миллиард доллардан ошиши кўзда тутилган.

Айни пайтда, кейинги йилларда Хитой ҳам Ўзбекистон газининг асосий ҳаридорларидан бирига айланаётгани кузатилди.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Россия ва Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчиси профессор Филип Ҳэнсон Ўзбекистон газ секторида осиёлик истеъмолчиларнинг роли ошиб бораётгани бу мамлакатнинг ўз газ экспортини диверсификация қилиш уринишларига мисолдир, дейди.

- Менимча, умуман олганда Марказий Осиё респубкаларининг ўз савдо ҳамкорларини диверсификация қилиш уринишлари фаоллашмоқда. Айниқса, Хитой ва Корея эса бу соҳада қарор қабул қилишда Россиядан кўра тезроқ ҳаракат қилиши билан бу мамлакатлар учун қулай ҳамкорларга айланмоқда. Россиянинг сиёсий қарор беришда сусткашлиги унга панд бермоқда. Руслар, масалан, Туркманистоннинг Транскаспий лойиҳасида иштирок этишига тўсқинлик қилиш каби масалаларга кўпроқ эътибор бериб, Марказий Осиёда янги имкониятлар қидириш соҳасида ортда қолмоқда, дейди профессор Ҳэнсон.

Бундан ташқари, дея қўшимча қилади лондолик таҳлилчи, Россия кейинги йилларда газ бозори конъюктураси ўзгараётганини инобатга олмасдан, ўз имкониятларига тўғри баҳо бермаяпти.

- Россиянинг турли манбалар, жумладан Марказий Осиё газини ўз ҳудуди орқали ғарб томон чўзилган газ қувурлари, хусусан, кўп гапирилаётган “жанубий оқим”, “иккинчи оқим”, “шимолий оқим” каби янги қувурларни газ билан таъминлаб бериш потенциалига оид шубҳалар пайдо бўлмоқда. Ҳозир Россиянинг газни транспортировка қилиш потенциали ишлаб чиқариш потенциалига номутаносиб равишда катталашиб кетгани кўриниб қолди, дейди Россия ва Марказий Осиё масалалари бўйича лондонлик таҳлилчи Филип Ҳэнсон.

Профессорнинг айтишича, Марказий Осиё мамлакатлари ўз манфаатларидан келиб чиқиб, ўз гази учун янги ҳаридорларни қидираётгани туфайли анъанага кўра бу соҳада асосий ўйинчи бўлиб келган Москванинг роли секин-аста сусайиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG