Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:04

Ўзбеклар ўтган йили Россиядан 5 миллиард доллар жўнатди


Россия Марказий банки маълумотига кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари 2011 йилда ўз ватанларига 4,909 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул жўнатган.

Ўтган йили Россиядан МДҲ мамлакатларига қарийб 17 миллиард АҚШ доллари жўнатилган.

Россия Марказий банки очиқлаган маълумотга кўра, ўзбеклар Россиядан уйиларига пул жўнатиш бўйича биринчиликни сақлаб қолган.

Ўтган йили Россиядан Ўзбекистонга жўнатилган пул жўнатмалари миқдори қарийб 5 миллиард АҚШ долларни ташкил қилди, дея хабар қилди Россия Марказий банки 21 май куни.

Тожик муҳожирлари иккинчи ўринда бўлиб, улар 2,75 миллиард доллар жўнатган.

Учинчи ўринни эгаллаган қирғиз муҳожирларининг Қирғизистонга жўнатган маблағи 1,4 миллиард долларни ташкил этди.

Шунингдек, 2011 йилда Россиядан Қозоғистонга 290 миллион доллар, Туркманистонга эса 22 миллион доллар жўнатилган.

Россия Марказий банки бу рақамларни Western Union, MoneyGram, UNIStream, Contact, InterExpress, Migom ва "Почта России" сингари йигирмага яқин муассасалардан олинган ҳисоб-китобларга таянган ҳолда эълон қилди.

Лекин аслида Россиядан Ўзбекистонга жўнатилаётган пул миқдори Россия Марказий банки ҳисоб-китобидан анча кўпроқ бўлиши мумкин.

Чунки ўзбекистонлик мардикорлар ўзаро “Eastern Union" деб атайдиган восита яъни таниш-билишлар орқали уйларига пул юбориш ҳам кенг тарқалган.

Расмий Тошкент одатда хориждан жўнатилган пул миқдорини очиқламайди.

Россияда меҳнат қилаётган ўзбек муҳожирларининг Ўзбекистонга жўнатаётган пул миқдори йилдан йилга ошиб бормоқда.

2010 йилда Россиядан Ўзбекистонга 2 миллард доллардан сал кўпроқ пул жўнатилган эди.

Халқаро молиявий ташкилотлар ҳисоб-китобларига кўра, меҳнат муҳожирлари четдан юбораётган маблағ Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизини ташкил этади.

Хориждан Ўзбекистонга юборилаётган пул жўнатмаларининг асосий қисми Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳиссасига тўғри келади.

Лекин ҳозирги кунда Жанубий Корея, Европа давлатлари, АҚШ, МДҲнинг бошқа мамлакатларидаги меҳнат муҳожирларидан ҳам ҳар йили Ўзбекистонга миллиардлаб доллар пул жўнатмалари ўтказилиши айтилади.

Бироқ айни пайтда бу борада аниқ рақамлар мавжуд эмас.

Ўзбекистонга жўнатилаётган пуллар ҳажмининг ортиши Россияда ўзбекистонлик меҳнат мухожирларининг кўпайгани билан изоҳланади.

Россия расмий маълумотларига кўра, ҳозирда Россия Федерациясида жами 10 миллионга яқин меҳнат муҳожири бор. Бунинг 3 ярим миллионга яқини ўзбекистонлик меҳнат мухожирлари экани айтилади. Баъзи норасмий манбалар эса бу рақам икки баравар кўпроқ деб тахмин қилади.

Мустақил таҳлилчилар фикрича, айнан меҳнат муҳожирлари оилаларига юбораётган пул жўнатмалари Ўзбекистон иқтисодини дефолтдан қутқармоқда ва жамиятдаги тарангликни юмшатувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG