Линклар

“Ўзбекистон овози” газетаси хабар беришича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ишчи гуруҳи Бухоро ва Когон шаҳарлари, Қоракўл, Олот, Жондор ва Вобкент туманларида сифатли йодланган ош тузи таъминотини ўрганиб, бу борадаги аҳволни қониқарсиз, деб баҳолаган.

Ўзбекистонда йод танқислигига қарши курашни кучайтириш мақсадида 2007 йилда “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.

Парламент хулосасига кўра, Бухоро вилоятида мазкур қонун ижросида маҳаллий ҳокимият сусткашликка йўл қўймоқда, йодланган туз сифати ва хавфсизлиги, истеъмолчига етказилиши устидан давлат назорати ўрнатилмаган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ўтказган тиббий кўрикда мактаб ўқувчилари орасида йод танқислиги билан боғлиқ касалликлар қайд этилган.

Олий Мажлис депутати, тиббиёт фанлари доктори Зуҳра Ботирова ҳам бир неча йил олдин ушбу муаммога бағишланган семинарда Бухоро вилоятидаги 10 дан зиёд озиқ-овқат дўконида бўлиб, бирортасидан йодланган ош тузи тополмаганини айтганди.

Кўпга келган тўй


Бухоро вилоятида бўлгани каби мамлакатнинг бошқа ҳудудларида, хусусан, бир неча миллион аҳолини бағрига олган Фарғона водийсида йодланган ош тузи таъминоти ўлда-жўлда экани кўпдан бери айтиб келинади.

Ўзбекистон йод тақчиллиги юқори давлатлар сирасига киради. Турли ҳисоб-китобларга кўра, аҳолисининг учдан бир қисми йод танқислиги билан боғлиқ касалликлардан азият чекмоқда. Мутахассисларга кўра, уларнинг аксарияти аёллар ва вояга етмаган болалардир.

Бу борада хавотирлар кучайиши ортида 1990-йиллар охирида БМТ Болалар жамғармаси ва Осиё тараққиёт банки кўмаги билан Ўзбекистонда ош тузини йодлаш кампанияси бошланган. Сотувга чиқарилаётган ош тузи йодланиши ҳақида қонуний мажбурият жорий этилган.

Мутасадди ташкилотлар ҳар йили республика бўйлаб йодланган туз ишлаб чиқарувчи янги корхоналар ишга туширилаётгани, сифатсиз маҳсулот мусодара этилаётгани ҳақида ахборот беради. Аммо кузатувчилар мазкур муаммо, расмийлар иддао қилаётганидек, юқори суръатда ечилаётганини шубҳа остига оладилар.

“Қўлбола тузлар болалаб кетган”


Республика эндокринология илмий текшириш институтининг ўзини танитишни истамаган ходими озгина қиммат бўлса-да, йодланган сифатли туз истеъмол қилиш зарурлигини таъкидлайди.

– Айрим одамларимиз “арзонроқ” деб, йодланмаган туз сотиб олишади. Лекин 100-200 сўмни деб, кейин миллионлаб харажатга тушишлари, ўзлари ва болалари саломатлигини хавф остига қўйишларини ўйлашмайди, – дейди Республика эндокринология илмий текшириш институти ходими.

Истеъмолчилар эса “йодланган” тамғали тузларга ҳам ишонч йўқлигидан шикоят қиладилар.

– Ҳозир нима кўп, уддабурон тадбиркор кўп! Қўлбола тузлар болалаб кетган. Маҳалла дўконидан туз сотиб олдим. Бу, мана шу уч-тўрт куннинг нари-берисидаги гап. “Йодланган” деган ёзуви бор. Лекин, ишонсангиз, худди тупроқдек уқаланиб кетди. Дўкон сотувчисига чиқсам, “Нима қилай, мен ҳам частний фирмадан сотиб олганман” дейди елка қисиб. Тошкентда шунчалик бўлганидан кейин вилоятлардаги аҳволни тасаввур қилаверинг! – дейди тошкентлик истеъмолчи Икром Отажонов.

Эндокринология илмий текшириш институтининг ўзини танитишни истамаган ходими корхоналар тузни йод билан тўйинтириш учун қўшимча сарф-харажат қилгиси келмаслигини айтади.

– Тузни йод билан бойитишда йодат калий деган реактив қўлланилади. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди. Йодлаш кампанияси бошланганда йодат калий ЮНИСЕФ маблағи билан Чилидан олиб келинганди. Ҳозир энди бу масалада биров ёрдам бермайди. Бу реактивни четдан олиб келиш яхшигина пул талаб қилади. Қўшимча харажатдан қочган корхоналар кўпинча йодланмаган тузни “йодланган” деб сотаверади, – дейди Эндокринология илмий текшириш институти ходими.

Мутахассисларга кўра, вазиятни яхшилаш учун аҳолини сифатли йодланган ош тузи билан тўла таъминлаш, ушбу касалликка қарши дори воситаларининг тақсимланиши устидан назоратни кучайтириш, касалликка чалинган беморларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш лозим.

Миллат тафаккурига таҳдид


Йод етишмаслиги миллатнинг ақлий ривожланиш даражасига таҳдид солувчи офатлардан бири сифатида кўрилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти йод унсури танқис мамлакатлар аҳолисининг заковат кўрсаткичи бошқа жойларга нисбатан 10-15 фоиз паст, деган хулосага келган.

Тиббиётчиларга кўра, йод танқислиги болаларнинг ақлий ва жисмоний ривожланишини чеклайди, сурункали ва хавфли касалликларга мойилликни оширади, иммунитетни пасайтиради.

Бўқоқ йод танқислигининг энг кенг тарқалган асорати, деб баҳоланади. Ижтимоий офат болаларда телбаликни юзага келтириши ҳам мумкин.

Маълумотларига кўра, Ер куррасидаги 1,5 миллиарддан ошиқ одам йод танқислигини ўз танасида сезмоқда.
XS
SM
MD
LG