Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:19

Евроҳудуд жар ëқасига келган


Иқтисод бўйича Нобел мукофоти соҳиби¸ америкалик иқтисодчи Пол Кругман.
Иқтисод бўйича Нобел мукофоти соҳиби¸ америкалик иқтисодчи Пол Кругман.

Озодлик билан суҳбатда шундай фикрни билдирган иқтисод бўйича Нобел мукофоти совриндори Пол Кругман¸ айни пайтда еврони қутқариш имконлари ҳамон мавжудлигини айтади.

Озодлик: Айни кунларда Греция тақдири ҳал бўлмоқда. Айрим Европа сиëсатчи ва иқтисодчилари агар Греция евроҳудуддан чиқса¸ бунинг оқибатлари 1 триллион доллар қийматида оғир бўлажагидан ваҳима қилмоқдалар. Айни пайтда¸ Грециянинг евроҳудуддан чиқиши аҳамиятини камайтираëтганлар ҳам йўқ эмас. Бу масалада сиз қандай фикрдасиз?

Пол Кругман: Менимча¸ Греция евроҳудуддан охир-оқибат чиқади ва бунинг оқибатлари анча хунук бўлади. Айни пайтда¸ бунинг оқибати 1 триллионгача бориши ҳақидаги тахминлар¸ менимча хато. Албатта¸ евроҳудуддан чиқиш Греция иқтисодини анча оғир аҳволга тушириб қўяди ва Грецияга берилган қарзларда анчагина йўқотиш бўлади. Аммо бу йўқотиш Грециянинг евроҳудудда қолиш-қолмаслигидан қатъий назар¸ бўлади. Агар Греция бўҳрони жойида тўхтатилса¸ агар Грециянинг евроҳудуддан чиқиши бу ҳудуднинг бутунлай тарқаб кетишига олиб келмаса¸ бу евро учун унчалик ëмон нарса эмас. Зотан Греция нисбатан кичик иқтисод ва у сақлаб қолиш имконсиз бўлган нотўғри йўлга тушган эди. Шу боис¸ биринчи йили анча хунук бўлса-да¸ Грециянинг евроҳудуддан чиқиши ҳеч нима қилмагандан кўра¸ яхшироқ ечимдир.

Озодлик: Грецияда бўлаëтганлар евронинг яшовчанлиги ҳақида қандай мужда бераëтир? Еврони қутқариш керакми? Керак бўлса¸ қандай?

Кругман: Мен Европа Марказий банкига еврони қутқариш учун Европа банклари ва ҳукуматларига муддатсиз қарз бериш ва инфляция даражасини кўтаришни тавсия қилаяпман. Менимча¸ агар еврони қутқариш мумкин бўлса¸ уни қутқариш лозим. Аммо Европа Марказий банкининг ҳозирги сиëсати еврони қутқариш эмас¸ балки уни йўқ қилишга хизмат қилмоқда. Агар евро йўққа чиқса¸ унинг оқибатлари жуда ëмон бўлади. Мен аввал бошданоқ евро таъсис этилишига қарши эдим ва бунга ҳамон хато иш¸ деб қарайман. Аммо бу хато қилинди ва энди еврони қутқариш шарт. Агар у қуласа¸ тинчлик¸ фаровонлик ва демократияга қаратилган Европа лойиҳаси учун жуда ëмон бўлади. Шу боис¸ биз Европа лойиҳасини қутқариш учун¸ еврони қутқаришга мажбурмиз ва бу йўлда ҳамма ишни қилишимиз лозим.

Озодлик: Жорий бўҳрон евроҳудудга кирмаган бўлса-да¸ асосий савдо ҳамкори евроҳудуд давлатлари бўлган бошқа мамлакатларга қандай таъсир қилади? Агар евроҳудуд тарқаб кетса¸ бу халқаро савдода катта молиявий узилишларга олиб келадими?

