Линклар

Машинангизнинг “шапка”си қанча бўлган?


Cehvrolet Spark ўзбекистонликлар орасида энг ҳаридоргир машина экани айтилади.

Cehvrolet Spark ўзбекистонликлар орасида энг ҳаридоргир машина экани айтилади.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган GM автомобилларининг ички бозор учун белгиланган нархлари кескин қимматлади. 12 май куни инвентеризация учун ёпилган автосалонлар 17 майдан бошлаб Chevrolet русумидаги автомобилларни 12 фоиздан 29 фоизгача қимматроқ нархларда сота бошлади.

"Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик компанияси “GM Uzbekistan” қўшма корхонаси ишлаб чиқарадиган автомобиллар нархлари 12 майдан бошлаб ошганини эълон қилди.

Ички бозорда шундоқ ҳам, экспорт нархларидан кўра, қимматроқ сотиб келинган, боз устига, халқ тилида “шапка” деб аталадиган пораси бор машиналар энди ўзбекистонликлар учун 12 фоиздан 29 фоизгача қимматлади.

Ўзбекистонлик машина орзумандлари нархларнинг ошиш поранинг қимматлашишига ҳам сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотирда. "Шапкасини бермасанг, йиллаб навбат кутишга тўғри келади", деди Ҳафта саволи рукни суҳбатдошларидан бири.

Лекин суҳбатдошларимиз орасида омади чопиб, ўзбек автомобилини салондан ўз нархига олганлар ҳам чиқдики, қарийб 30 фоизга қимматлаган машинанинг "шапка"си ёчилармикин, деган умидлар ҳам йўқ эмас.

Ўзбеклар бундан кейин ҳам машинанинг қимматлашган нархи устига пора беришга тайёрми, деган хаёлда, Ҳафта саволи рукнининг бугунги сонида "Машинангизнинг “шапка”си қанча бўлган?” деган саволни қўйдик.


Абдуқодир, Тошкент, мухандис:

- Автосалондан машина олганман. 2007 йилда Матиз, 2010 йилда оқ Ласетти олганман. Устига бир сўм пул бермаганман. Салонга бориб пул тўлаб олиб чиқиб кетганман. Сўмда тўлаганман. Салонга борганман, суммасини кўрганман, ўшани тўлаганман. 12 кунда олиб чиқиб кетганман. Менга “Пул тўланг. Хоҳласангиз, мана бу ранг бор” деган. Лимонний рангни айтган. “Йўқ, менга унақа керак эмас. Мен оқ ранг оламан” деганман. Кейин “телефон қиламиз” деган. 12 кун ичида телефон қилишган. Бориб олиб кетганман. 2010 йилдаги Ласетти эди. Пулини тўлаб, эртаси куни олиб чиқиб кетганман. Очередга ҳам турилмаган. 39 миллион тўлаганман. Устига “шапка” берилмаган. Салон билан шартнома тузганда 85 фоиз пулини тўлаганман. Келганидан кейин 15 фоиз пулини тўлаб олиб чиқиб кетганман. Муаммо бўлмаган.

Малоҳат, Тошкент вилояти, ўқитувчи:

- Турмуш ўртоғим биринчи Нексияни олган вақтлари эсимда. 1996 йил декабрда олинганди. 9,700 долларга олинган. Ўша биринчи олганларида заводдан қанақадир гаплашиб бир нарса қилиб олган эдилар. Ўша ëқда танишларими, ўртоқларими ëрдам бериб олишган. Вообше проблема эди олиш. Иккинчи марта олган вақтимизда бемалолчилик эди. Ўшанда ҳам Андижондан олиб келганлар. Ҳозир шапкаси бор дейишади. Мана кечагина менинг битта курсдошим олган экан. Янги салафанида оламан деб очередда турган биттасини топишибдида, “шапка”сига 1,500 доллар бериб, очередда турган одамга беришганда, кейин Ласетти олишган. 18,500 долларга олган. Ҳозир ёнимда турганлар менга салоннинг шапкаси 3000-4000 доллар экан деб подсказка қилишяпти. Ўзим аниғини билмиман.

