Линклар

logo-print

Ўзгариш бор, лекин ёмон томонга


Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати халқаро ташкилотлар диққат марказида қолаётган мавзудир.

Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати халқаро ташкилотлар диққат марказида қолаётган мавзудир.

"Ўзбекистон пахта секторида болалар меҳнатидан фойдаланиш бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилишининг энг ёмон кўринишларидан биридир." Франциянинг Гренобл шаҳрида жойлашган Менежмент мактаби ҳам Ўзбекистонда болалар меҳнати муаммосига эътибор қаратди. Гренобл Менежмент мактаби 21 май куни “Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати: ўзгариш бор, лекин ёмон томонга” номли ҳисобот эълон қилди. Илмий марказ инсон ҳуқуқлари фаоллари билан ҳамкорликда Ўзбекистон вилоятларида тадқиқот ўтказиб, вазият аянчлилигича қолаётгани тўғрисидаги хулосага келди.

Гренобл Менежмент мактаби Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати муаммосига эътибор қаратиши бу муаммонинг Ўзбекистонгагина хос экани билан шартланган. Мазкур илмий марказ раҳбари ва ҳисобот муаллифи Жан-Марк Ҳиссо Ўзбекистонда бир неча марта бўлиб, муаммони яқиндан ўрганган мутахассисдир.

Гренобл менежмент мактаби ўтказган тадқиқот натижалари ҳам Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати муаммоси билан шуғулланувчи бошқа ташкилотлар хулосаларидан фарқ қилмади: Ўзбекистонда йилига 2 миллиондан 3 миллионгача бола пахта далаларига ҳайдалиб, арзон меҳнат кучи сифатида фойдаланилади.

36 саҳифалик ҳисобот “Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати: ўзгариш бор, лекин ёмон томонга”, дея номланди. Ҳисоботни тайёрлашда ҳамкорлик қилган Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзованинг айтишича, ҳукуматнинг гўё муаммони ҳал этиш учун кўраётган чоралари самарасиздир.

- Ҳозирча, Ўзбекистон ҳукумати фақатгина бир қатор қонунларни қабул қилди, лекин амалда ҳеч қанақа ўзгаришлар йўқ. Мажбуриятларни бажармади ва бажармоқчи ҳам эмас. Бу йил бу нарса жуда яққол билинди. Чунки кузатишлар бўйича 10 йилнинг ичида биринчи марта Тошкент шаҳридаги университетлар студентлари, коллеж студентлари олиб кетилди. Яъни яхши томонга ўзгаришлар бўлгани йўқ.

Гренобл Менежмент мактаби хулосаларига кўра, “ўзбек болалари пахта далаларида меҳнатга мажбурланиши Ўзбекистон томонидан йўлга қўйилган мажбурий меҳнат тизимининг бир қисмидир”. Ана шу жиҳати билан Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати дунёнинг бошқа давлатларига хос бўлмаган уникал муаммодир.

- Ўзбекистондаги вазият мутлақо уникалдир. Дунёнинг бошқа давлатларида бунақа вазият йўқ. Бошқа давлатларда ҳам болалар меҳнати жуда кўп, масалан, Покистон ëки Ҳиндистонда. Лекин Ўзбекистондагидай давлат сиëсатига чиқарилган мажбурий меҳнат ҳеч қаерда йўқ. Бутун республика бўйича ëппасига мактаблар, коллежлар ëпилиб, болаларни пахта ишларига жалб қилишда давлат сиëсати мавжуд, дейди Умида Ниёзова.

Гренобл Менежмент мактаби ўзбек болаларнинг нафақат меҳнатга мажбурланиши, балки уларнинг қийин шароитда тер тўкиши: кўп ҳолларда меҳнатига яраша иш ҳақи, озиқ-овқат, ичимлик суви, транспорт билан таъминланмаганига эътибор қаратади.

Тадқиқот 2010 йилги пахта йиғим-терим мавсуми пайтида, Ўзбекистоннинг Тошкент, Сирдарё, Фарғона, Жиззах Қашқадарё, Хоразм ва Андижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган.

Ўзбекистонда болалар меҳнатга мажбурланиши Гулнора Каримованинг модалар шоусидан четлатилишига сабаб бўлди.

Ўзбекистонда болалар меҳнатга мажбурланиши Гулнора Каримованинг модалар шоусидан четлатилишига сабаб бўлди.

Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати халқаро ташкилотлар диққат марказида қолаётган мавзудир.

Ўтган йили Ўзбекистон ҳукумати пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланаётганига норозилик ўлароқ дунёнинг 60 дан ортиқ етакчи кийим-кечак ширкати, жумладан H&M, Burberry, Levi, Adidas, Puma каби брендлар ўзбек пахтасига бойкот эълон қилди.

Сентябр ойида эса Нью Йоркдаги нуфузли мода ҳафталиги ташкилотчилари президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи ва дизайнер Гулнора Каримованинг мазкур тадбир доирасида режалаштирилган либослар томошасини бекор қилди. Бунга фаолларнинг Ўзбекистондаги болалар меҳнати ва инсон ҳуқуқларининг бузилишига қарши Нью Йоркда ўтказган намойишлари сабаб бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG