Линклар

Шўрчида Византиянинг олтин тангаси топилди


Ўзбекистон ҳудудидан Византия империясига доир танга биринчи марта топилди.

Ўзбекистон ҳудудидан Византия империясига доир танга биринчи марта топилди.

Сурxондарëнинг Шўрчи тумани Толли маҳалласида фермерлик қиладиган Назарматовлар ҳовлисидан қадимий олтин танга топилди.

Расмий матбуотга кўра, Византия императори зарб қилган олтин тангани топган фермер тангани дарҳол Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги тарих музейига топширган.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Ўзбекистон Фанлар академияси мутаxассиси Ўткир Исломовга кўра, Толли маҳалласида олтин танга билан бирга ўлганларнинг суяклари сақланадиган қадимий сопол кўза ҳам топилган.

Исломгача бўлган даврда хозирги Сурхондарë ҳудудида ўлганларнинг суякларини махсус оғзи ëпиқ кўзаларда сақлаш удум бўлган.

Ўзбекистон Фанлар академияси тарих институти мутахассислари шўрчилик фермернинг қадимий тангани музейга топширганидан хурсанд.

Мутахассисларга кўра, танганинг металл сифатидаги қийматидан унинг тарихий қиймати юз чандон баланд.

Император Анастасус тангаси


Ўзбекистон Тарих музейида сақланаëтган олтин танганинг бир томонига тож кийган императорнинг юксакликка боқиб турган қиëфаси зарб қилинган.

Бу тангани ўз кўзи билан кўрган тошкентлик нумизмат Фатхилла Шокирбековга кўра, император қиëфаси атрофида айлана бўйлаб "Dominus Noster Anastasius Pater Patriae" сўзлари ëзилган.

Ўзбекистон Тарих музейи бош хазинабони Алфия Мусакаеванинг расмий матбуотга билдиришича, Византияга оид олтин танга Ўзбекистон ҳудудида илк мартаба топилган.

Византия тангасининг Шўрчига сафари


Византияда зарб қилинган танганинг Сурхондарëдан топилиши турли тахминларга сабаб бўлди.

Тарихчи олим, Кушон даври ҳақидаги тадқиқот билан шуғулланаëтган Гога Ҳидоятовга кўра, бу танга Сосонийлар ëки Византия ҳукмдорлари тазйиқидан қочиб келган насронийлар ҳамëнида келган бўлиш эҳтимоли баланд.

Нумизмат Фатхилла Шокирбековга кўра, бу олтин танга Византия ҳукмдорларининг Форс шоҳига қилган ҳадялари ичида бўлган¸ деб айтишга далиллар бор.

Бу танганинг қандай қилиб Шўрчига келиб қолгани ҳақида учинчи версияни билдирган сурходарёлик тарих ўқитувчи Расулбек Панжиев, бу олтин танга юнонлардан бож тарзида олиниб форс аскарларига ойлик қилиб берилган, дея тахмин қилади.

Олтин девор


Олтин васвасаси ўзбек комедия жанрининг гултожи ҳисобланган “Олтин девор” спектаклида ўз аксини топган. Комедия қаҳрамонлари бир ҳум олтин билан бирга бошларига дард ҳам топадилар.

Совет давридаги комедияда акс этган қиссадан чиққан ҳисса бундай: Олтин топдингми қўшқўллаб ҳукуматга топшир.

Мақолани ëзиш асносида олтин танга топилган Шўрчи туманидаги оддий одамларга қўнғироқ қилдик.

- Олтин танга топган одам топилдиқни давлатга ўз ихтиëри билан топширганига ишонмайман. Ўзи кичкина олтин танга экан. Ҳозир ҳар қандай заргарга борсангиз грамига хисоблаб пулини нақд беради, дейди шўрчилик деҳқон Пардавой ака.

Сурхондарëнинг Далварзинтепасига (Сурхондарёдаги ноёб археологик маскан-таҳр.) яқин жойда турадиган Пардавой ака мабода бахти очилиб олтин топса, сотиб уйини шифер билан ёпиш орзусида.

Сурхондарëнинг Жарқўрғон минораси тагида турадиган Дониëр олтинни дарров ҳукуматга бериш керак деган фикрда.

- Бизга 25 фоизи тегаркан. Шу етади. Олтин дегани бошга бало бўлади. Оч қорним тинч қулоғим, дейди эрамизнинг биринчи асрида Кушон маданиятига саҳна бўлган далада экин экиб тирикчилигини қилаëтган Дониëр.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG