Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:34

Россияда янги ҳукумат таркиби эълон қилинди


Россия президенти Владимир Путин (ўнгда) ва Бош вазир Дмитрий Медведов.
Россия президенти Владимир Путин (ўнгда) ва Бош вазир Дмитрий Медведов.

21 май куни Россия Президенти Владимир Путин янги ҳукумат тизими ва таркибига оид фармонни имзолади.

Россия Президенти Владимир Путин кўпчилиги ўзининг иттифоқчиларидан иборат бўлган янги ҳукумат таркибини тасдиқлади.

- Барча фармонлар имзоланди. Келишилганидек барча номзодлар ўрганилди, деди президент Путин.

Бош вазир Дмитрий Медведовга кўра, ҳукумат таркибида янги шахслар кўп бўлиб, уларнинг айримлари аввал мутлақо ҳукумат тизимида ишламаган.

Путин фармонига кўра, Рашид Нургалиев Ички ишлар вазири лавозимидан олинди. 2003 йилдан буён бу лавозимни эгаллаб келган Нургалиев Россия полицияси билан боғлиқ мажоролардан сўнг танқидга учраган эди. Нургалиев ўрнига Москва Ички ишлар бошқармаси собиқ бошлиғи Владимир Колоколцов тайинланди.

Сергей Лавров Ташқи ишлар вазири, Анотолий Сердюков Мудофаа вазири, Антон Силуанов Молия вазири, Александр Коновалов Адлия вазири ва Виталий Мутко Спорт вазири лавозимида қолдирилди.

Янги ҳукумат таркиби эълон қилинишига бағишланган йиғилишда сўзлаган президент Путин ҳукумат аъзолари Россия тараққиёти дастурини амалга оширишлари лозимлигини таъкидлади.

- Бугунги кунда жаҳон иқтисоди мавҳум вазиятда. Жуда кўплаб ноаниқ факторлар мавжуд. Сизлар шундай вазиятда Россия тараққиёти дастурини амалга оширишингизга тўғри келади, деди президент Путин.

Янги фармонга кўра, Бош вазир ўринбосарлари сони олдингидай етти нафар қилиб белгиланди.

Игор Шувалов Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Ўз навбатида Шувалов Россия иқтисодий сиёсатига маъсул бўлади.

Путиннинг яқин ҳамфикрларидан бири саналган Игор Сечин Бош вазир ўринбосари лавозимидан олиниб, унинг ўрнига Аркадий Дворкович тайинланди.

Ҳукуматдаги янги шахслардан бири бўлган Дворкович энергетика соҳасига ҳам маъсул бўлади.

Сергей Шматко Энергетика вазирлигидан олиниб, унинг ўрнига Молия вазирининг собиқ ўринбосари Александр Новак тайинланди.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирлиги иккига ажратилиб, Вероника Скворцова Соғлиқни сақлаш вазири, Максим Топилин Ижтимоий ривожлантириш вазири бўлди.

Николай Никифоров Алоқа вазири, Максим Соколов Транспорт вазири, Денис Мантуров Саноат ва савдо вазири, Андрей Фурсенко Таълим вазири, Владимир Мединский Маданият вазири этиб тайинланди.

Бош вазир Медведов янги ҳукумат таркиби сайловлардан қониқмаган сайловчиларнинг эътирозларини ҳам инобатга олган ҳолда тузилишини ваъда қилган эди.

Медведов янги кабинет таркиби бўйича ўз таклифларини Владимир Путинга 15 май куни берган, шундан сўнг президент Путин номзодлар билан ўзаро сўзлашувлар олиб борди.

Айни шу боис Путин ўрнига АҚШда ўтган “Катта саккизлик” саммитига Дмитрий Медведов кетди.

Путин 7 майдан ўзининг учинчи президентлик муддатини бошлади.

Жорий йилнинг 4 март куни ўтказилган президентлик сайлови натижаларига кўра, сайловчиларнинг 63 фоизи қўллаган Путин биринчи босқичдаёқ ғалаба қозонди.

46 ёшли Дмитрий Медведев ўрнини эгаллаган 60 ёшли Владимир Путин, 2008 йил декабрида Россия конституциясига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, бу гал тўрт йил эмас, балки олти йил президентлик қилади.

Сайлов натижаларидан қониқмаган мухолифатчилар бир неча бор оммавий намойишлар ўтказди.
XS
SM
MD
LG