Кругман: Бу Европа иқтисоди учун жуда ëмон бўлади. Бу Европага экспорт қиладиган ҳар бир давлатга жиддий зиëн еткизади. Дунëда Европага экспорт қилмайдиган давлатнинг ўзи йўқ ҳисоби. Бу зиëн кўлами савдо айланмасининг қанчалик катта-кичиклигига боғлиқ. Масалан¸ Европа билан экспорти бор-йўқ 2 фоизни ташкил қиладиган АҚШга бундан жиддий бир зиëн етмайди. Аммо шарқий Европа учун бунинг оқибатлари ўта оғир бўлади. Дунë иқтисодидаги икки асосий ўйинчи ҳамон АҚШ ва евроҳудуд бўлиб қолаëтир. Улардан бири жиддий инқирозга кирар экан¸ бу қолган дунëга таъсир қилмай қолмайди.

Озодлик: Сиз кескин молиявий дастурларга амал қилаëтган Европа етакчилари “иқтисодий суиқасд” қилаяпти¸ деб ëздингиз. Кейинги пайтларда Европа сайловчилари орасида ҳам сизнинг фикрингизга қўшиладиганлар кўпайиб бормоқда. Нима учун Европа етакчилари вазиятни сиз айтган жиҳатдан кўрмаëтир?

Кругман: Ҳозирги вазиятда¸ Германияни истисно қилганда¸ Европа етакчиларининг барчаси учун анъанавий ëндашувдан салгина чекиниш ўта қийин. Буни қилиш учун кучли ричаглар бўлиши керак¸ акс ҳолда бозор ўта шавқатсиз бир шаклда жазолайди. Шу боис¸ тайëр қолипдан чиқишга ботиниш ўта қийин. Айни кунларда¸ кичик Европа давлатининг Бош вазири бўлиш ўта қалтис иш. Улар олдида евродан чиқиш ëки Европа бўйлаб ëйилган сиëсатдан чекиниш имкони йўқ ҳисоби. Мен миллий стереотиплардан узоқда туришга уринсам-да¸ 'Financial Times' иқтисодчиси Мартин Вулфнинг “Германияда иқтисод ахлоқ фалсафасининг бир бўлагидир”¸ деган гапини эслатмоқчиман. Улар қарзга ботганларни гуноҳкор сифатида кўришади ва гуноҳкор ўз айбини азоб орқали ювиши кераклигига ишонишади. Аммо иқтисод бошқа қонунларга бўйсунади ва уларнинг буни қабул қилиши жуда оғир.

Озодлик: Агар евроҳудуд тарқаб кетса¸ бундан доллар кўтарилиб кетадими? Ëки вазият бундан кўра мураккаброқми?

Кругман: Бу анча мураккаб. Қизиғи¸ доллар нимага нисбатан кўтарилади¸ деган саволдир. Агар евро йўқ бўлса¸ ëки кўлами кичрайиб кетса¸ қоладигани немис маркаси бўлади. Бунинг жуда кучли валюта бўлиши турган гап. Ҳатто ҳозир ҳам кўпчилик евронинг шу ҳолида ҳам кучли бўлиб қолаëтганидан ажабланмоқда. Бунинг сабаби¸ Европанинг қолган давлатларидан фарқли¸ Германиянинг сармоя учун бехатар давлат бўлиб қолаëтганидадир. Шу боис¸ эртага евро йўқолса¸ доллар кучаядими¸ деган савол жавобини мен билмайман. Аниқ нарса¸ бунинг жуда содда жараëн эмаслиги¸ холос.

Озодлик: Евроҳудуд ташқарисидаги сармоядорлар ҳозирги вазиятда ўз пулларини қаерга қўйишлари керак? Улар қўлларидаги евродан қутулишлари керакми?

Кругман: Мен сармоя масаласида маслаҳат беришга ҳаракат ҳам қилмайман. Менимча¸ ҳозирча ўз миллий валютасига эга ҳар қандай иқтисоди ривожланган давлат сармоя учун бехатар. Бу АҚШ¸ Британия¸ Швеция ва қанчалик парадоксал бўлмасин¸ Германиядир. Зотан евро бу асос моҳияти билан Германия миллий валютаси каби иш тутмоқда. Шу боис¸ инвестиция учун бехавотир жойлар жуда кўп.
XS
SM
MD
LG