Линклар

Бокуда мухолифат намойиши тарқатиб юборилди


Боку полициячилари намойишчиларни ушлаб кетмоқда, 2012 йил 21 майи.

Боку полициячилари намойишчиларни ушлаб кетмоқда, 2012 йил 21 майи.

Кеча Озарбайжон пойтахтида мухолифатнинг рухсат этилмаган намойиши полиция томонидан тарқатиб юборилди.

Душанба куни мухолифатнинг “Жамоатчилик палатаси” Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан виждон тутқунлари ўлароқ эътироф этилган 12 фаолни қамоқдан озод қилиш ва йиғилиш эркинлигини таъминлаш талаби билан норозилик намойиши уюштиришга уринганди.

Тадбир ташкилотчилари шу тариқа Бокуда бугун бошлажак “Евровидение” танловига келган кўп сонли чет эллик меҳмонлар эътиборини Озарбайжондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларга қаратмоқчи бўлган.

Маълумотларга кўра, кеча Бокудаги Фавворалар майдонига йиғилган 200 чоғли киши “Демократия!”, “Эркинлик!”, “Истеъфога!” деган ҳайқириқлар билан шаҳар мэрияси томон йўл олган. Улар Боку мэрияси олдида пикет ўтказишни мўлжаллагандилар, бироқ Собир хиёбони яқинида намойишчиларни полиция вакиллари тўхтатган.
Шундан сўнг полициячилар тадбир иштирокчиларини қўлга олиб, машиналарга тиқа бошлаганлар. Айтилишича, хиёбон яқинида ўнлаб намойишчи ушланган. Боку полицияси намойишнинг тарқатилишини мазкур тадбир шаҳар расмийларининг рухсатисиз ўтказилгани билан изоҳламоқда.
XS
SM
MD
LG