Сарвар, Қўқон, ҳайдовчи:

- 27 йилдан бери машина ҳайдайман. Машинамни салондан сотиб олмаганман. Яқин орада олганлар бор. “Шапка” бермаган. Шундай тўловини тўлаб олдида. Йўқ, “шапка” қаерда ҳозир. Пулни шундай салонга тўлайсиз, без “шапка” беради. 85 фоиз тўлайсиз. Кейин навбатингиз келганда қолганини тўлайсиз. Шу билан машинангизни олиб чиқиб кетаверасиз. Бу тартибга бир йил бўлиб қолди.

Жуманиëз ака, Хоразм, пенсионер:

- 1996 йилда дўкондан машина олганман. 730 минг сўмга олганман. У пайтда “шапка” 1000 сўм бўлган. 1000 сўм у пайтда катта пул эдику. Оқ ранг бўлсин деб 1000 сўм берганман. Ҳозир ҳам берилади. Қанақа машина олишингизга қарабда. Мана қўшним олди. 2000 доллар бериб очередсиз Ласетти олди. Очеред катта. 200-300 одамдан кейин оламан десангиз, навбат кутасиз. Устига пулини бермасангиз, кутаверасиз. Пул тўлаб кейин устига бермасангиз, бугун, эртага қилиб юраверасиз. Устига бергандан кейин очеред ҳам тезлашади. Ҳозир Урганч шаҳрида Нексияга очеред 2000-3000 одам бўлиб кетган. Урганч шаҳри бўлсин, Хазорасп бўлсин, бошқа ер бўлсин, ҳаммаси Урганчдан олади машинани. Нексия оламан десангиз, 2000 доллар берасиз. Бу стандарт.

Оқилжон, Жиззах, фермер:

- Ҳозир машинам йўқ, правам бор. СССР пайти машинам бор эди. Бизда жуда кўпчилик янги машина сотиб олиб келди. Уч кунми, тўрт кунми бўлди Каптива олиб келди қўшнимиз. Салондан олиб келди. Энди ҳозир бизнинг Ўзбекистонда, тўғрисини айтиш керак, ҳукуматимиз шапка дейди, пора дейди, мана шунақа нарсага қарши аëвсиз курашаяптию. Энди кўплари қўрқиб ҳам қолди. Чунки пора билан тушган одамни аямаяптида ҳукумат. Кейин чиқиб келиши ҳам қийин бўлаяпти. Шунинг учун анча пасайиб қолди. Ҳозир яхши бўлиб қолди. 100 фоиз йўқ бўлмадию лекин илгаригидай эмасда. Олдинроқ бориб шартнома тузиб оляпти. Шапка бердик деганини ҳеч эшитмадимда. Мен ҳам шуларнинг орасида кўп юраман. Ҳақиқатан ҳукумат уларни жуда қаттиқ жазолади. Телевизорда ҳам кўрсатди. Порахўрлар уюлиб қолган экан тепада. Лекин улар қаттиқ жазо олдида. Ўшандан кейин йўқолган бўлса керак.

Босит, тошкентлик тадбиркор:

- Укам Нексия олган эди. Икки йил бўлди. Ўшанда нархи тахминан 21 миллион сўм бўлганди. Кейин нархлар яна икки марта ошдику. Энди у пайтда 300 доллар “шапка” берган. Таниш орқали олган эди. Бир ойда тўғирлаб берди. Қаршидан олиб берган. Қайси вилоятда осон бўлса, ўша вилоятдан олиб берар экан. Пулни ўша ерга жўнатган, яъни, Қаршига олиб бориб тўлаган. Бошқа тафсилоти эсимда йўқ. Апрелдан машина нархлари яна ўттиз фоизга ошди.


Муҳтарам тингловчи, Сиз ҳам "Ҳафта саволи"га жавоб ёзмоқчи ёки шу мавзуда маълумот бермоқчи бўлсангиз "Шарҳлар" тугмачасини босиб, фикр-мулохазаларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG