Линклар

"Ўш шаҳар милицияси бошлиғи Суюн Ўмурзаков ўшлик ўзбеклар ҳуқуқларини бузаётган милиция ходимларини жазолашни ваъда қилди", деди ҳуқуқ фаоли Иззатулло Рахматуллаев.

"Ўғлингни тўйи куни қамаймиз"

Ўш шаҳрининг Турон мавзесида яшовчи Муфаззалхон Жўраеванинг айтишича, 2010 йил июн воқеасидан сўнг милиция ходимлари унинг турмуш ўртоғи ва ўғилларини ноқонуний тарзда таъқиб қила бошлаган. Унинг айтишича дастлаб милиция ходимлари унинг оиласидан “10 минг доллар пул ёки “Портер” русумидаги машинасини беришни талаб қилишган”.

Муфаззалхон Жўраева шундан сўнг эри ва ўғиллари Россияга кетишга мажбур бўлганини айтди. Куни кеча унинг турмуш ўртоғи Россиядан қайтиб келган. Бундан хабар топган милиция ходимлари Жўраевлар хонадонига келиб, яна пул талаб қилишган.

- Эрим Россиядан келган эди. Мелисалар яна пул талаб қилиб келишибди, қўрқитиб.

Озодлик: Уларнинг кимлигини биласизми?

- Таалай деган участковой ва яна бир-иккита ёш йигитлар. Улар осмондан келишаяпти. “ Сени боланг яқинда келар экан Россиядан, тўй қилар экансан. Болаларингни тўй куни уйдан олиб чиқиб кетиб қамаймиз”, дейишди, -дейди Муфаззалхон Жўраева.


"Эрим Ўшга қайтишга ҳали ҳам қўрқаяпти"

Ўшнинг Турон мавзесида яшовчи Саодатхон Турсунова ҳам турмуш ўртоғи милициянинг ноқонуний таъқибидан қочиб Россияга кетишга мажбур бўлганини, шу кунгача Ўшга қайтишга қўрқаётганлигини айтди:

- Шу Россияга кетганича эрим ҳозир ҳам қайтгани йўқ. Қайтиб келса мелисалар яна пул талаб қилиб келишади. Ўзимиз аранг тирикчилик ўтказаяпмиз, мелисага берадиган пулимиз йўқ. Шунинг учун “Ўша ёқларда юраверинг”, деб айтаяпман,- деди Саодатхон Турсунова.


"Милициянинг ноқонуний ҳаракатлари 2010 йилга нисбатан кескин камайди"ми?

Ўш шаҳрининг Турон мавзесида яшовчи бир гуруҳ аёллар мана шундай арзлар билан Ўш милицияси раҳбари Суюн Ўмурзаковга мурожаат қилишган. Учрашувда қатнашган ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатулло Рахматуллаевнинг айтишича, Суюн Ўмурзаков туронлик олти аёлни қабул қилиб, ноқонуний ҳаракатларни содир этган милиция ходимларини жазолашга ваъда берган.

- Мен арзланиб келган опаларни милиция раҳбари олдига олиб кирдим. Суюн Умрзаков воқеа тафсилотларини суриштиргач, хонасига биринчи ва иккинчи ўринбосарларини чақиртирди. Милиция раҳбари туронликлардан пул таъма қилган милиция ходимига нисбатан жиноят иши очишга ваъда берди. Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси раҳбарининг биринчи ўринбосарининг айтишича, бугунги кунда Турон мавзесидан фақат уч киши қидирувга берилган экан. Шунинг учун милиция ходими Туронда ўзбилармонлик билан иш қилгани айтилди. “Ҳозир 2010 йил эмас. Қайси ходим бўлишидан қатъий назар қонунни бузса, албатта, жазоланади” деган гаплар айтилди, -деди Иззатулло Рахматуллаев.

Ўзини Ўш шаҳар милицияси раҳбарининг ёрдамчиси деб таништирган шахс Озодлик мухбири билан телефон суҳбатида бу каби учрашувлар аҳоли билан тез - тез ўтказилиб турилаётганини, бунинг оқибатида милиция ходимлари орасида ноқонуний ҳаракатлар содир этиш 2010-2011 йилга нисбатан кескин озайганлигини билдирди.

- Милиция ходимларининг ноқонуний ҳаракатлар қилгани аниқланиб қолса, уларга нисбатан ўта кескин чоралар қўлланилаяпти, - деди ўз исмини айтишни истамаган милиция ходими.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG